Жаҳон | 15:28 / 30.12.2024
7735
12 дақиқада ўқилади

Геосиёсий йил таҳлили: ҳайқирган Трамп ва Путиннинг барбод бўлган “СССР-2” лойиҳаси

2024 йил тугаяпти, лекин дунёдаги можароларнинг якуни кўринмайди, глобал сиёсат эса мураккаб геосиёсий динамикалар ва стратегик ўзгаришлар жараёнига кириб боряпти.

Бир неча йиллар аввал Шимолий Кореянинг ядро синовлари дунёни ҳушёр тортишга ундаган бўлса, бугунги кунда Россия ядро риторикаси марказига айланиб қолди, ачинарлиси глобал ҳамжамият ҳам бунга кўникма ҳосил қилаётгандек. Ҳа, назарий жиҳатдан дунёда ядро уруши хавфи одатий ҳолга айланди.

Доналд Трампнинг катта сиёсатга ҳайқириб қайтиши, Россия-Украина уруши, Яқин Шарқнинг кули кўкка совурилиши, хаттоки давлатчилик хариталарни қайтадан чизиши ҳақидаги совуқ баёнотлар ҳам янграй бошлади.

Кun.uz “Геосиёсат”да халқаро ҳамжамиятда содир бўлган йил давомидаги энг муҳим сиёсий воқеликларни таҳлил қилиш учун соҳанинг бир қанча мутахасcисларига юзланди.

Россия-Украина урушининг якуни яқинми, 2025 йилда қандай ҳолатдаги ҳотимани кутиш мумкин?

Камолиддин Раббимов: Россия урушни ҳозирги нуқтада тугатишдан манфаатдор эмас, чунки Курскнинг асосий қисми ҳали ҳам Украина назорати остида. Путиннинг мақсади Украинани тўлиқ кучсизлантириш ва келажакда НАТОга кириш салоҳиятини тўлиқ йўқ қилиш, лекин Украина қолган ҳудудлари билан ҳам алянсга кириш имкониятини сақлаб қолади, бундан эса Россия манфаатдор эмас. Шунинг учун Путин музокаралар ўтказишга тайёрлигини, бироқ Украинада сайлов ўтказилмагани сабаб Зеленскийни қонуний президент эмас деяпти, бу билан вақтдан ютиш ва кўпроқ ҳудудларни босиб олишга интиляпти.

Фарҳод Толипов: Бу урушнинг якуни борасида босқин бошланган йили ҳам гапирилди, уруш давом этар экан, ҳар икки томон катта талафот кўряпти. Балки Трамп сабаб келаси йилдан музокаралар бошланар, Лекин бу масала тўлиқ Трампга ҳам боғлиқ эмас, эътибор берилса, бу уруш Иккинчи жаҳон уруши давомийлигига яқинлашяпти. 

Шуҳрат Расул: Фикримча, катта эҳтимол билан 2025 йилнинг биринчи ярмида урушнинг қайноқ фазаси якунланса керак. Чунки Россия иқтисодиёти аҳволи ҳам урушни музлатишига сабаб бўлиши мумкин.

Яқин Шарқдаги инқирозлар якунланадими ёки минтақада янги олов ўчоқлари портлайдими?

Рамин Содиқ: Исроил ҳукуматининг берган баёнотларига қараладиган бўлса, Исроил Ливандаги режалаштирган ва мақсад қилган ишларига эришган. Исроил айни пайтда олиб бораётган сиёсати билан Эроннинг ва Эрон ташқарисидаги гуруҳларининг кучини заифлаштириш мақсадида сиёсат олиб бораётгани маълум бўлди ва шу шаклда сиёсат олиб бормоқда. Нетаняҳу ҳукумати Эрон ташқарисида, лекин Эрон таъсири остида бўлган кучларни ҳолсизлантириш учун жиддий бир шаклда фаоллик олиб бормоқда. Исроил, ҲАМАС, Ғазо ва Ливандан кейин, яъни ҲАМАС ва “Ҳизбуллоҳ”нинг таъсирини синдирганидан кейин, Исроилнинг кейинги пайтларда Ямандаги ҳусийларга қарши олиб бораётган оғир бир шаклдаги бомбардимонларини кўришимиз мумкин бўляпти. Бунга қарши ҳусийлар ҳам Исроилнинг муҳим стратегик марказларини ҳужумга тутмоқда.

Исроил ҳукумати ҳусийларга қарши олиб борадиган ҳужум эҳтимолларининг сигналларини ҳам бера бошлади. Табиийки, ҳусийлар эроннинг Ямандаги бир тармоғи каби кўриниш беришаркан, вақти-вақти билан бу ҳудудда Эроннинг прокси кучларидек таъсир кўрсатишади. Мен бу бўлаётган ҳаракатлардан келиб чиқиб, ўз фикримни айтмоқчиманки, бундан кейин катта эҳтимол билан Яман мавзуси энг кўп гапириладиган мавзулардан бири бўлади. Исроилнинг Яманга қилаётган ҳужумлари дунё матбуотининг энг бошда келадиган долзарб сарлавҳаларига айланади. Исроил ўз навбатида ҳусийларнинг ҳам куч таъсирини кесиш учун ҳаракат қилади. Негаки, ҳусийлар айни пайтда Исроилга ҳужум қилиши мумкин бўлган кучлардан биридир. Исроил энг камида ҳусийларни ракеталар билан уларга ҳужум қила олмайдиган ҳолга келтиради деган фикрдаман.

Исроилнинг ҳаракатларидан келиб чиқадиган бўлсак, у Ямандан кейин Ироқ ҳудудида ўз фаоллигини бошлайди. Негаки, бу ҳудудда ҳам эроннинг таъсири кучли эканини кўрмоқдамиз.

Айниқса, 2003 йил Ироқ ишғолидан кейин Эрон бу ҳудудда ҳарбий унсурларининг бир парчаси ўлароқ, Ҳашди Шабий ва бунга ўхшаган гуруҳлар устида таъсир кучига эга бўлган эди. Бошқа томондан эса Эроннинг Ироқ ҳукуматига бўлган таъсири ҳам салмоқли эканини айтиб ўтишимиз керак. Шу сабабли, Исроилнинг Ямандан кейин, Ироқ ҳудудига бўладиган ҳаракатлари тахмин қилиниши мумкин. Албатта, Исроилнинг бундай ҳаракати Ироқ ва Ироқ ҳукумати томонидан қандай қаршиликка учрайди, буни ҳозирдан айтиш қийин.

Лекин шуни айтиш мумкинки, Яқин Шарқда яна бир муддат уруш оловланиши, қурол овозларининг эшитилиб туриши, Исроилнинг ҲАМАС ва “Ҳизбуллоҳ”ни ҳолсизлантиргандан кейин Эроннинг Яқин Шарқдаги кучларини синдириш учун жуда фаол ҳаракат олиб боришини айтиш унчалик қийин эмас. Зотан, АҚШда президент Трамп ўз курсисига ўтиргунча Исроил ҳусийлар устидан тамоман назорат ўрнатиш учун фаоллигини тўхтатмайди. Лекин Трампнинг ўз вазифасига киришиши вақтидан бошлаб АҚШнинг Эронга нисбатан тиғиз бир сиёсат олиб бориши ҳозирданоқ ойдинлашмоқда. Маълум бўлган нарса шуки, АҚШ ҳукумати Эроннинг таъсир кучини кесиш сиёсатини олиб боришга ҳаракат қилади ва шунга мойил сиёсат олиб боради. Ўз навбатида, АҚШ ҳукуматининг Эронга нисбатан бундай сиёсати, Исроилнинг Эронга бўлган муносабати билан бир хил параллелда бўлишини англаб олиш қийин эмас.

Улуғбек Ҳасанов: Яқин Шарқдаги муаммосининг сўнгги юз йилликда содир бўлган зиддиятларнинг асосида Фаластин мавзуси туради. Фаластин давлатчилиги тузилмас экан, минтақада тинчлик бўлиши даргумон. Тарихий Фаластин чегаралари ҳозирги кунда кенг тарқалган хариталардаги чизиқлар эмас, балки Сурия ҳудудларидаги ерлар, Урдун дарёсининг шарқий ва ғарбий қисмлари, Мисрнинг Синай яримороли ва Исроил эгаллаб олган ерлар ҳисобланади.

Фарҳод Каримов: Яқин Шарқ ҳақида бирор аниқ фикр айтиш қийин, Сурияда ҳукумат алмашгани билан ҳали барча масала тўлиқ ҳал этилмади. Россия ва Эрон, курдлар, Жўлан тепаликлари,давлатчилик тузилмаси каби очиқ қолаётган саволлар талайгина. Ҳали Фаластин масаласи яна кун тартибига чиқади. Ундан ташқари Яман масаласи бор, бу ерда ҳусийлардан ташқари “Ал-Қоида” бўлимлари ҳам мавжуд. Ҳусийлар масаласини Исроил ва Саудия Арабистони муҳокама қиладими деган очиқ саволлар мавжуд.

Россиянинг Тартусдаги ҳарбий базалари Ливияга кўчиши ҳам мумкин. Умуман олганда қудратли давлатлар ҳали минтақада келишувга эришилмаган.

Камолиддин Раббимов: Яқин Шарқдаги конфликтлар энди бошланаётганга ўхшайди, чунки бир томондан Исроил жиноятлари ва араб дунёсидаги унга нисбатан шаклланаётган кайфият. Исроилнинг ортида АҚШ турар экан, бу ердаги тўқнашувлар ҳали олдинда дейиш мумкин.

Дунёда АҚШнинг гегемонлиги секин-аста пасайиб боряпти, Тел-Авивга Вашингтондан кейин бошқа ҳомий топилмаса керак ва мусулмон дунёси билан Исроил тўқнашувлари ХХI асрнинг ўрталари ва иккинчи ярмида содир бўлса керак.

Мавҳумлигича қолаётган бир савол, Эрон Суриядан нега курашмай чиқиб кетди, энди Теҳрон атрофидаги геосиёсий жараёнлар қандай шаклланади?

Фарҳод Каримов: Эрон бир қанча сценарийларга тайёрланаётганга ўхшайди, келгуси йил Россия билан стратегик шартномасини янгилаши ҳам бунга мисол. Шартномасида ўзаро бир-бирини ҳимоя қилиш банди ҳам кучайтирилиши мумкин. Трамп келгандан кейин Яқин Шарқ минтақасида охирига етмаган лойиҳаларини давом эттиради. Лекин Эрон билан ядро лойиҳаси борасида қандай келишади? Трамп Пизишкиёнга Исроилга нисбатан Эрон сиёсатини ўзгартириш шартини қўйса керак, бу эса Эроннинг яна Хитой ва Россия томон кўпроқ интилишига олиб келади.

АҚШ ва Хитой ўртасидаги зиддият динамикаси ва кутилмалар қандай?

Фарҳод Толипов: Икки томон ҳам кескин бурилиш қилмаса керак, Трампга хос сиёсат бу савдо ва Хитой маҳсулотларига нисбатан қўшимча бож миқдорининг киритилиши бўлса керак.

Марказий Осиё контекстидан қарасак, балки тарихда илк бор АҚШ президенти минтақамизга ташриф буюрар. Шу вақтгача Қўшма Штатлардан Марказий Осиёга ташриф давлат котиблари даражасида бўлган эди.

Наргиза Умарова: Дунёдаги аксарият хитойшунослар фикрича Трампнинг янги муддатида икки давлат ўртасидаги кескинлик даражаси ортишини айтишяпти.

Трамп аввалгидек Хитойга нисбатан савдо урушини давом эттиради ва яна бир муҳим масала – Тайвандан ҳам фойдаланиши мумкин.

Яъни Трампнинг Тайванга бўлган позицияси сабаб Хитой АҚШга ён бериши мумкин.

Йил давомида Марказий Осиё ва Туркий давлатлар интеграцияси жараёнлари қандай кечди, бунга қайси омиллар таъсир қилди?

Мусулмон Ҳуррамов: Ҳозирги вақтда Марказий Осиёда интеграциянинг ўзи йўқ, маслаҳатлашув учрашувларини эса интеграцияга интилиш деб аташимиз мумкин.

Минтақанинг бирлашувига бизнинг шимол ва шарқда жойлашган қўшниларимиз тўсиқ бўлаётганга ўхшайди.

Ундан ташқари Туркманистоннинг доимий нейтраллик сиёсати ҳам интеграцияга имкон бермаяпти.

Кремлнинг ростдан ҳам “СССР-2” лойиҳаси бўлганми, агар бу орзу мавжуд бўлса, амалда фалажланди дейиш мумкинми?

Камолиддин Раббимов: Путин учун  СССРнинг парчаланиши бу катта фожиа эди. Путиннинг ўзи ҳам СССРнинг қайта тикланишига ишонмайди, масалан, Болтиқбўйи давлатлари НАТОга аъзо бўлди ва Россия бундай ҳарбий алянс билан уруш олиб бориш имконияти мавжуд эмас.

Лекин Путин империалист сифатида СССРни бошқача кўринишда Россиянинг ўз қутбини яратишга ҳаракат қилади. Украина уруши сабаб Россия анча ҳолсизланди, лекин қайтадан ўз салоҳиятини йиғиб олиш эҳтимоли мавжуд.

Шуҳрат Расул: Россиянинг Украинага бостириб кириши ва Украинанинг енгилмагани бу лойиҳани йўққа чиқарди, Москванинг НАТО чегараларини 1997 йилги чегараларга қайтариш мақсади ҳам амалга ошмади ва қайтанга НАТО янада кенгайди.

Кўпгина йирик нашрлар томонидан “Йил одами” деб топилган Доналд Трамп яна катта сиёсатга қайтди. Глобал ҳамжамият жаноб Трампдан нималар кутиши мумкин?

Фарҳод Толипов: Трамп қанчалик оламшумул баёнотлар бермасин, АҚШдаги тизимлаштирилган тийиб туриш сиёсати унинг айтган гапларининг барчаси ҳам амалга ошишига йўл қўймайди. Лекин бутун дунё ундан Россия-Украина урушини тугатиш ҳақидаги ваъдасини бажаришини кутади.

Камолиддин Раббимов: Трампни биринчи президентлик давридан буён биламиз, унинг ўзига хослиги – у таъбир қилиб бўлмас шахс.

Трамп даврида АҚШ-Хитой тирашуви кучаяди, Россия билан келишувга интилади, лекин тирашув давом этади.

Трампнинг катта сиёсатга қайтишидан энг кўп зарар кўрувчи минтақа Яқин Шарқ бўлади.

Катта давлатлар тўғридан тўғри урушга кирмаган бўлса-да, прокси гуруҳлар ва замонавий қуроллар, шунингдек, киберҳамлалар орқали зиддиятларни юқори даражага олиб чиқяпти.

Африка қитъаси, Узоқ Шарқ ва ҳаттоки жанубий Америкада ҳам, Венесуэла ва Гаяна каби давлатларда ҳам вазият сокинлик чизиғидан силжиган. Умумий ҳолатда дунё тартиботи ўзгариш нуқтасидан қўзғалгани ойдинлашди.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов тайёрлади.

Мавзуга оид