Ўзбекистон | 20:29 / 05.06.2021
31428
3 дақиқада ўқилади

Автомашинасининг ғилдираги чуқурга тушган ҳар бир ватандош йўлсозларни баддуо қиляпти – Алишер Қодиров

«Миллий тикланиш» демократик партияси етакчиси, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров Автомобил йўллари қўмитасининг «Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфиддиновнинг маърузасидан норози бўлиб, Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига хат киритганига муносабат билдирди.

«Автомобил йўллари қўмитаси Мусулмонлар идорасига “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом хатиби Саййид Раҳматуллоҳ Термизийдан шикоят қилибди.

Домланинг, агар хизматчида иймон бўлса, эътиқод бўлса, ҳалол ишлайди, деган сўзлари ёқмаган, буни ҳақорат деб қабул қилишибди.

Бундан бир қанча вақт аввал “Миллий тикланиш” ДП фракциясининг ташаббуси билан Қонунчилик палатасида ҳам ушбу қўмитанинг ахбороти эшитилган, кескин танқид қилинган эди», деб ёзди у телеграм-каналида.

Қодировнинг маълумот беришича, 2021 йилда автомобил йўллари қуриш учун 2,2 триллион сўм маблағ ажратилган. Ўтган йилда бу миқдор 1,51 триллион сўмни ташкил этган.

Ўзбекистон ҳудудида 4 минг километрга яқин халқаро аҳамиятдаги йўллар бор. Ахборотга кўра бу йил:

  • А380 йўлининг 753-765, 806-812 ва 916-964 километрлари;
  • А373 йўлининг 0-15 ва 450-475 километрлари;
  • М39 йўлининг 1315-1330 километрлари;
  • А378 йўлининг 0-2,4 километрлари таъмирланган.

«Усулни қаранг... Бардавом ва битмас-туганмасликнинг формуласи.

Бу усулда Ўзбекистондаги халқаро йўллар 2 минг йилдан кейин ҳам талаб даражасига чиқмайди. Чунки, таъмирлаб бўлган қисмингизни тугатишингиз билан ўтган йили таъмирлашни тугатган қисмингиз яна таъмирталаб бўлиб қолаверади.

Бюджет эса меҳрибон соғин сигирдек, сўрасак бераверади.

Эшитувда бир депутатимиз Қўмита раисига очиқчасига соҳа коррупцияга ботиб кетганлигини айтганида, Қўмита раиси жаҳл билан исботлаб беришни талаб қилган эди. Агар яқинда қурилган йўл, бир йилга бормасдан тўлқинланиб, ўпирилиб турса, ким аслида ўзининг ҳалоллигини исботлаши керак?

100 йил кафолатли сифат билан қурадиган йўлсозлар иймонли, эътиқодли, энг камида ширкати шаъни учун масъулиятли йўлсозлардир.

Иймон, эътиқод, ҳалолликни ўргатиш, маъруза қилиш, унга чақириш вазифаси бўлган имомни айблаш эмас, бориб дуо олиш керак! Автомашинасининг ғилдираги чуқурга тушган ҳар бир ватандош йўлсозларни баддуо қиляпти. Аслида баддуо қилмасдан, ҳуқуқимизни талаб қилиш, масъулиятсиз қурилиш оқибатида етказилган зарарларни қоплатишга ўрганишимиз зарур. Бу нафақат йўл, барча соҳаларга тегишли масала.

Ҳалоллик бўлмаган жойда сифатли йўл ҳам, сифатли таълим ҳам, пировардида ривожланиш ҳам бўлмайди», дея хулоса қилади Алишер Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Автомобил йўллари қўмитаси йўл қурилиши соҳасидаги коррупция ҳақида гапирган имом Саййид Раҳматуллоҳ Термизийнинг маърузаси сабаб Мусулмонлар идорасига шикоят киритганди.

Қўмита йўл қурилишига ажратиладиган маблағлар талон-торож қилиниши ҳақида гапирган имом-хатибнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган маърузасига раддия берилишини сўраган.

Юнусобод туманидаги «Мирза Юсуф» (Бодомзор) жоме масжиди имом хатиби Саййид Раҳматуллоҳ Термизийнинг (Р.Сайфиддинов) Mehrob.uz сайтининг Telegram'даги канали ва бошқа саҳифаларда тарқалган маърузасида йўл қурилиши соҳасидаги коррупция сабабли янги қурилган йўллар ҳам узоқ турмаслиги, кўп вақт ўтмай ёмон аҳволга келиб қолиши ҳақида сўз борган.

Мавзуга оид