Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Тақиқ ишламади, легаллаштириш – муқобил ечим”: никотин маҳсулотларини тартибга солиш тизими муҳокама қилинди
2023 йилда Ўзбекистонда никотин маҳсулотларига нисбатан қатъий чекловлар жорий этилганди. Бироқ мутахассислар бугун бу сиёсат кутилган натижани бермагани, аксинча вейп ва электрон сигареталар савдосини яширин бозорга буриб юборганини айтмоқда. Тошкентда ўтган давра суҳбатида ноқонуний айланма ва контрабанда ортиб бораётган бир пайтда никотин альтернативаларини назорат остида легаллаштириш масаласи кўриб чиқилди. Таъкидланишича, мазкур тизим маҳсулот сифати, таркиби ва савдо занжири устидан давлат назоратини кучайтиришга имкон беради.
2023 йилда Ўзбекистонда никотин маҳсулотларига нисбатан чекловлар кучайтирилганди. Хусусан, ўша йилнинг 24 майида “Алкогол ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ва тарқатишни чеклаш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, у орқали тамаки ва никотин маҳсулотлари муомаласи, савдоси ҳамда истеъмоли бўйича янги тартиблар жорий этилганди.

Бу қарор ёшлар орасида вейп ва электрон сигареталар оммалашиб бораётгани фонида қабул қилинган бўлиб, расмийлар уни аҳоли саломатлигини ҳимоялаш зарурати билан изоҳлаган эди. Бироқ орадан вақт ўтиб, бошқа бир тезис кун тартибига чиқмоқда: тақиқ бозорни йўқ қилгани йўқ, аксинча уни яширин иқтисодиёт –“соя” сегментига суриб қўйган, яъни норасмий айланмани кучайтирган.

Пойтахтдаги Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида бўлиб ўтган “Никотин альтернативаларини тартибга солишнинг долзарблиги” мавзусидаги давра суҳбатида айнан шу масала муҳокама қилинди. Тадбирда давлат идоралари масъуллари, экспертлар, журналистлар ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этиб, электрон сигареталар, вейп ҳамда бошқа никотин маҳсулотларига нисбатан олиб борилган тақиқ сиёсати таҳлил қилинди.

Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази директори Саида Сулаймонованинг таькидлашича, 2023 йилдаги тақиқ кутилган натижани бермаган ва аксинча яширин иқтисодиёт учун янги каналларни юзага чиқарган. Тадбирдан асосий мақсад “соя”даги бозорни очиқлаш, жараённи назорат остига олиш ва бу борада журналистлар фаоллигини оширишдан иборат.
“Қатъий чекловларга қарамай, бозор тўлиқ йўқолмаган. Аксинча, маҳсулотлар Telegram каналлари, ёпиқ онлайн савдо ва ноқонуний импорт йўллари орқали тарқалиб, назоратдан ташқари айланма шаклланган. Бу эса сертификатланмаган маҳсулотлар ва контрабанда ҳажмининг ортишига олиб келяпти”, – дейди у.
Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриев келтирган маълумотларга кўра, ноқонуний тамаки маҳсулотларини олиб киришга уринишлар сезиларли даражада ошган. Хусусан, 2026 йил 1 январдан 14 майгача бўлган даврда қарийб 41 миллиард сўмлик, 2,3 миллион қутидан ортиқ тамаки маҳсулотларини ноқонуний олиб киришга уринишлар қайд этилган. Таққослаш учун, 2025 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 900 минг қутини ташкил этган.

“Бугун мамлакат бўйлаб деярли ҳар 8 соатда бир марта тамаки маҳсулотларини ноқонуний олиб киришга уриниш ҳолати кузатилмоқда. Қонуний чеклов қўйилгани билан “қора бозор”ни тўлиқ назорат қилиш имконсиз”, – дейди у.
Экспертлар томонидан никотин альтернативаларини назорат остида легаллаштириш масаласи кўтарилди. Бунда маҳсулотларни расмий рўйхатдан ўтказиш, акциз тизимини жорий қилиш ва сифат стандартларини белгилаш орқали бозорни назоратга олиш таклифи илгари сурилди. Мазкур ёндашув тарафдорларига кўра, бу контрабандани камайтириши, давлат назоратини кучайтириши ва бюджет тушумларини ошириш имконини ҳам бериши мумкин.

“Маҳсулотлар расмий айланмага киритилса, уларнинг таркиби ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича ягона стандартлар жорий этилади. Бу эса яширин бозорда учраётган номаълум таркибли маҳсулотлар муаммосини камайтириши мумкин. Яъни сифати текширилмаган товарлар назарда тутиляпти. Ҳозирги шароитда контрабанда йўли билан кириб келаётган вейп ва электрон сигареталарда никотин миқдори, кимёвий қўшимчалар ва оғир металлар даражаси назорат қилинмайди. Бу эса нафас йўллари касалликлари, заҳарланиш ва узоқ муддатли соғлиқ муаммолари хавфини ошириши эҳтимолдан йироқ эмас”, – дейди онколог Яҳё Зиёев.