Ўзбекистон | 11:43 / 09.09.2022
7012
1 дақиқада ўқилади

Дам олиш кунлари аксарият ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғади

Бугун кундуз куни Ўзбекистон ҳудуди катта қисмида 32-35 даража атрофида бўлган ҳарорат билан қуруқ ва бироз иссиқ об-ҳаво сақланиб туради. Фақат республика ғарби бўйича Волгабўйи ҳудудларидан салқин ва бироз нам ҳаво массалари кириб келиши давом этади.

Фото: Kun.uz

“Ўзгидромет” хабарига кўра, шанба ва якшанба кунлари ҳаво массаси кириб келиши республика барча ҳудудларига тарқалади ва ҳафта охирида кузги салқин сифатида ўзини намоён этади.

11 сентябрда осмонда кузги булутлар пайдо бўлади, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятлари айрим жойларида бироз ёмғир ёғиш эҳтимоли бор. 11-12 сентябрда Фарғона водийси вилоятлари бўйича баъзи жойларда ва республика тоғли ҳудудларида ёмғир ёғади.

Фронт кириб келишида 10-11 сентябр кунлари шамол 15-18 м/с гача кучаяди, айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилади, шанба куни Сурхондарё вилоятида ва Фарғона водийси вилоятларида шамол кучайиши баъзи жойларда 20-23 м/с га етиши мумкин.

Республика ҳудуди катта қисмида ҳаво ҳарорати пасаяди ва якшанба кунига келиб кундуз кунги ҳарорат 23-28 даража иссиққача тушади. Душанба кунига келиб тунги ҳарорат ўз минимумига етади, бунда термометр кўрсаткичи 10-13 даража илиққача тушади.

Мавзуга оид