Ўзбекистон | 19:40 / 21.08.2019
22068
2 дақиқада ўқилади

Президент Тахиатош ИЭСни кўздан кечирди ва Қорақалпоғистонга сафарини якунлади

Тахиатош иссиқлик электр станциясида ҳар бири 230-280 мегаватт қувватга эга бўлган иккита буғ-газ қурилмаси барпо этилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга сафари чоғида мазкур инвестиция лойиҳаси бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди. 

«Мамлакатимизда саноатни ривожлантириш борасида катта марра олганмиз, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этяпмиз. Булар учун аввало мустаҳкам инфратузилма керак. Бу лойиҳа Қорақалпоғистон ва Хоразмда энергия таъминотини яхшилаш, аҳолига куз-қиш мавсумида ҳам узлуксиз электр қуввати етказиб бериш учун жуда муҳим», - деди давлат раҳбари.

Бундай стратегик ишлар бошқа ҳудудларда ҳам амалга оширилмоқда. Хусусан, Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қурилмоқда, Навоий иссиқлик электр станцияси ва Фарғона иссиқлик электр маркази модернизация қилинмоқда. 

Тахиатош иссиқлик электр станцияси уларнинг тўртинчиси.

«Президентимизнинг 2017 йил 11 сентябрдаги қарори асосида амалга оширилаётган ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 678,2 миллион долларни ташкил этади. Иккита буғ-газ қурилмасининг ишга туширилиши натижасида станциянинг умумий қуввати 730 МВтдан 1003 МВтгача ошади. Йилига 488,6 миллион куб метр табиий газ тежалишига эришилади. Шунингдек, йиллик сув сарфи 293 миллион куб метрга камаяди. Юзга яқин янги иш ўрни яратилади. 

Тахиатош ИЭСда биринчи буғ-газ ускунаси жорий йил ноябрда, худди шундай қувватга эга иккинчи ускуна кейинги йил январда ишга туширилади.

Лойиҳа Жанубий Кореянинг «Hyundai Engineering Co. Ltd.» ҳамда «Hyundai Engineering & Construction Co. Ltd.» компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Давлат раҳбари мазкур компаниялар вакиллари билан суҳбатлашди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Шу билан Президентнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.

 

Мавзуга оид