Ўзбекистон | 13:00 / 01.02.2019
17700
5 дақиқада ўқилади

Депутат таклифи: чигирткадан паррандачилик ва чорвачиликда унумли фойдаланиш мумкин

Фото: Wikipedia

Маълумки, чигиртка республиканинг айрим ҳудудларида жуда кўпайиб кетиб, яйловларга, далалардаги экин майдонларига катта зиён етказади. Бу зараркунандаларга қарши дорилар ва техник воситалар билан таъминланган махсус гуруҳлар кураш олиб боради. Лекин чигирткага қарши сепилган дорилар у билан бирга ердаги фойдали ҳашаротларни ҳам нобуд қилади, одамларнинг соғлигига зарар етказади, айниқса, ёш болаларда нафас йўллари билан боғлиқ аллергик касалликлар кўпайишига олиб келмоқда, дея маълумот беради «Миллий тикланиш» газетаси.

Ғузор туман кенгаши ЎзМТДП депутати Эрниёз Холмирзаев муаллифлигидаги мақолада баён этилишича, фойдали ҳашаротлар ерни ковлаши натижасида тупроқ ғовакланиб, кислород билан таъминланади. Улар олиб кирган озуқалар чириндиси ерга ўғит бўлади. Дори сепилган жойларда эса ер заранглашиб, ўсимликлар ва ўт-ўланлар камайиб кетади, табиат камбағаллашиб боради. Бу эса чорва моллари боқиладиган яйловлар қисқаришига ҳамда дори сепилган жойларда ўтлаган ҳайвонларнинг иммунитети пасайиб, касалликларга чидамсиз бўлишига, қолаверса, молларнинг наслига ҳам таъсир қилиб, қўзи, улоқларнинг нимжон, касалманд туғилишига олиб келади.

Муаллиф чигирткадан паррандачилик ва чорвачиликда унумли фойдаланиш мумкинлигини таъкидлаб, бу борада ўз таклифини билдиради. Унга кўра, чигирткани 10 кунлигидан бошлаб йиғиб, товуқчилик, балиқчилик фирмасига 1 килограммини 5000 сўмдан сотишни йўлга қўйиш лозим. Амалиётда кузатилган тажрибаларга кўра, чигирткани истеъмол қилган товуқ ва куркаларнинг тухумлари катта, калорияси юқори, ҳатто тухум ичидаги сариғи иккитадан бўлиши мумкин. 

Ғоя муаллифи келтириб ўтган ҳисоб-китобларга қараганда, товуқ фермаларига бир кунда 1 тонна озуқа кетадиган бўлса, унинг нархи ўртача ҳисобда 1.5 миллион сўм бўлади. Йиғилган чигиртка килосига 500 сўмдан тўлаб олинадиган бўлса, 1 тоннаси 500 минг сўмга тўғри келади. Техник харажатлар билан ундан сал зиёдроққа ҳам тушиши мумкин. 

«Ҳаттоки чигирткани йиғиштириб, иссиқда қуритиб, чорва моллари учун озуқа сифатида қишга захира қилиб сақласа ҳам бўлади. Бунинг учун чигирткалар кўп учрайдиган туманларда баҳор ойида бу фаолият йўлга қўйилиб, товуқ фермаларига етказиб берилса, олам гулистон», — дея қўшимча қилади у.

Чигирткани ушлаб, йиғиш масаласида пайдо бўлган саволга Эрниёз Холмирзаев оддий ечимларни таклиф қилади. Яъни эрталаб ва кечқурун чигирткалар карахт ҳолда бўлади. Шунда 3 ёки 5 литрлик таги кесилган пластик идишлар ёрдамида ҳашаротлар ердан сидириб олиниб, халтага жойланади. 

Яна бир усул: куннинг иссиғида ерга сув сепиб, кўк бедани ёйиб қўйса, ҳамма чигиртка шунга ёпирилиб келишини ғоя муаллифи ўз тажрибасида синаб кўрган.

Эрниёз Холмирзаев келтириб ўтган маълумотларга кўра, мол гўштида 17 фоиз, балиқда 27 фоиз, чигирткада эса 75 фоиз оқсил бор. Чигирткадан озуқа сифатида фойдаланилса, чорва моллари ва паррандалар учун ҳам юқори калорияли, ҳам арзон озуқа бўлади, ўз навбатида, гўшт ва гўшт маҳсулотлари нархига ҳам ижобий таъсир кўрсатади, дейди у. 

«Агрокимёҳимоя» ХАЖ Ғузор туман филиали томонидан бу таклиф ўрганиб чиқилган, чигиртка билан боқилган чорванинг семиргани тасдиқланган, буни оммалаштириш бўйича далолатнома ҳам тузилган. 

«Аммо ҳеч қандай амалий тадбир қилинмади, қаёққа борсам, фикримни рад этишяпти», — дейди Холмирзаев.

Чорвачилик институти директори Аъзамжон Нурматов мазкур ғоянинг қанчалик асосли эканлигига қуйидагича муносабат билдирди:

– Чиндан ҳам чигиртка оқсил (протеин)га бой. Уни товуқларга, балиқларга бериш маҳсулот самарадорлигини ошириши мумкин. Лекин чигиртка билан чорва молларини боқиш борасида бизда ҳеч қандай изланиш олиб борилмаганлиги учун бир нарса дейиш мушкул. Бундай усулнинг жониворлар соғлигига акс таъсири ҳам бўлиши мумкинлигини инобатга олиш керак.

Ветеринар мутахассис Адҳам Жовлиевнинг фикрича, чигирткани йиғиб олиш борасида таклиф қилинаётган икки усул ўзини унчалик оқламайди.

«Аммо териб олишнинг мақбул – ҳам атрофга, ҳам озуқа бўлиши кўзланган чигирткага зиён етмайдиган усулини ишлаб чиқиш ҳамда ғояни амалиётда синаб кўриш керак», — дея таклиф қилади мутахассис.​

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов

Мавзуга оид