Ўзбекистон | 17:32 / 02.08.2021
19710
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳарбийлари Россия ва Тожикистон билан машғулотларда қатнашади (видео)

Тожикистонда 5-10 август кунлари Тожикистон, Ўзбекистон ва Россия қўшинлари иштирокида уч томонлама машғулотлар ўтказилади. Машғулотларда ташқи таҳдидларга қарши курашиш бўйича вазифалар устида ишланади. 

Фото: Мудофаа вазирлиги

1 август куни Сурхондарё вилояти ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлардан биридан йўлга чиққан Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ўзбек-рус-тожик ҳамкорлигидаги ўқув машғулотларида иштирок этиш учун узоқ масофали марш асосида Тожикистон Республикасига етиб боришди.

Қўшни давлат ҳудудида колоннада юришларига Ўзбекистон ҳаво кучларининг «Ми-35» жанговар вертолётлари ҳамроҳлик қилган.

Ҳарбий хизматчиларни Тожикистон мудофаа вазирлигининг масъул офицерлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари тантанали кутиб олган.

«Мазкур ҳамкорликдаги машғулотлардан кўзланган асосий мақсад Марказий Осиё минтақасида барқарорликни мустаҳкамлаш, юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш, махсус операциялар ўтказишини режалаштириш ҳамда қўшинларни тайёрлаш, ўзаро тажриба алмашишдан иборат.

Ҳамкорликдаги ўқувлар Тожикистон Республикасининг «Ҳарб майдон» дала ўқув майдонида бўлиб ўтади», дейилган Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Аввалроқ Россия Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегарасига қўшин юбориб, қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказишни бошлагани тўғрисида хабар берилганди. Икки давлат ҳарбийлари иштирок этадиган машғулотларда 200 га яқин ҳарбий техника, жумладан, авиация воситаларидан фойдаланилади. 

Мавзуга оид