Иқтисодиёт | 10:54 / 30.10.2018
10932
5 дақиқада ўқилади

МБ: мамлакатда иқтисодий фаоллик ошган, бироқ айрим салбий омиллар мавжуд

Марказий банк 2018 йилнинг III чорагида иқтисодиёт реал секторидаги ҳолат ва кутилмаларни ўрганиш натижаларини эълон қилди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг III чораги якуни бўйича ўтказилган сўров натижалари, умуман олганда мазкур чорак давомида мамлакатда иқтисодий фаоллик даражасининг II чоракка нисбатан ошганлигини ҳамда иқтисодий кутилмаларининг яхшиланганлигини кўрсатмоқда.

Сўровда қатнашган корхона ва ташкилотларнинг 65 фоизи (ўтган чоракда 56 фоизи) маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш ҳажмининг ҳамда экспортёрларнинг 50 фоизи (ўтган чоракда 43 фоизи) экспорт ҳажмининг реал ҳисобда ошганлигини маълум қилган.

Жорий йил якуни бўйича маҳсулотлар (иш, хизматлар) ишлаб чиқариш реал ҳажмининг 2017 йилга нисбатан ўсишини кутаётган корхона ва ташкилотлар улуши II чоракдаги 69 фоиздан III чоракда 76 фоизгача, экспорт ҳажмининг аввалги йилга нисбатан ошишини прогноз қилаётган экспортёр корхоналар улуши эса 72 фоиздан 82 фоизгача ошган.

Ушбу натижалар билан бир қаторда, сўров давомида иқтисодиётнинг реал секторида ишлаб чиқаришнинг янада юқори суръатларда ўсишига тўсқинлик қилаётган омилларнинг сақланиб қолаётганлиги ҳамда корхона ва ташкилотлар молиявий-иқтисодий фаолиятининг айрим кўрсаткичларининг нисбатан пасайганлиги қайд этилган.

Хусусан: 

иқтисодиётда ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик фаолиятини юритиш билан боғлиқ хатарларнинг (қийинчиликлар, тўсиқлар, муаммоларнинг) сақланиб қолаётганлигини маълум қилган респондентлар улушининг II чоракдаги 40 фоиздан III чоракда 48 фоизгача ошганлиги; 

корхона ва ташкилотларнинг инвестицион фаоллигининг мазкур чоракда нисбатан суст даражада шаклланиб, инвестицияларни амалга оширган респондентлар улушининг II чоракдаги 43 фоиздан III чоракда 33 фоизгача камайганлиги;

иш ўринлари сонининг ошганлигини маълум қилган респондентлар улушининг 46 фоиздан 37 фоизгача қисқарганлиги; 

корхона молиявий-иқтисодий ҳолатининг ёмонлашганини маълум қилган респондентлар улушининг кўпайганлиги маълум бўлди.

Шунингдек, сўнгги сўров натижалари жорий йилнинг III чораги якуни бўйича ҳам, худди ундан аввалги чоракдагидек, корхона ва ташкилотларнинг 60 фоизида ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасининг 80 фоиздан паст даражада сақланиб қолганлигини кўрсатмоқда. Бу эса, реал сектор корхоналари ишлаб чиқариш фаолиятининг иқтисодиётдаги ялпи талаб ўзгаришига (фаол фискал ва инвестицион сиёсат юритилиши натижасидаги ўсишига) етарлича тезкор мослашувчан эмаслигини англатади.

Ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланилмасликнинг асосий сабаблари сифатида хом-ашё таъминоти билан боғлиқ муаммоларни кўрсатган корхона ва ташкилотлар улуши II чоракдаги 28 фоиздан III чорак якуни бўйича 43 фоизгача ошган бўлиб, сўров натижалари мазкур муаммонинг айниқса нефть-газ, кимё, қурилиш материаллари, енгил саноат ва озиқ-овқат саноат тармоқларида ҳамда қурилиш ишлари соҳасида долзарблигини кўрсатмоқда.

Шунингдек, респондент корхона ва ташкилотларнинг 34 фоизи маҳсулот (иш, хизматлар) ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга тўсқинлик қилаётган омил сифатида хом-ашё материаллар нархининг юқорилигини кўрсатиб ўтганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. 

Бундан ташқари, табиий газ ва электр энергияси таъминоти ҳамда инфратузилма объектларидан (автомобиль ва темир йўллар, сув ва канализация тармоқлари ва бошқалардан) фойдаланиш борасида ҳолат яхшиланган бўлсада, респондентларнинг 26 фоизи (II чоракда 32 фоиз) табиий газ таъминотида, 32 фоизи (II чоракда 39 фоиз) электр энергияси таъминотида ҳамда 41 фоизи (II чоракда 45 фоиз) инфратузилма объектларидан фойдаланиш борасида муаммоларнинг мавжудлигини маълум қилган.

Сўров доирасида корхоналарнинг экспорт фаолияти ривожланишига тўсқинлик қилаётган омиллар ҳам ўрганилган бўлиб, респондент корхоналарнинг 21 фоизи транспорт харажатларининг юқорилигини, 14 фоизи экспорт қилиш билан боғлиқ жараёнларнинг мураккаблигини ҳамда 18 фоизи ташқи бозорларда корхона маҳсулотларига талаб ва нарх бўйича маълумотларнинг етарли эмаслигини асосий сабаблар сифатида кўрсатган.

Сўров натижалари жорий йилнинг III чорагида иқтисодиётда инфляцион жараёнларнинг аввалги чоракка нисбатан кучайганлигини кўрсатмоқда. Жумладан, ушбу чоракда ўз маҳсулотлари (иш, хизматлари) нархини оширган корхона ва ташкилотлар улуши 38 фоиздан 54 фоизгача ошган бўлиб, респондентларнинг 74 фоизида (II чоракда 70 фоиз) нархларнинг ўсиши 1-10 фоиз оралиғида шаклланган.

Мавзуга оид