Ўзбекистон | 19:16 / 25.11.2024
4805
2 дақиқада ўқилади

Туркияда яшириниб юрган Ўзбекистон фуқароларини ушлаш амалиёти кучайтирилади

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонасига кўра, 2024 йилнинг 10 ойида «жавобгарликдан қутулиш мақсадида йиллар давомида Туркияда яшириниб юрган» 37 киши қўлга олиниб, судга топширилган. Дипломатик муассаса, бундан буён қидирувдаги шахсларни қўлга олиш тадбирлари янада кучайтирилишини билдирди.

Фото: Kun.uz

Бош консулхона хабарига кўра, сўнгги йиллар давомида Ўзбекистонда тергов ва суддан яширинган айрим шахсларнинг Туркия ҳудудида яширинишга уриниши билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар кузатилмоқда. Шу билан бирга, Туркия ва Ўзбекистон ички ишлар вазирликлари ўртасидаги ўзаро ҳуқуқий ёрдам тадбирлари доирасида бу каби шахсларга нисбатан жиноий тақибни амалга ошириш самарали кўринишга эга бўлган.

«Жумладан, биргина 2024 йилнинг 10 ойида жавобгарликдан қутулиш мақсадида йиллар давомида қардош давлат ҳудудида яшириниб юрган 37 нафар айбланувчилар қўлга олиниб, одил судлов ҳукмига ҳавола этилди. Бундан буён қидирувдаги шахсларни қўлга олиш тадбирлари янада кучайтирилади, жиноятчиликка қарши муросасиз кураш жадал давом эттирилади, жиноят учун жавобгарлик принципи қатъий таъминланади»,дейилади консуллик хабарида.

Шунингдек, консулхона қидирувдаги шахслар учун ягона ва энг тўғри йўл — «Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналарига ёки республика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларига мурожаат қилиш, тергов ва суд процессида қонуний ҳимоя ҳуқуқидан фойдаланиш» эканлигини эслатиб ўтган.

Жорий йил 12 сентябр куни Тошкентда Ўзбекистон ва Туркия ташқи ишлар, ички ишлар вазирлари ҳамда хавфсизлик хизмати раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган музокараларда икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ўртасида муносабатларни институционаллаштириш, очиқ қолаётган ҳуқуқий масалаларни тартибга солиш устида келишувлар имзоланган эди.

Фото: Туркия ТИВ

Kun.uz мухбири ушбу учрашув атрофида кўтарилган масалалар юзасидан сиёсатшунос Фазлиддин Мадиев билан суҳбатлашган.

Мавзуга оид