Жаҳон | 12:07 / 27.09.2022
41749
23 дақиқада ўқилади

Путин ҳақиқатан ҳам ядро қуролидан фойдаланиши мумкинми? Уни тўхтатишнинг иложи борми?

Украинада уруш бошланганидан бери Владимир Путин, шунингдек, кўплаб россиялик расмийлар, сиёсатчилар ва тарғиботчилар Ғарбга мунтазам равишда ядро қуроли билан таҳдид қилмоқда. Баъзан улар бу ҳақда тўғридан тўғри, баъзан эса киноя билан гапиришяпти.

Француз атом бомбаси портлаши, 1971 йил. Galerie Bilderwelt / Getty Images

Путин бу таҳдидни 21 сентябр куни Россиядаги «қисман сафарбарлик» ҳақидаги баёнотида яна бир бор айтиб ўтди.

«Медуза» нашри Россия ядро сиёсати бўйича эксперт, Канададаги Куинс университети Халқаро ва мудофаа сиёсати маркази илмий ходими Максим Старчак билан Путин ҳақиқатан ҳам ядровий зарба беришга қарор қилиши мумкинми ва бунинг оқибатлари қандай бўлиши ҳақида суҳбатлашди.

— Ядро қуроллари тажовузкор ва ён босишга тайёр бўлмаган одамлар қўлига тушиб қолса, дунёда уларни тийиб туриш ва қандайдир назорат қилишга қаратилган тизим борми? Принципиал жиҳатдан бундай тизимни яратиш мумкинми?

— Йўқ, деган бўлардим. Назарий жиҳатдан, Путин деярли ҳамма нарсани қила олади. Ядровий давлат мақоми ҳарбийларнинг жазосиз қолиш имкониятини очиб беради.

Кафолатланган тарзда бир-бирини йўқ қилиш доктринаси бор. Унга кўра, томонлардан бири бошқасига нисбатан ядро қуролини қўлласа, улардаги ядро каллаклари сони ўхшаш бўлса, жавоб зарбасига, яъни ҳужумчининг ҳам, ҳимоячининг ҳам бутунлай йўқ қилинишига олиб келади.

СССР ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар шу асосда қурилган ва энди у Россия Федерацияси ва АҚШ ўртасидаги ҳарбий хавфсизликнинг асоси ҳисобланади. Агар томонлар ядровий салоҳияти бўйича тенг бўлмаса ҳам, жавоб зарбасини бериш таҳдиди ядровий мамлакатга қарши тажовузнинг олдини олади. Мисол тариқасида АҚШ ва КХДР муносабатларини келтириш мумкин.

Аммо бу ядровий қуролга эга давлатлар ўртасидаги муносабатларда шундай. Агар ядровий давлат ядро қуролига эга бўлмаган давлатга ядровий ҳужум уюштирмоқчи бўлса, буни тўсиқсиз амалга ошириши мумкин. Ҳа, бундай хатти-ҳаракат халқаро миқёсда қораланади, лекин амалда ҳеч қандай тўсиқ йўқ.

Шу билан бирга, ядро қуролига эга бўлмаган НАТО давлатлари альянс низомининг 5-моддаси билан ҳимояланган (бирига ҳужум – ҳаммага ҳужум). Бошқа мамлакатлар икки томонлама каналлар орқали ёрдамга умид қилиши мумкин. Хусусан, Қўшма Штатларнинг Япония ва Жанубий Корея билан ўзаро мудофаа бўйича икки томонлама келишуви бор. Россия КХШТ аъзоси бўлган давлатларнинг ҳам хавфсизлигини таъминлаши керак.

Бошқа ҳолларда ҳеч нарса юз бермайди. Ҳар томонлама дипломатик босим ўтказишга тўғри келади. Афтидан, Путинга нафақат Ғарб, балки Ҳиндистон ва Хитой, ШҲТга аъзо бошқа давлатлар ҳам босим ўтказмоқда, буни Самарқанддаги саммит кўрсатди. Агар бир бетайин раҳбар ядро урушини бошлаши мумкинми деган саволни ўртага ташласак, албатта бошлаши мумкин, аммо қийин.

Америкада ядровий ракеталарни учиришга фақат президент буйруқ бериши мумкин. Аммо қандайдир бебош президент якка ҳолда бундай қарорга кела олмайди. Агар президент соғлом бўлмаса, вице-президент ҳукуматнинг бошқа аъзолари кўмагида бошқарувни қўлига олиши мумкин.

Ҳар қандай ҳолатда, президент (ёки унинг вазифасини бажарувчи) кодлар алмашинуви орқали шахсини идентификация қилиш жараёнидан ўтиши, унинг буйруғи мудофаа вазири томонидан тасдиқланиши керак. Кейин Штаб бошлиқларининг қўшма қўмитаси раиси билан боғланилади, у ўз навбатида, Миллий ҳарбий қўмондонлик маркази ва АҚШ стратегик қўмондонлиги штаб-квартирасига ядровий ракеталарни учириш буйруғини беради.

Трамп даврида бу масала долзарб эди. Ўша пайтда стратегик қўмондонлик бошлиғи, агар буйруқни қонунга хилоф деб ҳисобласа, уни бажармаслигини айтди. Агар биринчи ядро зарбаси АҚШ томонидан берилаётган бўлса, буйруқнинг қонунийлиги текширилади. Бунинг учун дастлаб АҚШ Конгресси бирор давлатга уруш эълон қилган бўлиши керак.

Россияда президент ядровий қуролни қўллаш учун махсус код сигналини юбориши ва шу орқали ундан фойдаланишга рухсат бериши керак. Бу сигнал «ядро жомадони» портатив бошқарув тизими орқали узатилади. Мудофаа вазири ва Бош штаб бошлиғида ҳам шундай қурилма бор. Агар рухсат учта қурилмадан юборилса, ядровий зарба бериш имкони пайдо бўлади.

Кейин сигнал Бош штабнинг махсус хизматига боради, ўз навбатида у ядро кучлари жойлашган махсус қўмондонликка буйруқ беради. Сўнгра, буйруқ қўмондонлик томонидан ядро қуролини ишга туширишга масъул бўлган офицерга узатилади. Таъкидлаш жоизки, «ядро жомадони»га масъул бўлган офицерлар гуруҳи ҳар доим президент билан бирга бўлади.

Занжир етарлича узун, шу туфайли, ядро қуроли «тасодифан қўлланишидан» ишончли ҳимоя бордек туюлмоқда. Лекин, масалан, агар президент ва мудофаа вазири билан алоқа узилган бўлса, Бош штаб бошлиғи ядро зарбаси ҳақидаги қарорни мустақил равишда қабул қилиши мумкин.

Стратегик бўлмаган (тактик) ядро қуролларига келсак, у ерда занжир янада узунроқ. Қўшинларда тактик жанговар каллак йўқ. Уни марказлаштирилган омбордан олиш, юклаш, ташиш, ҳарбийларга йўриқнома беришга тўғри келади. Бу узоқ занжир ва ҳар бир босқичда уни қўллашнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги шубҳалар пайдо бўлиши мумкин. Бундан ташқари, ҳаммаси кузатиб борилади, АҚШ ва НАТО разведкаси бундай ҳаракатларни тезда аниқлайди.

— Путиннинг буйруғига бўйсунмаслик мумкинми? Ёки бу фантастик сценарийми?

— Бундай сценарийлар бўлиши, ҳатто ҳар хил бўлиши мумкин. Айтганимдек, буйруқдан ижрога қадар занжир узун. Қўмондонлик даражасида ҳам, ядро қуролини ишга туширадиган офицерлар даражасида ҳам. Бир воқеани айтиб бермоқчиман. 1962 йилдаги «Кариб инқирози» пайтида Б-59 совет сувости кемаси АҚШ самолётлари томонидан бомбардимон қилинади. Олий ҳарбий қўмондонлик билан тезкор алоқага эга бўлмаган сувости кемасида ядровий зарба бериш тўғрисида мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқи бор эди. Лекин бунинг учун капитан ва яна икки офицернинг розилиги керак эди. Бомбалар остида қолган кема капитани ядро уруши бошланди деб ўйлади ва ўринбосарининг розилиги билан ўт очишга буйруқ бермоқчи бўлди. Аммо учинчи офицер бу қарорга қўшилмади.

Шундай экан, ядровий зарба бериш ҳақидаги қарор ҳамон инсон хоҳишига боғлиқ. Мен совуққонлик ҳиссиётлар устидан ғалаба қозонишига ишонишни хоҳлайман.

— АҚШ ва СССР (кейин Россия Федерацияси) стратегик ва ҳужум қуролларини чеклаш тўғрисида бир қатор шартномалар имзолаган. Ҳозирги ҳолатдан келиб чиқадиган бўлсак, улар қанчалик самарали?

— Умуман олганда, қурол-яроғни назорат қилиш бўйича ҳар қандай келишувни неъмат сифатида кўриш мумкин. Албатта, агар барча томонлар унга амал қилса.

Масалан, СҲҚ-3 шартномаси ҳар иккала томоннинг жанговар каллаклари сонини 2500 тадан 1550 тагача камайтириш имконини берди. Ядро қуролларининг жанговар ташувчиларини қисқартириш сал камроқ самарали бўлди. Америкадаги ядровий қурол ташувчилари 882 тадан 686 тага қисқарди. Россияда бу рақам деярли ўзгармади – чунки у қуролларни модернизация қилмоқда ва эскирганларини алмаштириш учун янги ташувчиларни ишлаб чиқмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, Россия 526 та ташувчига эга, аммо шартнома 700 тагача рухсат беради.

10 йиллик шартнома (яна 5 йилга узайтириш шарти билан) 2011 йилда кучга кирган. 2021 йил феврал ойида у 2026 йилгача узайтирилди. АҚШ янги шартнома тузмоқчи эди. Ҳатто ҳозирги шароитда ҳам Қўшма Штатлар стратегик қуроллар бўйича музокараларни қайта бошлаш истагини билдирувчи сигналларни юбормоқда.

Бироқ, томонлар бошланғич позицияларидан жуда узоқда. АҚШ музокараларга ядровий қуролларнинг барча арсеналини киритмоқчи. Россия ўзининг стратегик бўлмаган (тактик) ядро қуроллари ҳақида гапиришга тайёр эмас, бунинг учун АҚШдан Европадаги ядровий қуролларини ўз миллий ҳудудига олиб кетишни талаб қилмоқда. Европадаги ядро қуроллари НАТОга ядровий мақом беради ва АҚШ уларни олиб кетишни, айниқса, Москванинг ҳозирги тажовузкор ташқи сиёсати шароитида истамаяпти ва истамайди ҳам.

Келажакда қуролларни назорат қилиш бўйича келишувга тўсқинлик қиладиган бошқа бир қатор муаммоли масалалар ҳам бор. Умуман олганда, қуролларни назорат қилиш катта инқирозда. СҚВ-3 шартномасидан ташқари, қурол назорати соҳасида муҳим келишувлар йўқ. Буларнинг барчаси катта музокаралар жараёнини талаб қилади, 2021 йилда улар бошланиши керак эди. Бироқ, Украинадаги уруш туфайли тўхтатилди.

Энди Украина контексти узоқ вақт давомида келишувлар имкониятига таъсир қилади. Москва билан тузиладиган ҳар қандай келишув, ҳатто уларнинг эҳтимоли ҳам, энди АҚШ сиёсий ва ҳарбий доираларида қаршиликка учрайди. Музокаралар столига ўтириш имкониятига ҳам эришиш қийин бўлади. Урушдан олдин ҳам томонлар ўртасида ишонч бўлмаган, ҳозир ҳам йўқ. Бу жуда узоқ вақт давом этиши мумкин.

— Владимир Путин учун ядро қуроли билан таҳдид қилиш оддий ҳолга айланди. Энг янги тарихда бундай ҳолатлар бўлганми? Ундан қандай қилиб чиқиб кетилган?

— Ҳатто совуқ уруш даврида ҳам ядровий қуролдан фойдаланиш эҳтимолига қаратилган бундай риторика бўлмаган. Ўша пайтда ядро қуроли борлиги ва ундан фойдаланиш мумкинлигини ҳамма тушунарди. Бир томоннинг ядровий зарбаси жавоб зарбасига олиб келиши ва бу ўзаро ҳалокатга сабаб бўлиши ҳақида жиддий тушунча бор эди. Ва ҳеч ким буни тинмасдан эслатиб туришни истамасди.

Путиннинг ядровий риторикаси узоқ вақтдан бери Ғарб ва Шарқ давлатларини лол қолдиряпти. Аммо бунга қарши ҳеч нарса қилиб бўлмаяпти. Балки дунё Россия билан муносабатлари ўзи хоҳлагандек ривожланмаётганидан умидсизликка тушиб қолгандир... Бу хорижлик етакчилар ҳафсаласини пир қилмоқда, бироқ, аллақачон Путиннинг даҳшатли табиати сифатида қабул қилинмоқда. Бу борада янгилик йўқ.

— Агар Путин, масалан, Киевга зарба берса нима бўлади? Бошқа давлатлар бунга қандай муносабатда бўлишади? Агар Россия ядровий қуролдан фойдаланса, бу бошқа мамлакатларнинг ядровий жавобига олиб келадими? Россияга ким зарба беради – фақат АҚШми ёки ядро қуролига эга барча давлатлар?

— Агар шу пайтгача Киев ва ундаги ҳукумат объектлари сезиларли даражада ракета зарбаларига учрамаган бўлса, унда Киевнинг ядро қуроли билан йўқ қилинишини кутиш ғалати. Менимча, агар Киевга зарба берилса ҳам, бу юқори аниқликдаги (ядровий бўлмаган) қурол билан амалга оширилади.

АҚШ ҳам, НАТО ҳам Россия билан тўғридан тўғри ҳарбий тўқнашувни хоҳламайди ва ядровий қурол ишлатилмаслигига умид қилади. Аммо, ҳужум содир бўлса, ҳарбий реакция билдирилади. Ғарб жамоатчилиги ядро қуролидан фойдаланиш жазосиз қолмаслигини кутмоқда. Россияни жазолаш ҳақидаги талаблар янграйди.

Қўшма Штатлар, эҳтимол, воқеаларнинг бундай ривожланишига жавоб бериш вариантларини ишлаб чиқаётгандир. Улар бир нечта бўлиши мумкин. НАТО кучларининг Украинага кириши, Украинадаги рус қўшинларига ядровий бўлмаган қуроллар билан зарба бериш, рус қўшинларига АҚШ тактик ядро қуроллари билан зарба бериш ва ҳоказо. Менимча, бундай сценарийлар аллақачон Путинга етказилган ва улар биринчи навбатда ядровий зарбадан тийиб турувчи омил бўлиши керак.

Ҳа, Трамп даврида АҚШ ядро стратегияси можарога барҳам бериш ёки стратегик барқарорликни тиклаш учун чекланган ядровий зарба беришни ҳам назарда тутар эди. Аммо ҳозир, айниқса, бошқа ядровий давлатга нисбатан бундай бўлмайди. Ҳеч ким ядровий урушни хоҳламайди ва ҳақиқий ҳарбий жавоб эҳтиёткорона ва чекланган бўлади.

— Яъни ядро қуролидан фойдаланилган тақдирда ҳам учинчи жаҳон урушининг бошланиши даргумон?

— Бу Путиннинг ядро зарбасига қандай ва нима билан жавоб қайтарилишига боғлиқ. Бунга НАТО ҳам жалб қилинади, унинг бевосита иштирокисиз буни амалга ошириб бўлмайди. Умид қиламанки, НАТО чекланган ҳарбий жавоб берган тақдирда ҳам, бу жаҳон урушига айланмайди. Аммо бу сценарийда воқеалар қандай ривожланишини олдиндан айтиш мушкул.

— Ядро қуролидан фойдаланиш, шубҳасиз, анча жиддий эскалация. Ундан олдин назарий жиҳатдан қандай қадамлар ташланиши керак?

— Менимча, сафарбарликни танлаш – ядровий зарбадан тийилишнинг бир тури. Сафарбарликни эълон қилган Путин Украина масаласини тирик куч билан ҳал қилишини айтаётганга ўхшаяпти. Агар шартли 300 минг аскар ёрдам бермаса, кейинги қадам сафарбарликнинг иккинчи босқичи ёки тўлиқ сафарбарлик бўлиши мумкин. Россия кўп миллионлик сафарбарлик захирасига эга – Украинага қарши бу етарли бўлиши мумкин. Менимча, Украина масаласини ядровий зарба орқали ҳал қилиш жиддий кўриб чиқилмайди. Ядро қуролидан ташқари Путиннинг Украинага нисбатан яна бир афзаллиги бор – 140 миллионлик аҳоли.

Агар мамлакатни ер билан яксон қилиш мақсади қўйилса, тезда ғалаба қозониш учун электр станцияларини йўқ қилиш кифоя. Электрсиз ҳар қандай ҳарбий, саноат ва инсоний фаолиятни амалга ошириш иложсиз. Аммо Иккинчи жаҳон уруши пайтида ҳам немис қўшинлари электр станцияларини йўқ қилмаган, чунки ишғол қилинган ҳудудларда улардан фойдаланишни режалаштиришган. Эҳтимол, Россия ҳам ҳудудларни тортиб олиб, кейинчалик улардан фойдаланишни мақсад қилган.

Ядро қуролини қўллашдан олдинги (навбатдаги) даража – бу ядровий (стратегик) бўлмаган ва унга муқобил ҳисобланган юқори аниқликдаги қуроллардан фойдаланиш ҳисобланади. У аллақачон Россия томонидан ишлатилмоқда, аммо миқдор ва сифат етишмаслигидан азият чекмоқда.

Россия ядро қуролини қўллашдан олдин Киев ва ҳукумат объектларига ҳужум қилиши мумкин. Аммо ишончим комил, бундай сценарий Украина томонидан инобатга олинган ва ҳарбий вазиятга катта таъсир кўрсатмайди. Киевни ўққа тутишда қуроллардан фойдаланиш орқали уларни Донбасс, Херсон ва Запорижжядаги ҳарбий ҳаракатларда ишлатиш имконияти йўқотилади. Бундай ҳаракатларнинг самарадорлиги шубҳали. Киевни кўп сонли ракеталарсиз ишғол қилиш мумкин эмас ва бунинг фронтдаги умумий вазиятга таъсири ҳам шубҳали.

Шунингдек, Россия Украинанинг таъминот линияларига, ғарб қуролларини ташиш нуқталарига ҳужум қилиши, бу эса НАТО ходимларининг ўлдирилишига олиб келиши, альянснинг тўғридан тўғри жавоби учун етарли бўлиши мумкин. Бунда эскалация даражаси ошади. Аммо, агар НАТО кучларининг ягона жавобидан кейин Россиянинг жавоби бўлмаса, вазият барқарор даражада қолиши ҳам мумкин. Агар НАТО ўз ҳарбийларини Украинага юбориш орқали жавоб беришни истаса, Россия қурол ташиш нуқталарига ҳужумдан тийилади. НАТОни можарога жалб қилиш хавфи Москвага бу сценарий бўйича ҳаракат қилишга имкон бермайди.

Агар НАТО Украина томонидан урушга кирса, эскалация даражаси янада ошади. Аммо НАТОнинг бевосита аралашуви таҳдиди Москвани ҳам, Вашингтонни ҳам даҳшатга солади. Бир томондан, ядро қуролидан фойдаланиш учун тўғридан тўғри сабаб йўқ, бошқа томондан, Россия ва НАТО ўртасида ҳали тўғридан тўғри ҳарбий тўқнашув бўлмаган. Ядровий кучлар бундай можарода ядро қуролидан фойдаланишдан ўзини тия оладими ёки йўқми, номаълум. Ҳеч ким буни билишни хоҳламайди.

Кўринишидан, Москванинг асосий ташвиши – НАТО ёки АҚШнинг Украина тарафида Россия билан тўғридан тўғри ҳарбий амалиётларга киришишига йўл қўймаслик. Урушдан олдин ядровий машқларни ўтказиш, тийиб турувчи кучларни махсус огоҳлантириш режимига ўтказиш. Буларнинг барчаси НАТО ва Қўшма Штатларнинг аралашувига йўл қўймасликка қаратилган тийиб турувчи сиёсатдир.

Шу сабабли, Киевга ва Украина қуролли кучлари учун қурол-яроғ етказиб бериш пунктларига зарба берилмаяпти, гарчи, иккаласи учун ҳам таҳдид бор эди. Умуман олганда, Украинага етказиб берилаётган НАТО қуролларига нисбатан ҳам таҳдидлар бўлди, бу қизил чизиқ бўлиши керак эди. Аммо ҳеч қандай реакция бўлмагани ва таҳдидлар эътиборга олинмагани сабабли, Москва ушбу можарога НАТОни жалб қилишни истамади. Эҳтимол, НАТО кучларининг иштирок этиш таҳдиди ҳатто тинчликни таъминлаш омилига айланиши мумкин эди. Аммо томонлар бир-биридан қўрқишади. Масалан, НАТО Путиннинг таҳдидларини қабул қилиб, Украина осмонини ёпмади. Яъни томонлар НАТОнинг тўғридан тўғри аралашувини қабул қилиб бўлмайдиган ва имконсиз эканлигини англаб олишди. Расмий равишда ядро қуроли ҳақида гап бўлмаса-да, томонлар таваккал қилишдан қўрқишади.

Путин сафарбарликка бағишланган нутқида мамлакат ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш учун барча мавжуд воситаларни ишга солишга тайёрлигини билдирди. Бу НАТО ва АҚШни тийиб туришга қаратилган, атайин ноаниқ баёнот. Россиянинг ядровий доктринаси оддий қуроллардан фойдаланган ҳолда унга қарши тажовуз содир бўлса, давлатнинг мавжудлиги таҳдид остида қолса, ядровий қуролдан фойдаланиш имкониятини назарда тутади.

Украинага қарши урушда бундай сценарий иложсиз. Аммо Путин «давлатнинг мавжудлиги» тушунчасини сунъий равишда кенгайтирмоқда ва шу билан бирга, айнан ядро қуроли ҳақида гапирмаяпти. У ўз нутқида биринчи навбатда Россиянинг ядро қуролига эгалиги ва НАТО ядровий тажовуз қилса, улардан фойдаланишга тайёрлигига эътибор қаратади. Унинг сўзларида биринчи бўлиб ядро зарбасини беришга тайёрлиги сезилмайди.

Агар Украина «Россия ҳудудларини босиб олса», Путин эскалациянинг навбатдаги даражасига бориши ва Россия ўзининг ҳудудий яхлитлигини тиклаш учун ядро қуролидан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида очиқроқ баёнот бериши мумкин. Албатта, бу баёнот реал сценарий эмас, балки тийиб турувчи хусусиятга эга бўлади. Лекин ҳеч ким уни текшириб кўришни истамайди. Москва ва Киевга музокаралар олиб бориш учун босим кучаяди. Эҳтимол, Путин шунга умид қилаётгандир.

— Стратегик бўлмаган ядро қуролларини қўллаш эскалация учун зарур бўлган имкониятлар мажмуасидир. Россия айнан нима қилиши мумкин?

— Россия ҳарбий назариясида ядровий эскалациянинг биринчи қадами – чўл ҳудудлари ёки сув акваторияларига, иккинчи даражали ҳарбий объектларга (эҳтимол, ходимларсиз) намойишкорона ягона зарба бериш.

Назарий жиҳатдан, буни Шимолий Муз океани устида амалга ошириш мумкин – кимсасиз ҳудуд, ўз қўшинлари ва ҳар қандай давлат фуқаролари учун катта хавф туғдирмайди. Ядро портлаши ҳудуддан қатъи назар ва аҳолини радиацияга дучор қилмасдан туриб, психологик таъсир кўрсатади. Аммо кейин нима бўлади? Бу Украина қаршилигига таъсир қилади деб ўйламайман. Аммо, эҳтимол, Москвага ҳам, Киевга ҳам дипломатик босим кучайиши мумкин.

Агар бу таъсир қилмаса, кейинги қадам Украинадаги бирор ҳарбий объектга ядровий зарба бериш орқали ўз қудратини намойиш этиш – қўрқитиш бўлади. Аммо бу қандай объект бўлиши аниқ эмас. Назарий жиҳатдан, у истеҳкомларга ва инфратузилма объектларига ёки душманнинг муҳим кучларига қарши қўлланади. Украинада тактик ядро каллагидан фойдаланиш самарадорлиги юқори бўлиши учун олдин бундай иншоотларни топиш керак. Ҳа, бундай зарба орқали шаҳарни бутунлай вайрон қилиши мумкин, аммо бу ҳам Украина армиясининг қулашига олиб келмайди.

Тактик ядро қуролидан фойдаланиш мутлақ ғалабани англатмайди. Бу ҳудуднинг радиоактив ифлосланишига олиб келади, оқибатда Россия бу ҳудуддан ўз мақсадлари учун фойдалана олмайди. Шу туфайли, Украина ҳудудида ядро қуролидан фойдаланиш ҳарбий қийматга эга бўлиши даргумон.

«Агар Украина меники бўлмаса, унда ҳеч кимники эмас» тамойили билан бундай тентакликка йўл қўйилиши мумкин. Аммо яна бир бор таъкидлайман, ҳар қандай ядровий зарба НАТО ёки Қўшма Штатларни можарога жалб қилиш хавфини туғдиради. Ўз соғлиғи ҳақида қайғурадиган, абадий ёшликка эришиш амалиётига қизиқадиган ва у билан учрашишни истаганларни карантиндан ўтишини кутаётган одам учун жуда хавфли.

— Яъни тактик ядро қуроллар фақат соф психологик таъсир кўрсатадими?

— Тактик ядро қуроллари Москвага босиб олинган ҳудудларни ҳимоя қилишда ёрдам бермайди. Бу Украинани ҳам тўхтатмайди. Ҳозирги уруш шароитида ундан фойдаланиш самарасиз. Бу Украинадан кўра НАТО мамлакатларига кўпроқ таъсир қилади. Шунинг учун ҳам уни ишлатиш эҳтимоли жуда паст.

— Агар зарба режалаштирилаётган бўлса, ҳеч бўлмаганда ўз хавфсизлигимиз учун бирор нарса қилиш мумкинми?

— Ядровий зарба ҳудудида бўлманг! Ядро зарбаси пайтида сизга беш омил таъсир қилади.

  • Агар ядро қуроли ҳавода портлатилса, зарба тўлқини ўз йўлидаги ҳамма нарсани йўқ қилади: бинолар, техникалар, одамлар ва ҳайвонларни. Агар ер устида портлатилса, сейсмик зарба тўлқинларига олиб келади, бу ҳам ҳалокатли таъсирга эга.
  • Нурланиш ёнувчан нарсаларнинг оловланишига сабаб бўлади, шунингдек, турли даражадаги куйишларга олиб келади.
  • Радиация нурланиш касаллигини келтириб чиқаради. Ундан тўлиқ ҳимояланишнинг иложи йўқ. Лекин агар махсус бомба бошпаналарида яширинсангиз, зарарли таъсирни сезиларли даражада камайтириш мумкин.
  • Ер, тупроқ, ҳаво, турли объектлар ва техникалар радиоактив ифлосланади, ўнлаб йиллар давомида улардан фойдаланиш имконсиз бўлади.
  • Ядро портлаши оқибатида келиб чиқадиган электромагнит импульс барча электрон ва радио қурилмалар, ускуналар ва алоқаларни ишдан чиқаради.

Агар сиз махсус бункерда бўлсангиз ва уни радиацион ҳимоя кийимида тарк этсангиз, омон қолишингиз мумкин. Агар ҳимоя воситалари бўлмаса, ҳамма нарса портлаш кучига, эпицентрдан узоқликка ва вақтга боғлиқ.

Одамлар биринчи навбатда портлаш оқибатида нобуд бўлади. Шундан сўнг, кейинги бир неча ой ичида портлаш оқибатларидан (радиоактив зарарланишдан) вафот этишади. Кейинги йилларда қурбонлар сони бир неча баравар кўпаяди – саратон ва бошқа касалликлар туфайли. Ўзингизни асранг.

Мавзуга оид