Жамият | 18:36 / 27.06.2021
43343
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарё «начальник ГАИ»си вилоятдан енгил машиналар чиқарилмаслигини айтган аудио тарқалди. ИИБ изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоят ИИБ ЙҲХБ раҳбари А.Саатов 28 июн соат 00:00 дан бошлаб вилоят ҳудудидан енгил машиналар чиқарилмаслигини айтган аудио тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ахборот хизмати Kun.uz'га изоҳ берди.

Аудиода Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғи А.Саатов вилоятдаги барча туман ва шаҳар ЙҲХБ бошлиқлари, отряд ҳамда гуруҳ командирларига 27 июн соат 00:00 дан бошлаб вилоятдан фақат юк машиналари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ортилган енгил машиналар, даволанишга кетаётганлар чиқарилиши, қолган бирорта мошинани чиқармаслик буйруғини берган.

«Диққат, диққат! Туман, шаҳар «начальник ГАИ»лари, отряд командирлари ва уларнинг ўринбосарлари, гуруҳ командирлари! Эртадан бошлаб соат 00:00 да Тошкент шаҳрига, ҳар битта вилоятлараро ҳаракат тақиқланади. Фақат ичкарида мумкин. Юк машиналари, озиқ-овқат, сабзавот, мева ташиётган транспорт воситаларига алоҳида йўлак қилинади. Бундан ташқари, бемор справкаси борларга рухсат берилади. Қолган бирорта мошина вилоятдан вилоятга чиқмайди», дейилади Саатовнинг овози экани айтилаётган аудиода.

Kun.uz мухбири мазкур аудиёзув юзасидан изоҳ олиш учун Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Ирода Расулова билан боғланди. Расулова аудиозувдаги овоз чиндан вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи А.Саатовники эканини тасдиқлади. Унинг айтишича, ҳозир Саатовнинг буйруғи юзасидан вилоят ИИБ томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ирода Расулова Саатовнинг буйруғи фуқароларни ўйлаб берилганини айтди.

«Саатовнинг буйруғи юзасидан вилоят ИИБ ўрганиш ишларини олиб бораяпти. Вилоятлардан борган автомашиналар Тошкент шаҳрига киритилмаслиги махсус комиссия қарорида белгилаб қўйилган. Шу учун Саатов фуқаролар сарсон бўлмасин деган мазмунда гапирган. Вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари жойларда махсус комиссия қарорида белгиланган тарзда хизмат вазифасини олиб боради. Ундан четга чиқилмайди», деди Ирода Расулова.

ИИБ расмийсининг қўшимча қилишича, келажакда вазият ёмонлашгудай бўлса ҳам, ИИБ ҳамда ЙҲХБ ҳодимлари махсус комиссиянинг кейинги қарорида белгиланадиган чекловлар бўйича хизмат вазифасини олиб боради. Яъни, вилоят ИИБ ҳамда ЙҲХБ раҳбарлари махсус комиссиянинг қарорида белгиланмаган чекловларни киритиш ваколатига эга эмас.

Ирода Расулова аудиодаги «Юк машиналари, озиқ-овқат, сабзавот, мева ташиётган транспорт воситаларига алоҳида йўлак қилинади. Бундан ташқари, бемор справкаси борларга рухсат. Қолган бирорта мошина вилоятдан вилоятга чиқмайди» деган жумлаларга изоҳ берар экан Қашқадарёда махсус комиссия қарорида назарда тутилмаган чекловларлар жорий этилмаслигини таъкидлади: «Саатов қайсидир жумлани нотўғри айтиб юборган бўлиши мумкин. Аммо фуқароларнинг манфаати учун гапирган. Махсус комиссия қарорида кўрсатилган чекловлардан четга чиқилмайди», деди вилоят ИИБ расмийси.

Маълумот учун, махсус комиссия қарорида фақат Тошкент шаҳрига енгил машиналарда сабабсиз кириб бўлмаслиги белгиланган. Бошқа вилоятларга енгил машиналарда чиқишига чеклов белгиланмаган. Қизил ҳудуд деб белгиланмаган вилоятларда транспорт воситалари ҳаракатига ҳеч қандай чеклов жорий этилмаган.

Мавзуга оид