45 мингдан ошган Ғазодаги қурбонлар, Европанинг Сурияга қўйган шарти ва Россияга қарши санкцияларнинг янги пакети — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазодаги вазият
Исроил ҳарбийлари БМТнинг Фаластин қочқинларига ёрдам агентлиги (UNRWA)нинг Хон Юнус шаҳридаги мактабига ҳаво ҳужуми уюштирди. У ерда мажбуран кўчирилган аҳоли бошпана топган эди. Ҳужум натижасида 10 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, кўплаб одамлар яраланди.
Исроилнинг Ғазо секторидаги бошқа турли ҳудудларга амалга оширган ҳаво ҳужумлари натижасида яна 9 киши ҳалок бўлди. Шўжайя туманида бир уйга берилган зарбадан 6 нафар жабрланувчи топилган бўлса, Нусайрат қочқинлар лагерида жойлашган уйга уюштирилган ҳужумда 3 киши, жумладан, бир бола ҳалок бўлди, яна 16 нафар киши яраланди.
2023 йил 7 октябрдан буён Исроил армиясининг Ғазо секторидаги кенг кўламли ҳужумлари натижасида ҳалок бўлганлар сони 45 минг 28 кишига етди. Яраланганлар сони эса 106 минг 962 нафарни ташкил этмоқда.
Сўнгги сутка ичида Ғазо секторида 52 киши ҳалок бўлди, яна 203 киши яраланди. Минтақага кўрсатилаётган чекловлар туфайли тиббий гуруҳлар ҳалок бўлганларнинг жасадларини чиқаришга қийналмоқда.
Сурия тикланмоқда
Башар Асад режими ағдарилгандан сўнг, Сурия пойтахти Дамашқ кўчалари жонлангани кузатилмоқда. «Анадолу» агентлиги томонидан дрон орқали олинган видеоларда шаҳарнинг тунги манзаралари акс этган.
Дамашқдаги Маржа майдони маҳаллий аҳоли учун умид рамзига айланди. Режимнинг ағдарилиши ортидан одамлар йўқолган яқинларининг фотосуратлари ва маълумотларини майдон деворларига илиб, уларни қайта топишга ҳаракат қилмоқда. Кўпчилик уларни илгари режим ҳибсга олганига ишонади.
Сурияда 61 йил давом этган «Баас» партияси ҳукмронлигининг тугатилиши ва Асадлар оиласи даври якунланиши билан мамлакат бўйлаб Ҳофиз Асад ҳайкаллари бузилмоқда. Дамашқнинг Уммавийлар майдонидаги Ҳофиз Асад ҳайкали ҳам йўқ қилинган.
Ҳофиз Асаднинг қайнотаси Аниса Махлуфнинг жияни, элитали Республика гвардияси генерали Талал Махлуф янги ҳукумат кучлари томонидан қўлга олингани хабар қилинмоқда. Яқинлари қамоқхоналарда қийналганлар генерални кўчада оломон қилишган.
Башар Асад Суриядан қочиши ҳақида
Суриянинг собиқ президенти Башар Асад Дамашқдаги сўнгги соатларини эслаб, мамлакатни тарк этишга қандай мажбур бўлганини тушунтирди. Унинг сўзларига кўра, Асад 8 декабр эрталабгача Дамашқда ўз вазифаларини бажарган. Бироқ исёнчилар пойтахтга етиб келгач, Латақиядаги Россия ҳарбий базасига қочган.
Ҳмеймим базасида вазият кескин ёмонлашгани ва Россия базасига ҳужумлар кучайгани туфайли, Асад Россияга эвакуация қилинган. У Москвага 8 декабр кечаси, сўнгги ҳукумат позициялари қулаганидан сўнг кўчирилган.
Асад истеъфога чиқиш ёки бошқа давлатлардан бошпана сўраш ҳақида ҳеч қачон ўйламаганини айтди. Унинг таъкидлашича, Сурияни ҳимоя қилиш учун курашни давом эттиришдан бошқа вариант кўрилмаган.
Шунингдек, Асад уруш давомида халқини ташлаб кетмаганини ва сўнгги дақиқаларгача мамлакатни ҳимоя қилишга ҳаракат қилганини таъкидлаган. Аммо террор таҳдиди остида давлат институтлари фалаж ҳолатга келгач, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.
Асаднинг ушбу баёноти 16 декабр куни Москвада эълон қилинган. Bloomberg’га кўра, унинг эвакуацияси Россия разведкаси томонидан уюштирилган.
Европанинг Сурияга қўйган шарти
Европа Иттифоқи Сурияга қарши санкцияларни бекор қилиш шартларидан бири сифатида Россия қўшинларининг мамлакатдан чиқарилишини талаб қилмоқда. Нидерландия ташқи ишлар вазири Каспар Велдкампнинг таъкидлашича, бу масала санкцияларни қайта кўриб чиқиш учун асосий шарт саналади.
Шунингдек, Сурияда ҳокимиятни қўлга киритган «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи озчиликлар ҳуқуқларини ҳурмат қилиши ва Россия билан унинг ҳарбий базаларини сақлаб қолиш бўйича келишувлардан воз кечиши кераклиги қайд этилган.
Аввалроқ Россия Суриянинг янги ҳукумати билан Тартус ва Ҳмеймимдаги ҳарбий базаларини сақлаб қолиш бўйича келишувга яқин тургани маълум қилинган эди. АҚШ ва Европа Иттифоқи «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» билан музокараларни давом эттирмоқда, бироқ гуруҳни халқаро изоляцияга тушириш эҳтимоли ҳақида огоҳлантирган.
Доналд Трампнинг Украина бўйича баёнотлари
АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича «кичик прогресс» борлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, у ва жамоаси Украинадаги «шафқатсиз ва даҳшатли» урушни тўхтатиш учун ҳаракат қилмоқда.
Трамп ўзининг Мар-а-Лаго қароргоҳида журналистларга берган интервюсида ҳар ҳафта Украинадаги уруш вазияти бўйича ҳисоботлар олишини, воқеаларнинг ҳақиқий аҳволи ОАВ орқали кўрсатилаётганидан анча ёмонлигини таъкидлаган. Унга кўра, жанглар асосан кенг текисликларда ўтмоқда ва қуролли тўқнашувларда қурбонлар сони ҳар икки томонда ҳам юқори. Трамп ҳар қандай йўл билан бу қонли урушни тугатишга ҳаракат қилишини таъкидлади ва бу масалада оптимистик эканини қўшимча қилди.
Трамп урушни бартараф этиш учун Владимир Путин билан алоқалар ўрнатиш ниятида эканлигини ҳам айтди. У шунингдек, Украина президенти Володимир Зеленскийдан урушни тугатиш бўйича келишувга тайёргарлик кўриши кераклигини ҳам айтган. Зеленскийни инаугурация маросимига таклиф қилмаганини ҳам қўшимча қилган.
Трамп жамоаси Байденнинг узоқ масофали ракеталардан Россия ичкарисига зарба бериш учун фойдаланишга из бериш тўғрисидаги қарорини қайта кўриб чиқиши мумкинлигини таъкидлади. У АҚШнинг бундай ҳаракатлари халқаро вазиятни янада кескинлаштириши мумкинлигини уқтирди.
Доналд Трамп Туркия ва Эрдўған ҳақида
Доналд Трамп матбуот анжуманида Суриядаги сўнгги воқеалар ҳақида гапириб, Башар Асад режими ағдарилиши юзасидан ҳам баёнот берди.
«Туркия жуда ақлли давлат. Президент Эрдўған эса ақлли ва кучли шахс. Асаднинг болаларга қилган ишларини ҳисобга олсак, у қонхўр жаллод», — деди Трамп.
Журналистлардан бирининг «Суриядаги 900 нафар АҚШ ҳарбийси билан нима қиласиз?» деган саволига Трамп: «Бунга бошқа ечим топиш керак. Ечимлардан бири Туркия билан ҳамкорликдир», — дея жавоб берди.
Трамп Туркиянинг «аҳамиятли қудрат» эканини таъкидлар экан: «Президент Эрдўған — кучли ва самарали армияни яратган етакчи. У билан яхши муносабатдаман», — деди.
Унинг фикрича, АҚШ Туркия билан биргаликда Сурияда кўпроқ самарага эришиши мумкин. Шунингдек, Трамп «Сурия калити Туркия қўлида» эканини ҳам алоҳида таъкидлади.
Россияга қарши янги санкциялар
Европа Иттифоқи Кенгаши Россияга нисбатан санкцияларнинг 15-пакетини тасдиқлади. Бу чоралар санкцияларни четлаб ўтишнинг олдини олиш, шунингдек, Путин режимига хизмат қилаётган соядаги флот ва ҳарбий-саноат секторини заифлаштиришга қаратилган.
Санкциялар рўйхатига 54 нафар жисмоний шахс ва 30 та юридик шахс киритилган.
Киевдаги болалар шифохонасига зарба берган ҳарбий бўлинма ва КХДРнинг юқори мартабали амалдорлари ҳам рўйхатдан ўрин олди.
Россия нефтини ташишга алоқадор 52 та танкер ва Россия мудофаа тармоғига боғлиқ кемасозлик компанияларига чекловлар жорий қилинди.
Россияга товар етказиб берувчи Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Сербия ва БААнинг 32 компанияси ҳам санкциялар доирасига киритилди. Бу гал Евроиттифоқ Хитойдаги айрим компанияларга нисбатан илк бор «тўлақонли» чекловларни қўллади.
АҚШ Молия вазирлигининг OFAC департаменти Россия ва КХДР билан боғлиқ 11 шахс ҳамда 8 ташкилотга нисбатан санкцияларни эълон қилди. Ушбу шахслар иккинчи даражали жазо чораларига тортилади.
Бу қадамлар Россиянинг иқтисодий тизимига босимни кучайтириш ва жаҳон сиёсий жараёнларида унинг мавқейини чеклашга қаратилган.
Олаф Шолцга ишончсизлик вотуми
Германия парламенти канцлер Олаф Шолцга ишончсизлик вотуми эълон қилди. Энди Шолц Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайерга парламентни тарқатишни таклиф қилиши лозим. Президентда бу қарорни қабул қилиш учун 21 кун вақт бор.
Шунингдек, Шолц бошлиқ амалдаги ҳукумат муддатидан олдин сайловларга қадар ишини давом эттиради. Бу ҳукмрон коалиция парчаланганидан кейин кутилган қарор эди. Шолц ўз ҳукуматини қўллаб-қувватлаш учун парламентга мурожаат қилган, аммо у кўпчиликнинг ишончини сақлаб қололмади.
Сўров натижаларига кўра, канцлерликка асосий даъвогар сифатида Христиан Демократик Иттифоқи раҳбари Фридрих Мерц кўрилмоқда. Уни Германия аҳолисининг 40 фоизи қўллаб-қувватлаётган бўлса, Шолцга атиги 31 фоиз сайловчилар ишонади.
Мавзуга оид
13:11 / 16.12.2024
Ғазодаги мактабларга ҳужум, Туркиянинг Суриядаги асосий мақсади ва ҳибсга олинаётган жанубий кореялик ҳарбийлар — кун дайжести
13:37 / 14.12.2024
Башар Асаднинг қочишдаги ёлғони, АҚШдан Украинага тарихий ёрдам ва Эронга зарба беришни кўзлаётган Трамп — кун дайжести
14:44 / 13.12.2024
Ҳарбий қудратидан айрилган Сурия, Рамзон Қодировнинг 100 минг жангчиси ва йил одами бўлган Трамп — кун дайжести
14:04 / 12.12.2024