Ғазода оташкесим бўйича музокаралар, Туркияга таассуб қилаётган Сурия ва 1 млн мигрантни қувмоқчи бўлаётган Трамп — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазодаги вазият
Ғазо секторидаги вазият бўйича бетиним музокаралардан сўнг ўт очишни тўхтатиш шартномасини имзолаш они яқинлашмоқда. CNN манбаларига кўра, Қатардаги музокараларда ижобий натижалар кутилмоқда. АҚШ марказий разведка бошқармаси директори Уилям Бёрнс келишувни тезлаштириш учун яқин кунларда Қатарга келади.
Исроил ва Фаластин етакчилари орасида келишув бўйича баҳслар давом этмоқда. ҲАМАС келажакдаги шартномаларга Исроил томонидан риоя қилинишига кафолат талаб қилмоқда. Айниқса АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти қасамёдга келтирилгач.
Ҳозир АҚШ президенти Жо Байден таклиф қилган уч босқичли режа муҳокама қилинмоқда. У 6 ҳафталик оташкесим, Исроил қўшинларининг қисман Ғазодан чиқиши ва гаровда ушлаб турилган исроиллик тутқунларни фаластинлик маҳбусларга алмашишни ўз ичига олади. Бироқ Исроилнинг Рафаҳдаги Филаделфия коридори устидан назорати масаласи ҳал этилмаган.
Музокаралар кетаётган бўлса-да, Исроилнинг Ғазога ҳаво ҳужумлари давом эттирилди. 18 декабр куни Ал-Мавасийдаги қочқинлар лагери эса танклар томонидан қайта ўққа тутилган.
Башар Асад устидан трибунал хавфи
АҚШ Суриядаги уруш жиноятлари учун Башар Асад режими устидан халқаро трибунал ташкил этишни талаб қилмоқда. Давлат департаментига кўра, БМТ ва унинг ташкилотлари Асад режими томонидан амалга оширилган қотилликлар ва қийноқлар ҳақидаги ҳақиқатни очиб бериш учун очиқ ва адолатли суриштирув ўтказиши керак.
АҚШ давлат департаменти матбуот котиби Мэттю Миллерга кўра, АҚШ Асад режимига боғлиқ оммавий қабрлар ва қийноқ марказлари учун жавобгарлик талаб қилиб, жабрланувчилар оилаларига адолат қарор топишини таъминлашни режалаштирмоқда.
Халқаро прокурорлар тақдим этган маълумотларга кўра, 2013 йилдан бери Асад режими назорати остида 100 мингдан ортиқ инсон қийноққа солиниб, ўлдирилган. Миллер, шунингдек, Сурияда йўқолган фуқаролар ҳақидаги ҳақиқатни очиш бўйича БМТ билан фаол иш олиб боришаётганини таъкидлади.
Суриядаги зиддият 2011 йилда Асаднинг тинч намойишларни куч билан босиши ортидан бошланган ва 500 минг кишининг ҳаётига зомин бўлган.
Туркияга таассуб қилаётган Сурия
Суриянинг янги ҳукумати Туркиянинг иқтисодий ривожланиш тажрибасини ўрганишни режалаштирмоқда. Шунингдек, икки қўшни мамлакат ўртасида савдо, ижтимоий ва маданий алоқаларни ривожлантиришга умид билдирилди.
Сурия бош вазири Муҳаммад ал-Башир Туркиянинг қочқинларга бўлган меҳрибонлиги ва ҳурматини эътироф этиб, бу яхшилик ҳеч қачон унутилмаслигини таъкидлади.
«Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» етакчиси ҳам туркиялик журналист Ясин Ақтай билан суҳбатда Асад тузумининг «Седная» қамоқхонасини музейга айлантириш режаларини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, бу жой режим жиноятларининг гувоҳи ва қурбонларга ҳурмат рамзи бўлиши лозим.
Исён етакчиси Сурия инқилобининг бошқа ислом давлатларига тарқалишига оид саволларга рад жавобини бера туриб, «Биз халқимизнинг асосий масъулиятидан чалғимаймиз», дея таъкидлади.
Украинада тинчликпарвар миссия истиқболи
Европа мамлакатлари Украинага тинчликпарвар қўшинлар юбориш имкониятини муҳокама қилмоқда. Франция президенти Эммануэл Макрон ташаббуси билан бошланган музокаралар Доналд Трампнинг АҚШ қўшинларини минтақадан олиб чиқиш ҳақидаги баёнотидан сўнг пайдо бўлди.
Reuters агентлигининг хабар беришича, агар Украинада тинчлик битими имзоланса, Франция, Германия, Италия, Полша ва Британия аскарлари асосий кучни ташкил қиладиган 40 000 кишилик контингент жойлаштирилиши мумкин.
Бунга қарамай, ташаббус келишмовчиликларга сабаб бўлди. Полша бош вазири Доналд Туск бу миссияда иштирок этишни рад этган бўлса, Германия мудофаа вазири Борис Писториус ҳали формат ҳақида гапириш эрта эканини таъкидлади. Италия мудофаа вазири Гвидо Крозетто миссия учун БМТ мандати зарурлигини айтди, аммо бу Россияга миссияни назорат қилиш имкониятини бериш хавфи борлигини таъкидлади.
Экспертлар фикрича, ротация билан ҳисоблаганда 100 минг нафар аскар керак бўлиши мумкин. Бироқ миссия мандати, куч қўллаш қоидалари каби масалалар ҳали очиқ қолмоқда.
Зеленский Қримдан умидини уздими?
Украина президенти Володимир Зеленский Қрим ва Донбассни ҳарбий йўл билан қайтариш учун Киевда етарли куч йўқлигини тан олди. Франциянинг Le Parisien газетасига берган интервюсида у Украина бу ҳудудларни қайтаришдан воз кечмаслигини, аммо бугунги кунда улар Россия назоратида эканини таъкидлади.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина фақат халқаро дипломатик босим орқали Россия президенти Владимир Путинни музокара столига ўтиришга мажбур қилиши мумкин. Бироқ июн ойида Путин Киевдан Донецк, Луҳанск, Херсон ва Запорижжя областларини тўлиқ топширишни талаб қилган эди.
Украина ҳозир кучсиз эмаслигини таъкидлаган Зеленский, барча масалалар майдонда ҳал бўлишини айтди. Шу билан бирга у Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши ҳозирча мураккаб масала эканини тан олди. АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трамп бу жараённи 20 йилгача тўхтатишни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган.
Зеленский Украинанинг Европа Иттифоқига яқин келажакда қўшилишини ишонч билан таъкидлади ва Киев Россия билан ҳар қандай музокараларда иштирок этиши шарт, деб ҳисоблашини билдирди.
Рус генералига суиқасд ижрочилари ушланди
Москвада генерал-лейтенант Игор Кириллов ва унинг ёрдамчиси Иля Поликарповнинг ўлдирилишида Ўзбекистон фуқароси гумонланмоқда. Россия Тергов қўмитаси хабарига кўра, 29 ёшли гумонланувчи Украина махсус хизматлари томонидан ёлланган бўлиб, унга 100 минг доллар мукофот ва Европа паспорти таклиф қилинган.
Гумонланувчи Москвага келиб, қўлбола портловчи қурилмани генерал яшаган уй ёнидаги электр самокатга ўрнатган. Видеокузатув орқали қурбонлар ҳаракатлари назорат қилинган ва масофадан портлатиш амалга оширилган. Тергов хабарига кўра, портлаш кучи тротил эквивалентида тахминан 1 килога тенг бўлган.
Ушбу терактга алоқадор бошқа шахслар ҳам аниқланмоқда. Россия матбуоти иккинчи гумонланувчининг қўлга олинганини маълум қилди. Гумонланувчи Аҳмад Қурбонов ўз иқрорида бу ҳаракатларни Украина махсус хизматлари топшириғи билан амалга оширганини айтган.
Тергов қўмитаси ҳодиса бўйича теракт, қотиллик ва ноқонуний қурол сақлаш айбловлари билан жиноят иши очган.
Трамп 1 млн мигрантни қувмоқчи
Доналд Трамп президентлик даврининг дастлабки босқичида 1 млн мигрантни депортация қилишни режалаштирмоқда. Bloomberg маълумотига кўра, АҚШдаги 11 миллион ноқонуний мигрантнинг бир қисми жиноят содир этган ёки мамлакатда қолишга асослари бўлмаганлар, деб танланган.
Трамп ўз режасини амалга ошириш учун Мексика ва Салвадор ҳукуматлари билан музокаралар ўтказган. У, шунингдек, ушбу давлатлардан ноқонуний мигрантларни қабул қилишни сўраган. Аммо Мексика фақат ўз фуқароларини қабул қилишга тайёрлигини маълум қилди.
Миграция сиёсати институти маълумотларига кўра, сўнгги 10 йилда АҚШдан депортация қилинганлар асосан Лотин Америкаси давлатларига жўнатилган. Фақатгина Мексика ушбу даврда 1,7 миллион мигрантни қабул қилган.
Трампнинг депортация сиёсатининг кейинги босқичлари қандай бўлиши ҳозирча номаълум.
Япониянинг икки автогиганти бирлашмоқда
Япониянинг икки йирик автогиганти Honda ва Nissan кутилмаганда бирлашишга қарор қилди. Бу тарихий қадам дунё автомобил бозоридаги мувозанатни ўзгартиради. Бирлашган компания йилига 7 млндан ортиқ автомобил сотиб, Toyota ва Volkswagenʼдан кейин учинчи йирик авто ишлаб чиқарувчига айланади.
Бирлашишнинг асосий сабаби — электр автомобиллар бозоридаги рақобат ва иқтисодий босим. Honda ўзининг гибрид технологиялари билан ажралиб турса, Nissan электр автомобиллар учун такомиллашган етказиб бериш занжирига эга. Бу икки компания кучларни бирлаштириш орқали бозорда ўз ўрнини мустаҳкамлашни кўзламоқда.
Nissanʼнинг молиявий қийинчиликлари, хусусан, 90 фоизлик операцион фойда пасайиши, бу қарорнинг тезлашишига туртки берди. Бирлашувга Mitsubishi ҳам қўшилиши мумкин, бу эса алянсни янада кучли қилади.
Ҳар икки бренд сақланиб қолади. Бирлашув доирасида компаниялар алоҳида ишлаб чиқарувчи сифатида самарали фаолият юритади. Меморандумни имзолаш келгуси ҳафтада кутилмоқда.
Мавзуга оид
13:59 / 21.12.2024
Сувсиз қолаётган ғазоликлар, Полшага боришдан чўчиётган Нетаняҳу ва Ғарбий Африканинг ягона валютаси — кун дайжести
14:33 / 20.12.2024
Яманни бомбалаган Исроил, Сурияга қайтаётган қочқинлар ва Россияда кўпхотинликка рухсат — кун дайжести
13:45 / 18.12.2024
Ғазода ўлдирилган жарроҳ, Ғарб билан алоқаларни тиклаётган Сурия ва Курскда позицияларни бой бераётган Украина — кун дайжести
13:23 / 17.12.2024