Иқтисодиёт | 19:53 / 28.10.2021
30581
6 дақиқада ўқилади

«Картошка ажиотажи». Нархлар қандай қимматлашди?

Ўзбекистонда охирги бир ойда картошканинг минимал улгуржи нархлари 40 фоизга қимматлашди. Бунга қайси омиллар таъсир ўтказди ва келажакда нархлар тушиши мумкинми?

Ўзбекистонда картошка энг кўп истеъмол қилинадиган асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан бири ҳисобланади. Ўтган июль-август ойларида маҳаллий етиштирилган картошка бўйича таклифлар ортиши ҳисобига ички бозорда талаб ва таклиф орасидаги маълум мувозанат юзага келди ҳамда нархлар арзонлашди. Хусусан, йил бошига нисбатан 5,3 фоизга пасайиш кузатилди. Аммо Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, сентябрь ойининг ўзида картошка нархлари август ойига нисбатан ўртача 7,8 фоизга ошган.

EastFruit таҳлилчилари маълумотларига кўра, 14 октябрдан 21 октябргача бўлган даврда Ўзбекистонда картошканинг ўртача улгуржи нархи бир килограмм учун 3500 сўмдан 5000 сўмгача, яъни 43 фоизга қимматлашган. Жорий нархлар даражаси 2020 йилнинг шу санасига нисбатан 39 фоиз ва 2019 йилнинг шу санасига нисбатан 2,2 баравар юқори.

Ушбу маълумотларни Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан ҳар кунлик эълон қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг улгуржи нархлари ҳақидаги маълумотлар ҳам қисман тасдиқлайди. Хусусан, 27 сентябрь ҳолатига кўра, картошканинг минимал улгуржи нархи 2500 сўмни, максимал нархлари эса 3500 сўмни ташкил қилган бўлса, 27 октябрь ҳолатида минимал нархлар 3500 сўмга (нархлар ошиши 40 фоиз), максимал нархлар 4500 сўмгача (нархлар ошиши 28,5 фоиз) етган.

Ўзбекистонда картошка етиштириш ва импорт қилиш кўрсаткичлари

2017 йилда мамлакат ичкарисида 2,79 млн тонна картошка етиштирилган бўлса, 216 минг тонна импорт қилинган (йиллик нисбатда нархлар 90 фоизга ошган). Бу кўрсаткичлар 2018 йилда 2,91 млн тонна (импорт 259 минг тонна, йиллик нисбатда нархлар 28 фоизга арзонлашган), 2019 йилда 3,08 млн тонна (импорт 292 минг тонна, йиллик нисбатда нархлар 12 фоизга ошган), 2020 йилда эса 3,16 млн тоннани (импорт 421 минг тонна, нархлар ошиши 42 фоиз) ташкил этган.

Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойи давомида эса 2,5 млн тонна картошка етиштирилган. Бу рақамларни ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда (2020 йилнинг январь–сентябрь ойларида 2,43 млн тонна) ҳам ўсиш кузатилганини кўриш мумкин. Йилдан йилга «иккинчи нон» сифатида тавсифланадиган ушбу маҳсулотни етиштириш ва импорт қилиш кўрсаткичлари доимий равишда ошиб боришига қарамай, нархлар мамлакатдаги инфляция даражасига нисбатан каррасига кўпроқ қимматлашган.

Нега нархлар бирданига кескин ошди?

Нархлар фақатгина Ўзбекистон бозорида ошгани йўқ. Айни пайтда Беларусда картошканинг улгуржи нархи ўтган йилнинг худди шу давридагидан икки баравар, Россияда эса 2,1 баравар қиммат. Бу ҳолат Россияда ёмон об-ҳаво таъсирида етарли даражада ҳосил олинмагани билан изоҳланмоқда.

Россиядан Марказий Осиё мамлакатларига катта миқдорда картошка экспорт қилинади, бу эса ўз навбатида ушбу мамлакатлардаги ички бозорда нархлар барқарорлигига ҳам таъсир қилади. Хусусан, Ўзбекистонга картошка экспорт қилишда етакчи давлатлардан бири Қозоғистон ҳам кечпишар картошкани Россиядан импорт қилиб, мамлакатда етиштирилган эртапишар картошкани Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа мамлакатларига экспорт қилади. Айни вазиятда экспортёр мамлакатларнинг ўзида ҳам нархлар ошиши Ўзбекистон бозорига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистонга энг кўп миқдорда картошка экспорт қиладиган Эрон ҳам Европада ушбу маҳсулотга нисбатан талаб ортиши эвазига ушбу йўналишда экспорт қилиш ҳажмини оширган.

Ўзбекистонда асосан эртапишар картошка етиштирилади. Аммо мамлакатда картошка сақлаш инфратузилмаси яхши ривожланмагани боис қиш ойларидаги нархлар барқарорлиги импорт маҳсулотлар ҳисобидан таъминланади.

Нархлар пасайиши мумкинми?

Солиқ кодексига киритилган ўзгаришларга кўра, 2021 йил 10 октябрдан 31 декабргача бўлган даврда гўшт, музлатилган балиқ ва картошкани Ўзбекистонга олиб кириш ҚҚСдан озод қилинди. Бу ўз навбатида маълум вақт нархлар ошишига қисман тўсқинлик қилиши мумкин. Экспертларнинг фикрича, бунга картошка етиштириш бўйича етакчи давлатлардан бири Покистондан ёки айни пайтда нархлар Ўзбекистондагидан 3 баробар арзон экани айтилаётган Польшадан картошка импорт қилиш ҳисобига эришиш мумкин. Аммо жорий мавсумда минтақа бўйлаб картошка етказиб бериш ҳажми нисбатан камлиги сабаб, нархлар нисбатан юқорилигича қолиши таъкидланмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, сўнгги 20 йилликда Ўзбекистонда картошка етиштириш ҳажми 4,3 баробар (731,1 минг тоннадан 3,14 миллион тоннага) кўпайган бўлса-да, нархлар йилдан йилга сезиларли равишда ошишда давом этмоқда. Буни асосан икки омил билан изоҳлаш мумкин:

Биринчиси, аҳолининг юқори талаби. Агар аҳоли даромадлари миқдори ошса, картошкага бўлган талаб ўрни нисбатан калорияси юқори бўлган бошқа маҳсулотлар билан қопланиши мумкин. Аҳоли даромадлари пастлиги сабаб картошка ўзбек оиласи дастурхонида нондан кейинги энг кўп истеъмол қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотига айланган.

Иккинчи омил, мамлакат ичида сифатли уруғлик картошка ишлаб чиқариш етишмаслиги. Иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистонга ташриф буюрган халқаро экспертларнинг аксарияти мамлакатда юқори сифатли уруғлик картошкани етиштириш жуда қийинлиги, ҳатто имконсизлигини таъкидлашган.

Ушбу муаммолар ҳал этилмаса, Ўзбекистонда картошка нархлари узоқ вақт давомида нисбатан юқори бўлиб қолиши эҳтимоли мавжуд.

Достон Аҳроров тайёрлади.

Мавзуга оид