Ўзбек спорти Париж олимпиадасида ўзининг энг яхши натижасини қайд этди. 13 та медал, хусусан 8 та олтин олган Ўзбекистон делегацияси 206 та давлат орасида 13-ўрин, постсовет макони, туркий дунё ва мусулмон мамлакатлари орасида 1-ўрин, Осиё бўйича эса 4-ўринни эгаллади.
Gazeta.uz нашри бу олимпиадага тайёргарлик ва совриндорларни тақдирлаш Ўзбекистон бюджетига қанчага тушганини ўрганиб, олинган маълумотларни бошқа давлатлар билан таққослади.
Тайёргарлик ва қатнашиш харажатлари
Аввалги йиллардаги давлат бюджети тўғрисидаги қонунларга кўра, 2024 йилги ёзги олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш ва унда иштирок этиш учун:
- 2022 йилда 135 млрд сўм;
- 2023 йилда 216 млрд сўм;
- 2024 йилда 250 млрд сўм ажратилган.
Юқоридагилардан келиб чиқилса, Париж олимпиадасига тайёргарлик кўриш учун жами 601 млрд сўм маблағ ажратилган. Ҳар бир йил учун ўртача доллар курсида бу тахминан 50,55 млн долларни ташкил қилади.
Тақдирлаш харажатлари
Президент фармонига кўра, олимпиада чемпионлари 200 минг доллар, кумуш медал соҳиблари 100 минг доллар, бронза медал совриндорлари 50 минг доллар билан мукофотланди. Мураббийлар эса мос равишда 50 минг, 25 минг ва 12,5 минг доллар пул мукофотлари билан тақдирланди.
Шунга кўра, олимпиаданинг 8 нафари ғолибига жами 1,6 млн доллар, иккита кумуш медал соҳибига жами 200 минг доллар, бронза медалини олган уч спортчига эса жами 150 минг доллар топширилди. Шу тариқа, спортчиларнинг мукофот жамғармаси 1,95 млн долларни ташкил этди.
Gazeta.uz'нинг қайд этишича, мураббийларнинг қанчаси мукофот пули олиши ҳозирча номаълум, бироқ ҳар бир спортчи учун битта мураббий мукофот олади, дея ҳисобласак, миқдор 487,5 минг долларни ташкил қилади.
Олтин эгаларига 1,04 млрд сўм ёки 82,33 минг долларлик Tahoe автомобиллари ҳам топширилди. Кумуш медал соҳибларига 395,3 млн сўмдан (31,3 минг доллар) баҳоланган BYD Song Plus EV Champion автомобиллари, бронза медали соҳибларига эса 387,2 млн сўмдан (30,67 минг доллар) баҳоланган BYD Song Plus DM-i Champion автомобиллари берилди.



















