Экология қўмитаси матбуот котиби ишдан бўшашга мажбурланмоқда. У Раматов бўйича «ғалати топшириқ»ни бажаришга кўнмагани учун босимга учраганини айтмоқда
2 феврал куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида қўмитанинг бир қатор ходимлари ишдан олинган. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати раҳбари Бунёд Абдуллаев Kun.uz’га маълум қилди.
«30 январ куни Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари ўринбосарлари қўмитага келиб йиғилиш ўтказди. Унда қўмитанинг асосан ўрта бўғин фаолияти кескин танқид остига олинди. Яъни экология соҳасидаги барча камчиликлар ўрта бўғинда эканлиги таъкидланди. 2 феврал куни эса бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ва у бошчилигидаги комплекс раҳбарлари, вазир ҳамда вазир ўринбосарлари иштирокида кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши чақирилди.
Бу йиғилишда 6 нафар бошқарма бошлиқлари ишдан олинди. Жумладан, ўша куни ишдан кетади дейилганлар рўйхатида қўмитанинг Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Умиджон Абдужалилов, Сув, ер ресурслари ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Собир Машрабов, Халқаро алоқалар ва ҳамкорлик бўлими бошлиғи Жаҳонгир Толипов, юрист Даврон Холмуҳаммедов ва Қашқадарё вилоят бошқарма бошлиғи Ғанишер Иброҳимов ҳамда менинг исм-фамилиям бор эди», дейди Абдуллаев.
Матбуот котибининг айтишича, ўзининг ҳам бу «рўйхатга тушиб қолиши»га икки ҳафта аввал «юқоридан келган ғалати топшириқ» сабаб бўлиши мумкин. У бу топшириқни Транспорт вазирлигининг масъул ходимидан олганини маълум қилди.
«Икки ҳафта аввал Ўзбекистон Транспорт вазирлигидан шахсий телефон рақамимга қўнғироқ бўлди. Қўнғироқда ўзини «Раматовнинг маслаҳатчисиман» деб таништирган киши менга бош вазир ўринбосарининг ижобий имижини шакллантириш мақсадида алоҳида штаб ташкил қилингани ҳамда биз ҳам шу имижни яхшилаш учун ҳафтанинг ҳар жума куни улар тасдиқлаган мавзу бўйича маълумот бериб туришимиз кераклигини буюрди.
Маслаҳатчининг айтишича, кейинроқ штабга тўпланган бу маълумотлар барча оммавий ахборот воситаларига уларнинг номидан тарқатилар экан.
Ҳозир сиёсий жараёнлар олдида турибмиз. Мен табиийки, бундан шубҳаландим, чунки ҳозир сайлов жараёнлари яқинлашмоқда. Шу сабаб мен унга раҳбарият томонидан қандайдир топшириқлар бўлсагина уни бажаришимни айтдим.
«Раматовнинг маслаҳатчиси» эса: «Мени тўғри тушунмадингиз шекилли, «Кабмин»даги кураторингизга айтаман, ўзи гаплашади», дея телефонни ўчириб қўйди.
Орадан кўп ўтмай менга энди Вазирлар Маҳкамасидаги «кураторимиз» Баҳодир Шукуров телефон қилди (Баҳодир Шукуров Вазирлар Маҳкамасида бош мутахассис вазифасида ишловчи мутахассис – таҳр.)», дейди Абдуллаев.
Бунёд Абдуллаев «куратори»дан ёзма топшириқ туширишни сўраган.
«У менга штаб бошлиғи (маслаҳатчи) берган топшириқларни сўзсиз бажаришимни буюрди. Мен бу бўйича фақат ёзма топшириқ келсагина иш бошлашимни айтдим.
Баҳодир Шукуров эса ёзма топшириқ бўлмаслиги, шу қўнғироқ менга ёзма топшириқлигини айтди. Унга яна аввалги жавобимни такрорлаганимдан кейин телефонни жаҳл билан қўйиб қўйди», дейди Бунёд Абдуллаев Kun.uz мухбири билан суҳбатда.
Абдуллаев ҳозирда қўмита раҳбарияти билан муносабатлари анча таранглашганини, қўмита раиси ва кадрлар бўлими бошлиғи ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб беришни талаб қилиб, унга босим ўтказаётганини таъкидлади.
«Мен сабабсиз ариза ёзмаслигимни айтяпман. Ўйлайманки, шунчаки сабабсиз ишдан бўшаб кетмайман. Ўзбекистонда меҳнат қонунчилиги ишлашига ишонаман», деди Абдуллаев.
Kun.uz тез орада Бунёд Абдуллаев билан мавзу юзасидан батафсил интервью уюштиришни мўлжаллаган.
- Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига 2020 йил мартидан раислик қилган Шавкат Абдураззоқов 2020 йил сентябрида Наманган вилояти ҳокимлигига ўтказилгач, унинг ўрнини Алишер Мақсудов эгаллаганди. 2020 йил апрелидан буён қўмита раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Нарзулло Обломуродов 2021 йил 1 февралида Ўзбекистон Экологик партиясининг янги раиси этиб сайланди.
- Очилбой Раматов 2002 йилдан 2016 йилгача «Ўзбекистон темир йўллари»га раҳбарлик қилган, 2016 йил декабридан буён бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келади. У ҳукуматда ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплексининг раҳбари сифатида йирик қурилиш лойиҳаларига маъсул шахс ҳисобланади.
- Бунёд Абдуллаев 2020 йилнинг май ойида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби этиб тайинланганди. Аввал «Ҳуррият» ва «Жамият» газетаси мухбири, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида шарҳловчи, етакчи муҳаррир, бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган. Шунингдек, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида ҳамда Президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази етакчи илмий ходими сифатида фаолият кўрсатган.
Мавзуга оид
17:43 / 21.11.2024
Бош вазир ўринбосарлари ва вазирларнинг барчаси ўз лавозимини сақлаб қолди (фото)
18:14 / 10.06.2024
Индонезияда беш метрлик бўғма илон аёлни бутунлай ютиб юборди
22:50 / 31.05.2024
600 мингдан ортиқ кўчат суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларга экилган — Сенат
11:05 / 30.05.2024