Ўзбекистон | 14:29 / 24.07.2021
7855
3 дақиқада ўқилади

«Хусусийлаштиришдаги энг олий мақсад бюджетни тўлдириш бўлмаслиги керак» — Беҳзод Ҳошимов

Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларидаги асосий мақсад давлат тасарруфидаги мулкни иложи борича кўпроқ самара берадиган ташкилот ва инсонларга етказиб беришдир. Бунинг натижасида келажакдаги самарали бошқарув сабаб жамият бойийди.

Фото: YouTube/ Ular

«Улар» лойиҳасида иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнлари ҳақида фикр билдирди.

«Хусусийлаштиришнинг асосий мақсади бюджетга даромад келтириш эмас, балки жамиятдаги мулкларни, корхоналарни энг самарадор мулкдорга бериш бўлиши керак. Бунинг энг яхши томони шундаки, энг кўп пул таклиф қилган мулкдор, энг самарадор мулкдорга тенглаштирилади. Хусусийлаштириш ҳақида гап кетганда, бюджет даромадларининг қанча қисми хусусийлаштирилган мулклардан келган маблағ ҳисобига тўлдирилганига эмас, келажакдаги самарадорлик нуқтайи назаридан қараш анча тўғри бўлади.

Бизнинг айни пайтдаги асосий мақсадимиз давлат тасарруфидаги мулкни иложи борича кўпроқ самара берадиган ташкилот ва инсонларга етказиб беришдир. Бунинг асосий сабаби келажакдаги самарали бошқарув сабаб жамият бойийди. Камбағал мамлакатларда хусусийлаштириш жараёнларини ташкил қилишда осон ечимлар ҳам мавжуд. Хусусан, мулкни хусусий мулкдорларга бериш самарадорликни бир неча бараварга оширади. Аммо бу ерда савол туғилади. Қандай кўринишда бериш керак?

Бу ерда 3та услуб мавжуд:

Биринчиси, конкурслар ёрдамида. Бунда масъул ҳакамлар ҳайъатининг субъектив фикрига кўра, мулклар тақсимланади. Бунинг энг ёмон томони шундаки, жамият субъектив фикрларга ва қарорларга ишонмайди. Жамиятдаги энг холис ва тоза одамлар бу ишларни амалга ошириб, янги мулкдорни танлашса ҳам, ҳаммамизда шубҳа пайдо бўлади. Нима учун айнан у? Бу савол айниқса ютқазган шахсларда кўп бўлиши аниқ.

Иккинчиси, қуръа ташлаш ёрдамида хусусийлаштиришни амалга ошириш. Эшитишим бўйича, Ўзбекистонда ҳам бу бир-икки марта амалга оширилди. Бунинг ёмон томони, кўп ташкилотларнинг иштирок этгиси келишида. Масалан, АҚШда 2G’ни ўрнатишда 10та алоқа компанияси бўлишига қарамай, қуръа ташлашда иштирок этиш учун 30 мингга яқин компания ариза топширган.

Учинчиси, аукционлар. Биз аукционни иқтисодиётдаги энг самарали восита сифатида тасаввур қиламиз. Аукционларнинг энг муҳим жиҳати иштирокчиларнинг ростгўй бўлиши ва уларда доминант стратегиянинг мавжудлигидир. Масалан, оддий стаканни олайлик. Бир киши унинг нархини 100 сўмга баҳолади, иккинчи киши эса 110 сўмга нархни кўтарди. Табиийки, маҳсулотни иккинчи кишига сотаман. Бундай кўринишдаги аукционларнинг ёмон томони шундаки, иккинчи харидор маҳсулот учун миллион тўлашгаям рози эди, аммо биринчи харидор 100 сўм таклиф қилгани учун, иккинчиси нархни 110 сўмгагина кўтарди. Яъни иштирокчилар ўртасида ўзаро келишиб олиш ҳолатлари учраши мумкин.

Умуман олганда, аукцион мутлақо яхши нарса. Аммо уни яхши ёки ёмон дизайнда ўтказиш амалиёти жуда ҳам муҳим. Шу сабаб Ўзбекистонда ҳам хусусийлаштириш жараёнларини аукционлар ёрдамида амалга ошириш ва уларга яхши дизайн бериш керак», дея таъкидлади иқтисодчи.

Мавзуга оид