Жаҳон | 12:07 / 11.03.2024
6260
3 дақиқада ўқилади

ХМТ: Ҳаити пойтахти қамал ҳолатида

Ҳаити пойтахти қуролли гуруҳлар томонидан қуршаб олинган, унинг аҳолиси қамал ҳолатида яшаяпти, дейди Халқаро миграция ташкилоти миссияси раҳбари. Қўшма Штатлар элчихона ходимларининг бир қисмини Порт-о-Пренсдан эвакуация қилди. 

Фото: Odelyn Joseph/AP Photo/picture alliance

Ҳаитида жиноий тўдалар томонидан зўравонлик авж олгани муносабати билан Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) маҳаллий миссияси раҳбари Филипп Бранша 9 март куни мамлакатда гуманитар вазият кескин ёмонлашганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Порт-о-Пренс аҳолиси «қамал ҳолатида» яшаяпти, шаҳар «қуролли гуруҳлар ва хавф-хатарлар билан ўраб олинган». 

Рим папаси Франциск 10 март, якшанба куни Ҳаитида кучайиб бораётган гуманитар инқирозга муносабат билдирар экан, халқаро ҳамжамиятни мамлакатда тинчлик ва ярашувга эришишда ёрдам беришга чақирди. 

Қўшма Штатлар Порт-о-Пренсдаги элчихонадан баъзи ходимларни эвакуация қилди. АҚШ Қуролли кучлари жанубий қўмондонлиги (Southcom) маълумотларига кўра, АҚШ ҳарбийлари элчихонанинг муҳим вазифаларни бажармайдиган ходимларини эвакуация қилиш бўйича операция ўтказган ва дипломатик миссия хавфсизлигини кучайтирган. 

Элчихонанинг аниқлик киритишича, у «очиқ қолмоқда». 

Ҳаитидаги ҳукумат ва инфратузилма объектларига тўдалар ҳужумлари март ойи бошида бошланган. Мамлакатда фавқулодда ҳолат ва комендантлик соати жорий этилди. 

Доминикан Ҳаитида зўравонлик кучайишини ўз хавфсизлигига таҳдид сифатида кўряпти

Ҳаити бош вазири вазифасини бажарувчи Ариэл Анри ҳужумлар бошланганда мамлакатда бўлмаган ва ўз ватанига қайтиб кела олмаган. Ҳаитининг қўшни Доминикан Республикаси президенти Луис Абинадер «хавфсизлик нуқтайи назаридан» Анрини номақбул шахс деб эълон қилди ва уни қабул қилишдан бош тортди. Доминикан президент идораси Ҳаитидаги инқироз Доминикан Республикаси барқарорлиги ва хавфсизлигига бевосита таҳдид солаётганини айтди. Зўравонликлар авж олгани сабабли Ҳаитидаги иккала халқаро аэропорт ҳам ёпилган. 

9 март куни қуролли гуруҳлар пойтахт Порт-о-Пренсдаги ҳукумат бинолари, полиция идоралари, ички ишлар вазирлиги ва президент саройига ҳужум қилган. ОАВнинг хабар беришича, бутун шаҳарда отишма овозлари эшитилган. 

Тартибсизликлар бошланишига Кариб ҳавзаси етакчилари йиғилишида Ариэл Анрининг 2025 йил ўрталарида умумий сайловлар ўтказиш ҳақидаги келишуви сабаб бўлди. «G9 ва оила» гуруҳига раҳбарлик қилувчи собиқ нуфузли полиция бўлими зобити Жимми Шеризе бошчилигидаги Ҳаити тўдалари қарорни танқид қилиб, бош вазир истеъфога чиқмаса, фуқаролар уруши билан таҳдид солди. 

Анри рози бўлган сайловлар Ҳаити учун 2021 йил июл ойида мамлакат президенти Жовенел Моиза ўлдирилганидан кўп ўтмай, бош вазир назоратни қўлга киритганидан кейинги биринчи сайлов бўларди. Ҳозир мамлакатда на президент, на парламент бор.

Мавзуга оид