Жамият | 21:09 / 22.02.2019
20786
5 дақиқада ўқилади

«Талабага конспект керакми?». ТДЮУ сиёсатига назар

Олий таълим муассасасида таҳсил олаётган айрим талабаларни конспект нега кераклиги, бу ёки у фанни нега ўрганиш кераклиги, ташқи кўриниш нега таълим жараёнига таъсир қилиши ҳақидаги саволлар қийнайди.

ОТМ раҳбарияти бундай вазиятда кўп такрорланган важларни келтиради: булар дарсни яхши ўзлаштириш ва билимларни мустаҳкамлаш, тартиб-интизом учун жорий этилган.

Аммо Тошкент давлат юридик университетида таълим муҳити, раҳбариятнинг талабалар сўровига муносабати бошқача. Қуйида ТДЮУ тажрибасидан ўрганиш мумкин бўлган ҳолатларни келтириб ўтмоқчиман.

«Сизга тил кўникмаси керак» 

Ректордан тортиб университетнинг оддий ходимигача талабалар билан очиқ мулоқот қилишга интилади. Тўғри, камчилик, қўрс муносабат ҳамма жабҳада учрайди, лекин талабалари билан эркин суҳбатни истаган раҳбариятга тасанно дейман. Талабалар билан учрашган раҳбарият вакилига кўра, университетнинг ҳар бир аъзоси хорижий тил кўникмасини мустаҳкамлаши лозим. 

«Рус ва инглиз тилини билишингиз шарт, ундан ортиғига интилсангиз, фақат хурсанд бўламан. "Тил кўникмаси университет талабасига нега керак?",-дейишингиз мумкин. Оддий мисоллар билан айтаман. Истаймизми, йўқми, университет меҳнат бозоридаги рақобатга туриб бера оладиган салоҳиятли кадрларни тайёрлаши лозим. Бугун компаниялар алоҳида таржимон ё тилмочга пул сарфлашмаяпти, улар барча ходимларининг тил кўникмаси юқори бўлишини истайди. Табиийки, айнан шу ходимга юқори маош тўлайди. 

Иккинчидан, тил билган талаба келгуси таълимни хорижда давом эттириши, ўрганган билимини Ўзбекистонда қўллаши мумкин. Айниқса, юридик соҳада чет эл тажрибасини ўрганиш муҳим вазифа ҳисобланади. Бундан ташқари, бугун пухта таълим олишингиз учун хорижий тилда чоп этилган адабиётлар билан таниш бўлишингиз керак. Яширмайман — ўзбек тилидаги кўплаб адабиётлар хорижий тилдаги ана шу адабиётлар асосида ёзилади. Шу туфайли, биринча манба тилида маълумот олишга интилинг», — дейди университет раҳбарияти талабалар билан учрашувда. 

Конспект керакми? 

Учрашувда талабалардан бири «анъанавий» саволни айтди: нега муаллим конспект талаб қилади? Жавоб эса мен кутгандай бўлмади, яъни раҳбарият талабанинг манфаатида «конспект масаласи»га жавоб қайтарди.
«Мен ҳам ҳайронман, агар талаба билим ва кўникмалари конспект орқали мустаҳкамланишини ҳис этмаса, қолаверса, бу ҳақда унинг ўзи айтиб турса, конспект нега керак? Биз ушбу масалани бир неча марта Илмий кенгаш йиғилишида ҳам кўтардик. Ўқитувчиларга қатъий талаб қўйдик: талабанинг конспекти бўлиши керак, деган масала бўлиши мумкин эмас», — дейди вакил. 

Конспект ёзмагани учун талабанинг баҳосини пасайтириб қўядиган, айрим ҳолларда маъруза дарсларидан чиқариб юборадиган ўқитувчиларга ҳеч тушунмагандим: нега шундай қилишади? Тошкент давлат юридик университетида эса шу масалада соғлом фикрловчи инсонлар олийгоҳни бошқармоқда. 

Модул-кредит тизими

ТДЮУ Ўзбекистондаги ОТМлар орасида биринчи бўлиб, ўқитишнинг модул-кредит тизимига ўтди. Бу тўлақонли кредит тизимини англатмайди. Бу ҳақда университет раҳбарияти изоҳ берди.

«Асосий мақсад талабалардан пул ундириш эмас, балки уларга имконият бериб, таълим олишини рағбатлантиришдан иборат. Шунинг учун, ҳақиқий кредит тизими мезонлари тўла жорий этилмаган. Лекин нега модул тизими ҳам амалиётга киритилган, деб сўрашингиз мумкин. Гап шундаки, модул тизими ОТМ халқаро эътирофни тақдим этади, таълим олиш жараёни аниқ тартиб билан ишлайди», — дейилади уларнинг баёнотида. 

Шунингдек, университет раҳбарияти талабаларнинг ёзги таътил даврида амалиёт билан машғул бўлишини оқламайди. Таъкидланишича, талабанинг ёзги амалиёти кутилган натижани бермайди, кишининг мароқли дам олишини чеклайди. 

Кириш имтиҳонларидаги ўзгариш

ТДЮУ кириш имтиҳонлари 2019/20 ўқув йилидан бошлаб ўзгача тартибда амалга оширилади, яъни тест синовларида саволлар қиймати фанлар бўйича ўзгарди: эндиликда она тили ва адабиёт, тарих ва инглиз тили мос равишдаги кетма-кетлик билан қимматли балларни тақдим этади.

«Бу ўзгаришнинг асосий сабаби — иш берувчининг талаби. Иш берувчи битирувчи, ёш кадрлардан норози бўляпти: уларнинг давлат тилида ҳужжат юритишида, оддий хат тайёрлашда ҳам хатоларга йўл қўйиши кўпайган. Шунингдек, ходимларнинг нутқи яхши ривожланмаган, саводхонлиги паст деса ҳам бўлади. Узоқ йиллар давомида кириш имтиҳонларида тарих фанига асосий урғунинг берилгани эвазига шу натижалар юзага чиққан бўлиши мумкин», — дейди университет вакили. 

Ким билсин, янги усулнинг самарасини ҳам вақт кўрсатади. Тошкент юридик университети биносида бироз вақт айланиб, бир нарсадан қувондим: ҳар қалай, кимлардир Ўзбекистонда олий таълим салоҳиятини ижобий тарафга ўзгартиришга ҳаракат қиляпти.

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид