Жамият | 09:45 / 23.01.2023
36218
2 дақиқада ўқилади

Қишлоқда туғилган ғоя. Риштонлик уста қўлбола электромобиль ясади

32 ёшли Азамат Исоқов темир-терсакдан электромобиль ясади. Қурилма бир қувват олганда 50 кмгача масофани босиб ўтади. Тезлиги эса 50-60 км/с га чиқади. Шовқинсиз ҳаракатланади, уста кузов қисмини бутлаш ишларини олиб бормоқда.

“Қиш фаслида метан ва бензин заправкаларида ёқилғи тақчиллиги кузатилади. Бу йил айниқса заправкаларда навбат кутавериб ҳолдан тойдик. Уйдаги автомашинани ҳам ёқилғи муаммоси сабаб ҳайдай олмаяпмиз. Шу омиллар сабабли қўлбола усулда профилдан машина ясашга қарор қилдим.

Ёшлигимдан техникага қизиқаман. Отам ҳам 45 йил сварка иши билан шуғулланган. Ота касбни олиб мен ҳам қишлоқда электрпайвандлаш ишларини қилиб келяпман.

Азамат Исоқов

Электромобил ясаш учун 7 хил транспорт воситаларининг эҳтиёт қисмларидан фойдаландим. Мотоцикл амортизатори, “Nexia” шаровойи, “Tico” эҳтиёт қисмлари, арава ғилдираги, жигули амортизатори, “Муравей” мотори.

Тормоз қисмини интернетдан кўриб ясадим. Ҳозирча электромобил 50 фоиз битган ҳолатда. Қурилмани қишлоқ шароитига қўл келадиган қилиб юк ташишга мослаштирмоқчиман. Электромобилнинг олди қисмида икки ўриндиқ бўлади.

Электромобил 4 соат давомида қувват олади. Ҳозирча тезлиги 50-60 км/с га чиқяпти. Аккумулятор сонини кўпайтирсам тезлиги яна ортади.

Заводда ишлаб чиқарилаётган ҳозирги машиналар харидорларга магнитофонсиз сотиляпти. Мен эса электромобилга магнитофон ўрнатмоқчиман. Юртимиз қуёшли ўлка. Келажакда қурилманинг устки қисмига қуёш панели ўрнатмоқчиман”, – дейди  Азамат Исоқов.

Устанинг отаси Исажон Исмоилов бензин тақчиллиги, метан заправкалар ёпилган бир пайтда электромобил оила дастёрига айланганини таъкидлади:

Исажон Исмоилов

“Ўғлимни профилдан машина ясашга уринаётганини кўриб аввалига ишонмадим. Ҳатто профилни исроф қилаётганини айтиб бу йўлдан қайтардим. Ўғлимнинг ғоялари бор экан, “метан” беркитилган, бензин тақчил бир пайтда ажойиб қурилма ясади. Электромобил мушкулимизни осон қиляпти.

Невараларимни айлантириб келяпти. Дўконлардан маҳсулот олиб юклаб келяпмиз”, – дейди у.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид