Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
СМТИ ва Глобал ҳамкорлик ва барқарорлик халқаро жамғармаси ўзаро англашув меморандумини имзолади
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) ва GCERF ўртасида имзоланган меморандум экстремизм ва терроризмга қарши курашиш, репатриация қилинган фуқароларга уларнинг реабилитацияси ва реинтеграциясига кўмаклашиш соҳасида қўшма ҳамкорлик дастурларини амалга ошириш учун ҳуқуқий асос яратади.
Фото: СМТИ
2024 йил 12 ноябр куни Ўзбекистон делегациясининг Швейцарияга ташрифи доирасида Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) ва Глобал ҳамкорлик ва барқарорлик халқаро жамғармаси (GCERF) ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Ҳужжатни СМТИ директори Элдор Арипов ва GCERF ижрочи директори Холид Козер имзолади.
GCERF штаб-квартираси Женевада жойлашган етакчи халқаро ташкилот бўлиб, 2014 йилдан буён 23 мамлакатда терроризмга қарши кураш ва репатриантларни реабилитация қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Жамғарманинг ушбу лойиҳаларга йўналтирилган жами сармояси 200 миллион доллардан ошади.
Имзоланган Меморандум экстремизм ва терроризмга қарши курашиш, репатриация қилинган фуқароларга уларнинг реабилитацияси ва реинтеграциясига кўмаклашиш соҳасида қўшма ҳамкорлик дастурларини амалга ошириш учун ҳуқуқий асос яратади.
GCERF Ўзбекистон президенти ташаббуси билан тузилган Реабилитация ва реинтеграция бўйича минтақавий эксперт кенгаши фаолиятига катта қизиқиш билдирди. Шунингдек, репатриантлар билан ишлашга жалб этилган психологлар, ижтимоий ходимлар, маҳалла вакилларининг малакасини ошириш бўйича Кенгаш доирасида махсус тренинглар ташкил этиш, шунингдек, репатриантларнинг бандлик имкониятларини кенгайтириш ва ижтимоий интеграциялашув дастурларини ишлаб чиқишга қизиқиш билдирилди.

Терроризм ва экстремизмнинг онлайн тарғиботига қарши курашиш, ёшларда танқидий фикрлашни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
GCERF ташкил этиш ташаббуси АҚШ Давлат котиби Жон Керри, Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмет Довутўғли ва Швейцария канцлери Дидйе Буркхалтер томонидан 2013 йилда Ню-Йоркда бўлиб ўтган Глобал аксилтеррорчилик форумида илгари сурилган. GCERF Директорлар кенгаши таркибига 20 дан ортиқ мамлакатлар, жумладан, Европа Иттифоқи, Африка, Осиё, АҚШ, Қатар ва Австралия вакиллари киради.
Мавзуга оид
16:37 / 20.05.2025
Сурхондарёда «Термиз мулоқоти»нинг биринчи йиғилиши бошланди
09:54 / 06.12.2023
Ўзбекистон ва БМТ Глобал аксилтеррор стратегияси доирасида қўшма лойиҳаларни амалга оширади
20:03 / 12.10.2023
Элдор Арипов Марказий Осиёда тўлиқ эркин савдо зонасини шакллантиришга чақирди
19:49 / 15.07.2023