Ўзбекистон | 15:05 / 01.08.2020
11299
4 дақиқада ўқилади

Иқтисодчи «Моддий ёрдам берилган фуқаролар» платформасини ишлаб чиқишни таклиф этди

Иқтисод фанлари доктори, профессор Барногул Санақулова Kun.uz`га тақдим этган мақоласида пандемия даврида эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам тарқатилишини шаффофлаштириш юзасидан ўз таклифи ҳақида сўз юритган.

Фото: ЎзА

Куни кеча Вазирлар Маҳкамасининг коронавирус пандемияси даврида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида эҳтиёжманд оилаларга 150 млрд сўм тарқатилишига оид фармойиши эълон қилинди.

Унга кўра, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарларига икки кун муддатда бу маблағларни Ўзбекистон «Саховат ва кўмак» фонди орқали ҳудуддаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ёрдам сифатида тарқатишини таъминлаш вазифаси юклатилди.

Сўнгги вақтларда бу фондга нисбатан халқ томонидан турли ноаниқлик ҳолатлари бўйича саволларнинг кўпайгани ва жавобсиз қолаётганини инобатга олиб, моддий ёрдам кўрсатилган фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни ўзида мужассам этиб борувчи «Моддий ёрдам берилган фуқаролар» платформасини яратишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Мазкур махсус платформада ҳар бир моддий ёрдам олган фуқаро ҳақидаги маълумотлар (фуқаронинг розилиги билан) республика бўйича шаҳар, туманлар кесимида киритилиб, эълон қилиб борилиши шарт.

Мазкур платформа маълумотлари келгусида:

1. Белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган жамоатчилик назорати вакилларига очиқланиши;

2. Жамоатчи активистлар гуруҳлари томонидан мазкур рўйхатлар мониторинг қилиб борилиши, танланма кузатув асосида жойларга чиқиб «танланма сигнал текширув»ларини амалга ошира олиши;

3. Платформада фикрлар, мулоҳазалар, жамоатчилик назорати натижаларини ёзиб қолдириш имкониятлари яратилиши лозим.

Фақат демократик жамиятнинг асосий ричагларидан бўлган холис жамоатчилик назоратини ўрнатиш орқали бу маблағлар талон-тарож бўлиб кетмаслигининг олдини олиш мумкин бўлади.

Шунингдек, мазкур платформада йиғилиб борилган маълумотлардан:

– мамлакатимиз бўйича камбағаллик даражасининг ҳақиқий ҳолатини аниқлашда;

– камбағал қатлам билан аниқ, манзилли ва мақсадли ишлашда, натижавийликка эришишда;

– камбағал қатламни ёш, жинс, иш фаолияти ҳамда ҳудудий яшаш жойи каби сегментларга ажратган ҳолда танқидий тизимли таҳлилларни амалга ошириб, аниқ фактларга асосланган ислоҳотларни амалга оширишда фойдаланиш;

– камбағал, эхтиёжманд қатлам тўғрисида маълумотларнинг бундай платформаси келгусидаги моддий кўмак берилишини даврий амалга ошириш имкониятларини юзага келтиради.

Қисқа муддатларда «Моддий ёрдам берилган фуқаролар» платформасини ишга туширишнинг қисқача алгоритми эса қуйидагича бўлиши мумкин:

а) интернет платформа яратилади (таъкидлаш керак, мазкур йўналишда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондида бу борада диққатга сазовор тажриба шаклланиб бўлган, фонд томонидан 1000 нафар аёл ва 100дан ортиқ журналистларга пул тарқатганида айнан шунақа платформа яратилиб, маълумотлар эълон қилинган эди);

б) ҳар бир маҳалла бу платформага келишилган жадвал формати бўйича моддий ёрдам қилинган фуқаролар тўғрисидаги маълумотномани доимий равишда юклаб боради (бу ҳолатда жойлардаги интернет билан боғлиқ муаммоларини инобатга олиб, «юклаш» вазифасини туман депутатлари зиммасига юклаш мумкин);

в) платформанинг онлайн режимида ишлаши таъминланиб, жамоат вакиллари томонидан доимий мониторинг қилиб борилиши амалга оширилади.

Президентимиз деярли ҳар бир нутқларида жамиятнинг ҳар бир бўғини иш жараёнини рақамлаштиришга ўтиш давр талаби эканини таъкидлайдилар. Ўйлайманки, юқорида келтирилган тадбирларнинг амалга оширилиши ҳозирги кунда ажратилаётган маблағларнинг мақсадли ва аниқ манзилли сарфланишига эришиш билан бир қаторда, турли ижтимоий тармоқлар, ОАВларда туғилаётган кўпгина ўринли саволларга жавоб топишга хизмат қилган бўлар эди.

Барногул Санақулова,
иқтисод фанлари доктори, профессор.

Мавзуга оид