Жаҳон | 11:10 / 15.10.2024
8614
6 дақиқада ўқилади

Хитой Тайван яқинида йирик машғулот бошлади: қўшинлар орол блокадасини машқ қилмоқда

Хитой Тайван атрофида кенг кўламли машғулотлар ўтказмоқда ва бу орқали оролдаги «айирмачи кучларга қатъий огоҳлантириш» юбораётгани ҳамда оролни блокада қилишни машқ қилаётганини билдирган. Бу Тайванда янги президент сайланганидан кейин иккинчи бор машғулотлар ўтказилишидир.

Фото: Joint Sword 2024A машғулотларидан кадр

Joint Sword 2024B номини олган машғулотлар Тайван президенти Лай Синдэнинг орол Пекин томонидан «аннексия» қилинишига қарши чиқишига ваъда берган муҳим чиқишидан атиги тўрт кун ўтиб бошланди.

Хитой Тайванни ўзининг ажралиб чиққан провинцияси сифатида кўради, аммо орол ўзини алоҳида давлат деб ҳисоблайди ва ўз ҳукумати ҳамда қуролли кучларига эга. Орол ҳукумати 1949 йилда фуқаролар уруши тугаганидан кейин материк Хитойдан мустақиллигини эълон қилган, аммо Тайванни фақат Палау, Тувалу ва Белиз каби ўнга яқин мамлакат суверен давлат сифатида тан олган.

Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакили Мао Нин «Тайван мустақиллиги ва Тайван бўғозида тинчлик бўлиши бир-бирига мос келмаслиги» ва Тайван мустақиллигини қўллаб-қувватловчиларнинг «провокация»ларига «муқаррар тарзда жавоб қайтарилиши»ни таъкидлаган.

Joint Sword 2024B манёврлари «денгиз ва ҳаво патрулининг жанговар шайлигига, шунингдек, асосий портлар ва ҳудудлар блокада қилинишига қаратилган», деб хабар берган Хитой қуролли кучлари расмий вакили Ли Си.

Хитойлик ҳарбийлар маълум қилишича, машғулотлар Тайван атрофидаги тўққиз локацияда ўтказилиб, уларда кемалар ва қирувчи самолётлар иштирок этмоқда.

Тайван мудофаа вазирлиги орол атрофида хитойликларнинг 25 та самолёти, ҳарбий-денгиз кучларининг еттита кемаси ва яна тўртта кемани аниқлагани ҳақида хабар берган. Идора Хитой манёврларини «мантиқсиз ва провокацион хатти-ҳаракатлар» деб атаб, Тайван ҳимояланишга тайёрлигидан огоҳлантирган.

Вазирлик Тайбэй бошқарувидаги оролчалар , находятся в состоянии повышенной готовности, заявило Минобороны Тайваня.

«Самолётлар ва кемалар вазиятга ҳарбий ҳаракат олиб бориш қоидаларига мувофиқ реакция кўрсатади», — дейилган вазирлик баёнотида.

Тайван мудофаа вазирлиги ҳарбийларнинг Хитой машғулотларига реакцияси акс этган видеоёзувни ҳам эълон қилган. Унда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг учириш қурилмалари, ҳарбий транспорт воситалари ҳамда ҳарбий-денгиз кемалари позицияларга чиқарилаётгани акс этган.

Тайван қирувчи самолёти Синчжудаги авиабазанинг учиш йўлагида. Фото: Getty Images

Тайван транспорт вазирлиги эса соҳилдаги ҳарбий машғулотларга қарамай, оролдаги аэропортлар ва денгиз портлари фаолияти одатдагидек давом этаётганини маълум қилган.

Тайван президенти Лай Синдэ (шунингдек, Уилям Лай номи билан танилган) Хитой «Тайван халқининг эркин ва демократик ҳаёт тарзи танловини ҳурмат қилиши ҳамда ҳарбий провокациялардан тийилиши лозимлиги»ни таъкидлаган.

«Ҳукуматимиз демократия ва эркинликка асосланган конституциявий тизимимизни ҳимоя қилишда давом этади. Биз миллий хавфсизлигимизни ҳимоя қилишга қодирмиз», — деган у ва Пекин Тайванга вакиллик қилиш ҳуқуқига эга эмаслигини таъкидлаган.

Жорий йил майида, Лай Синдэ қасамёд қабул қилганида ҳам Хитой машғулотлар ўтказиб, унинг доирасида оролни ўз ҳарбий кемалари билан чор атрофдан қуршаб олган ва унинг блокадасини машқ қилганди. Бу машғулотлар Joint Sword 2024A номини олганди.

Тайваннинг иттифоқчиси — АҚШ ҳукумати машғулотларни кузатиб бораётганини билдириб, Хитойни минтақадаги хавфсизликка таҳдид туғдирувчи ҳаракатлардан тийилишга чақирди.

«Биз ХХРни вазминлик билан ҳаракат қилишга, Тайван бўғози ҳамда умуман минтақада тинчлик ва барқарорликка путур етказадиган ҳар қандай кейинги қадамлардан қочишга чақирамиз», — деди АҚШ Давлат департаменти вакили Мэттю Миллер.

Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мао Нин бунга жавобан Вашингтон «ягона Хитой сиёсати»ни — фақат битта Хитой ҳукумати борлиги ҳақидаги дипломатик позицияни ҳурмат қилиши лозимлигини қайд этган.

«АҚШ Тайванни қуроллантиришни ва Тайван мустақиллиги тарафдори бўлган кучларга нотўғри сигналлар юборишни бас қилиши лозим», — деган Мао Нин.

Таҳлил: Хитой мускулларини кўрсатмоқда, аммо босқин барибир охирги восита бўлиб қолади
BBC’нинг хавфсизлик масалалари бўйича мухбири Фрэнк Гарднер шарҳи:

Хитой Халқ-озодлик армиясининг бу ҳарбий машғулотлари фақат қўрқув уйғотишга қаратилган.

Пекин аввалдан Тайванни материкдаги қисми билан «бирлаштириш»га, зарурат туғилганда куч ишлатишга ва буни 2049 йил Хитой Коммунистик партияси ташкил этилганининг юз йиллиги нишонланадиган кундан анча олдинроқ амалга оширишга ваъда бериб келади.

Идеалда Пекин бу бирорта ўқ узилмасдан, Тайбэй унинг бошқарувига ўз ихтиёри билан ўтиши орқали рўй беришини истайди.

Аммо Тайван аҳолиси яқинда океаннинг нариги томонидаги Ҳонгконгда демократия қаттиққўллик билан бостирилганини қўрқув билан кузатди, шундай экан, коммунистик автократия ҳокимияти остига ўтишга қарши бўлмаган тайванликлар сони янада камайган.

Пекин Тайванга стратегик жиҳатдан мутлақо устунлигини эслатади.

Яқинда Хитой барча соҳалардаги ҳарбий қудратини оширишга киришди: унда гипертовушли ракеталар, авиаташувчилар, ядровий каллаклар ҳамда бешинчи авлоддаги жанговар самолётлар пайдо бўлди. Хитой халқ-озодлик армиясининг ҳарбий-денгиз флоти айни вақтда дунёдаги энг йириги ҳисобланади ва ўсишда давом этмоқда.

Шунга қарамай, Тайванга кенг кўламли бостириб кириш Хитой томонидан охирги чора сифатида кўрилади.

Бу инсон ресурслари нуқтайи назардан ҳам, жаҳон иқтисодиётига етказиладиган зарар жиҳатидан ҳам ҳаддан ташқари қимматга тушган бўларди.

Шунингдек, Пекин учун катта мавҳумлик омили бор: АҚШ Тайван ҳимояси учун қанчалик узоқ боришга тайёр?

Мавзуга оид