Ипотекабанкнинг хусусийлаштирилиши: давлат блокловчи улушидан воз кечган
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ипотекабанкдаги улуши 19,1 фоизгача камайиб, OTP'нинг улуши салкам 80 фоизга етган. Бунга OTP фойдасига қўшимча акция чиқарилгани, вазирлик эса бунга розилик бергани сабаб бўлган. Блокловчи пакетнинг йўқотилгани қолган улушларни қимматроқ сотиш бўйича музокараларда давлат позициясининг заифлашишига олиб келиши мумкин.
Ўтган йили июн ойида бўлиб ўтган хусусийлаштириш жараёнида Ипотекабанкнинг 73,71 фоиз акциялари OTP гуруҳига ўтган эди. Маълум бўлишича, кейинчалик Венгрия компаниясининг улуши 79,6 фоизга етган. Бунга иқтисодчи Отабек Бакиров эътибор қаратди.
Жамоатчилик фаоли бу ҳолатда Ўзбекистон Республикаси номидан иш олиб борган Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ҳаракатлари Ўзбекистон манфаатларига қанчалик мос бўлганини савол остига олмоқда.
“Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ипотекабанкдаги блокловчи пакети ювилиб кетишига рози бўлиб овоз берган. Бунақаси фақат Ўзбекистонда юз беради”, – дея ёзди Бакиров.
Гап шундаки, Ипотекабанк акциядорларининг 2023 йил 10 ноябрдаги умумий йиғилишида 844,6 млрд сўмлик қўшимча акция чиқариш ва акцияларни ёпиқ обуна билан OTP Bank Nyrt'га жойлаштириш масаласи кун тартибига киритилган. 98,59 фоизлик кворум билан ўтган йиғилишда бу борадаги қарор 100 фоиз овоз билан қабул қилинган.
Ушбу қарор асосида, OTP гуруҳига тегишли бўладиган қўшимча акциялар чиқарилган, натижада компаниядаги улушлар қуйидагича кўриниш олган: OTP Bank – 79,6 фоиз, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 19,1 фоиз, бошқа юридик ва жисмоний шахслар – 1,3 фоиз.
“Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 60-моддасига асосан, йирик битимлар тузиш ҳақидаги қарорлар малакали кўпчилик томонидан қабул қилинади. Қонунга кўра, малакали кўпчилик деганда акциядорлар умумий йиғилишида иштирок этаётган овоз бериш ҳуқуқига эга акциядорларнинг тўртдан уч қисми тушунилади.
Қўшимча акциялар чиқарилиши ҳисобига, ана шу тўртдан уч қисмлик овозлар биргина OTP гуруҳининг қўлида тўпланган. Бу эса Венгрия компаниясига бошқа акциядорлар, хусусан Ўзбекистон ҳукумати билан келишмасдан йирик битимлар тузиш ҳуқуқини беради.
Йирик битим деганда – қиймати жамият соф активлари миқдорининг 15 фоизидан ортиғини ташкил этувчи мол-мулк хусусидаги битимлар тушунилади.
Шунингдек, малакали кўпчилик овозига эга акциядор жамиятни қайта ташкил этиш, тугатиш, кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш ва бўшатиш, устав фонди (устав капитали)ни кўпайтириш, корпоратив облигациялар, шу жумладан акцияларга айирбошланадиган облигациялар чиқариш, аффилланган шахс билан тузилаётган битимни маъқуллаш тўғрисидаги қарорларни қабул қилиши мумкин.
Отабек Бакировнинг қайд этишича, агарда Ўзбекистон манфаатларидан келиб чиқилса, шунингдек, қолган давлат улушини кейинги босқичда қимматроқ сотиш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 10 ноябрдаги йиғилишда кўтарилган масалага қарши овоз бериши керак эди.
Иқтисодчи қўшимча акциялар чиқарилгунга қадар ИМВ ва миноритар акциядорларнинг қўлида блокловчи пакет бўлгани, венгриялик инвесторларда эса энг муҳим қарорларни мустақил тарзда қабул қилиш ҳуқуқи бўлмаганини таъкидлайди.
Шундай вазиятда, вазирлик ўзининг қарийб 25 фоизлик улушини 19,6 фоизгача тушиб кетишига олиб келадиган қарорга рози бўлиб овоз берган. Бу билан, Ўзбекистон ҳукуматининг ушбу банкни хусусийлаштириш жараёнида давлат манфаатларига зид келадиган қарорларнинг олдини олиш ва уларни блоклаш имконияти йўқолган.
“Можор қардошлар вазирликнинг кўз юмиб туриши ортидан юз берган бу чиқарилув орқали ўз улушини 79,6 фоизга етказиб олишган ва энди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги назоратида қолган 19,1 фоизлик улушни сотиб олишга умуман муҳтож ҳам эмас. Қўшимча акциялар чиқариб, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги улушини ювиб юборишда давом этилаверади. Агар вазирлик қолган пакетни сув текинга ёки бошқа схемалар орқали топширмаса.
Нормал дунёда ва нормал битимларда акцияларнинг иккита пакетга бўлиб сотилишидан ягона мақсад – кейинги траншдаги блокловчи пакетни қимматроқ сотиш ҳисобланади. Узоққа бормайлик, масалан, TBC Bank Group Payme'нинг 51 фоиз улуши учун 2019 йилда 5,5 млн доллар тўлаган бўлса, орадан 4 йил ўтиб қолган 49 фоиз улуш учун 10 баробардан зиёд, 55,7 млн доллар тўлашига тўғри келган”, – дея ёзади Отабек Бакиров.
Kun.uz Иқтисодиёт ва молия вазирлигига қуйидаги иккита савол билан мурожаат қилди, бироқ вазирлик бу саволларга OTP гуруҳи жавоб бериши кераклигини айтди:
- Вазирликнинг 10.11.2023 йилдаги қарорни ёқлаб овоз бериши Ўзбекистон манфаатларига зид эмасми? Малакали кўпчилик овозини қўлга киритган OTP Bank'нинг қолган давлат улушини ҳам сотиб олишга қизиқиши сусайиши, сотиб олган тақдирда ҳам музокараларда арзонроқ нарх таклиф этиши эҳтимоли инобатга олинмаганми?
- Ижтимоий тармоқларда Ипотекабанк Тошкент шаҳри марказидаги бош офиси жойлашган бинони сотиши мумкинлиги ҳақида миш-миш тарқалди. Ҳозирда малакали кўпчилик улушига эга OTP Bank бу масалани ўзи мустақил ҳал эта оладими? Ёки хусусийлаштириш тўғрисидаги битимда банк активларини бегоналаштириш бўйича чекловлар белгиланганми?
Эслатиб ўтамиз, Ипотекабанкдаги давлат улушининг 75 фоизи (жами улушларнинг 73,71 фоизи) 324 млн долларга сотилгани маълум қилинган. Бу – Ўзбекистон тарихидаги энг йирик хусусийлаштириш битимларидан бири.
Келишув вақтида OTP банк давлат улушининг қолган қисмини 3 йил ичида сотиб олиши эълон қилинганди.
Маълумот учун, Ипотекабанк – активларининг ҳажми бўйича Ўзбекистондаги бешинчи энг йирик банк ҳисобланади.
Мавзуга оид
19:03 / 16.12.2024
Маҳалла банкирлари фаолияти йўлга қўйилади
10:41 / 30.11.2024
Банкдаги танишлари орқали тадбиркорга 10 млрд сўм ажратиб беришини айтган шахслар ушланди
08:51 / 29.11.2024
Банклар балансидаги иссиқхона ва цехлар тадбиркорларга берилиши мумкин
22:20 / 25.11.2024