Жаҳон | 20:45 / 05.06.2021
12966
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон ва Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмиталари раҳбарлари қўшинларни чегарадан олиб кетишга келишиб олди

Қайд этилишича, томонлар чегара постларини ҳар икки тарафдан 3 километр ичкарига кўчириш, қўшинларни, ҳарбий қурилмаларни доимий жойларига қайтариш ва чегарада фақат штатдаги чегара нарядларини қолдиришга келишиб олган.

5 июн куни «Қорамиқ» чегара участкасида Тожикистон ва Қирғизистон давлат миллий хавфсизлик қўмиталари раҳбарлари Саймўмин Ятимов ва Қамчибек Тошиев ўртасида музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар берди Азия-Плюс.

Музокаралар якунида Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича давлат комиссияси қўшма баёнот имзолади.

Қайд этилишича, томонлар чегара постларини ҳар икки тарафдан 3 километр ичкарига кўчириш, қўшинларни, ҳарбий қурилмаларни доимий жойларига қайтариш ва чегарада фақат штатдаги чегара нарядларини қолдиришга келишиб олган.

Шунингдек, мазкур участкадаги яйловлардан фойдаланиш бўйича қарор қабул қилинган.

Бундан ташқари, протоколга кўра, давлат чегарасидаги ҳар қандай ҳаракатлар томонлар раҳбарлари билан аввалдан келишилади, томонларнинг чегара нарядлари белгиланган чизиққа риоя қилади.

4 июн куни тожик-қирғиз чегарасида нохуш вазият юз берди.

Қирғизистон ОАВ Тожикистонни келишувларни бузиш ва белгиланмаган чегара участкасида контейнер ўрнатишда айблади.

Тожикистон чегарада чегара нарядини жойлаштириш келишув бузилиши эмаслигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 29 апрел куни Қирғизистон ва Тожикистон чегараларида яшовчи аҳоли ўртасидаги низо икки давлат ҳарбийларининг қуролли тўқнашувига айланиб кетди.

Тўқнашувларда ҳар икки томондан 50дан ортиқ киши ҳалок бўлди, 300дан ортиқ киши жароҳатланди.

Мавзуга оид