Жаҳон | 08:33 / 13.02.2026
12447
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: ЙТҲдан кейин Адам Қодировнинг талоғи олиб ташланган

“Новая газета Европа” нашри версиясига кўра, Грознийдаги ЙТҲдан кейин Адам Қодировга жароҳат сабаб қатъий парҳез белгиланган ва у анча озиб кетган. 

Фото: AP

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг ўғли — 18 ёшли Адам Қодировнинг январ ойида Грознийда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси (ЙТҲ)дан кейин талоғини олиб ташлашган бўлиши мумкин. Бу ҳақда пайшанба, 12 феврал куни “Новая газета Европа” манбага таяниб хабар берди.

Нашр ёзишича, Москвадаги Боткин касалхонасида Қодировнинг ўғлига ярим йил давомида қатъий парҳез белгиланган. Версияга кўра, Қодировнинг ўғлида жағ суягида ёриқ ҳам аниқланган бўлиб, бу вақтинча қаттиқ овқат истеъмол қилишни истисно этади. Газета қайд этишича, уч ҳафта ичида Адам Қодиров анча озиб кетган.

Уларнинг таъкидлашича, шифокорлар кўриш функцияси шикастланишини ҳам аниқлаган. Нашр манбаси сўзларига кўра, “ҳалигача бу жароҳат оқибатлари қандай бўлиши аниқ эмас, хавф бор”, яъни Қодировнинг ўғли “бир кўзи кўрмай қолиши” мумкин.

Чеченистон ҳокимияти томонидан бу маълумотга расмий тасдиқ берилмаган.

Қодировнинг Telegram-канали 10 феврал куни видео жойлаштирди: унда “кечки овқат” пайтида хонага Қодировнинг ўғли кириб келаётгани кўринади. Кадрларга қараганда, у бир неча килограмм ташлаган. Видеода у ҳеч нарса емаган.

Чеченистон мухолиф ҳаракати NIYSO'нинг Telegram-канали 16 январ куни Қодировнинг ўғли кортежи “одатдагидек, юқори тезликда, машина ортидан машина ҳаракатланаётганда кутилмаганда тўсиққа дуч келгани” ҳақида хабар берди. “Натижада машиналар бир-бирига урилган”, — дейилган хабарда. Канал маълумотига кўра, ЙТҲда оғир тан жароҳати олганлар орасида Чеченистон раҳбари ўғлининг уч нафар қўриқчиси ҳам бор.

Адам Қодиров — Чеченистон Хавфсизлик кенгаши котиби. 2025 йил апрелида у Чеченистон Ички ишлар вазирлиги кураторлигига тайинланган. Бундан ташқари, Қодировнинг ўғли Путин номидаги махсус тайёргарлик бўйича Россия университетини, шунингдек РФ Мудофаа вазирлиги таркибидаги Шайх Мансур ва Байсангур Беноевский номли баталонларга ҳам кураторлик қилади.

“Новая газета” маълумотларига кўра, 2019 йил январ ойида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга ошқозоности бези некрози ташхиси қўйилган, 2022 йил баҳоридан эса унинг аҳволи ёмонлаша бошлаган. “Новая газета Европа” ёзишича, РФ президенти маъмурияти Чеченистонда ҳокимият алмашинуви сценарийсини 2023 йил сентябридан бери ишлаб чиқмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид