Жаҳон | 21:00 / 07.07.2021
62597
4 дақиқада ўқилади

Ҳаити президенти қароргоҳга қилинган ҳужумда ўлдирилди. Унинг рафиқаси ҳам жароҳатланган

Ҳаити президенти Жовенел Моиз ўтган тунда рўй берган суиқасд қурбони бўлди. Қотиллар унинг пойтахт Порт-о-Пренседаги қароргоҳига бостириб киришган.

Ҳаити президенти Жовенель Моиз ва рафиқаси Мартина / REUTERS

«7 июлга ўтар кечаси ярим тунда испан ва инглиз тилларида сўзлашган номаълум шахслар гуруҳи республика президенти ҳаётига суиқасд қилишди. Президент олинган тан жароҳатлардан вафот этди», дея маълум қилган бош вазир вазифасини бажарувчиси Клод Жозеф.

У мамлакат президенти мажбуриятларини ўз зиммасига олган ва қотилликдан бир неча соат ўтиб аввалига ижро ҳокимиятига кўпроқ ваколатлар тақдим этувчи «қамал ҳолати» режими, кейинроқ умуммиллий фавқулодда ҳолат режимини эълон қилган. Қўшни Доминикан республикаси Ҳаити билан чегарани вақтинча ёпган.

Бош вазир телемурожаатида ҳужум қилганлар инглиз ва испан тилларида сўзлашгани ҳақида яна бир бор таъкидлаб, уларнинг қўлида «жуда катта калибрли қурол» бўлганини қўшимча қилган.

«Конституциянинг 149-моддасига кўра, мен вазирлар кенгашининг фавқулодда йиғилишини чақирдим ва биз бутун мамлакат бўйлаб қамал режимини жорий этишга қарор қилдик», деган Жозеф телемурожаатида.

Ҳужум натижасида биринчи леди Мартина Моиз ҳам жароҳатланган.

53 ёшда бўлган Жовенель Моиз 2017 йил февралидан буён ҳокимият тепасида эди. У Мишел Мартеллининг истеъфосидан кейин президентлик постини эгаллаганди.

Жозеф қотилликни қоралаб, уни «варварлик акти» деб атаган. Бош вазир вазифасини бажарувчи барчани хотиржамликка чорлаган ҳамда полиция ва армия мамлакатда тартибни сақлашини, хавфсизлик билан боғлиқ вазият назоратда эканини айтиб ўтган.

«Акалар ва сингиллар, биз президент нима учун курашганини биламиз. Биз биламизки Жоневель Моиз жасур инсон эди. Мамлакатдаги барча кучлар бу қотилликни қоралаши керак. [...] Президент Жоневел Моизнинг ўлими жавобсиз қолмайди. Уни ўлдиришлари мумкин, президент Жоневел Моизни жисмонан йўқ қилишлари мумкин, аммо унинг ғояларини ўлдириб бўлмайди», деган Клод Жозеф.

Ҳаити - Ғарбий яримшардаги энг қашшоқ мамлакатлардан бири ҳисобланади. Аҳолисининг 60 фоизи кунига 2 доллардан камроққа яшайди. Ҳаити аҳолиси сони 10,6 млн киши атрофида.

Коррупция, қашшоқлик ва диктатурада айбловлар
Ушбу қотиллик мамлакатда қашшоқлик ва беқарорлик жиддийлашган даврда рўй берди. Сўнгги ҳафталарда мамлакат пойтахтида жиноий гуруҳлар ва полиция вакиллари ўртасида доимий тўқнашувлар рўй бераётганди.

Йил бошида мухолифатчилар Моизни ўзининг ҳокимиятда бўлиш даврини сунъий узайтириб, диктатура ўрнатишга уринишда айблаганди. Президент ва мухолифат муддат борасида баҳслашиб келарди. Моиз конституция бўйича унинг ваколат муддати 2022 йил 7 февралига бориб тугашини айтган бўлса, мухолифатчиларнинг фикрича, у бир йил олдин - 2021 йил 7 февралида лавозимдан кетиши керак эди.

Моиз ҳокимиятга келган 2017 йилги сайловларда давомат жуда паст бўлган.

Президентнинг рақобатчилари уни инфляция ўсиши, амалдорларнинг коррупцияга ботгани ва иқтисодий вазият оғирлашганида айбдор санашади. 2020 йилдан Моиз мамлакатни парламент иштирокисиз, тўғридан тўғри бошқаришга киришган, аввалги парламент депутатлари сайлов тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонунни қабул қила олишмаганди.

2020 йилда АҚШ давлат котиби бўлган Майк Помпео Ҳаити президентини сайловлар кунини имкон қадар тезроқ тайинлашга чақирганди.

Февраль ойида Ҳаити ҳукумати 23 кишини, шу жумладан Олий суда судьяси ва юқори мартабали амалдорлардан бирини давлат тўнтаришига уриниш ва президент Моизга суиқасд тайёрлашда айблаб ҳибсга олган.

2020 йил февралида ҳам ҳукумат давлат тўнтаришига уриниш ҳақида маълум қилганди, ўшанда намойишчилар пойтахтда баррикадалар ўрнатишган, полициячилар эса маошларни ошириш талаби билан армия штабига ҳужум қилганди.

 

Мавзуга оид