Ўзбекистон | 15:04 / 05.12.2023
37692
10 дақиқада ўқилади

Охири кўринмаётган можаро – адолат сари юраётган “Тўдакўл иши” яна тўсиқларга учрамоқда

Навоий вилоятида жойлашган Тўдакўл сув ҳавзаси сўнгги 5 йилда республика ички бозорига балиқ етказиб бераётган йирик балиқчилик базасидан “қуруқ” кўлга айлантирилди: “Тўдакўл балиғи” деган бренд йўқ қилинди. Бу ишлар кўл 2018 йил “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг ноқонуний тендери орқали 15 йиллик йирик корхонадан 15 кунлик фирмага “олиб берилиши” ортидан юзага келган. Мазкур ишда аввал бошидан бошланган адолатсизлик бугунга келиб суд жараёнларида ҳам “бўй кўрсатяпти”.

Тадбиркордан “тортиб олинган” кўл

2004 йилда “Aqua-Tudakul” Ўзбекистон–Америка қўшма корхонаси тендерда Тўдакўл сув ҳавзасини 18 йил муддатга ижарага олиш ҳуқуқини қўлга киритган. Кўлда балиқчилик тизимини яратиш айни шу йилдан бошланган: қўшма корхона катта харажатлар эвазига Тўдакўлда балиқчиликни ривожлантирган, 700 нафарга яқин иш ўрни яратган.

“Aqua-Tudakul” эгалик қилган даврда кўлга ҳар йили 125 тонна човоқ ташланиб, балиқлантириб борилган. Бунинг натижасида ички ва ташқи бозорга тонналаб балиқ етказиб берилган.

“Aqua-Tudakul” қўшма корхонасининг ижара муддати 2022 йилда тугаши керак эди. Аммо президентнинг 2017 йил май ойидаги тегишли қарори билан “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ташкил қилинади ҳамда табиий сув ҳавзалари уюшма балансига ўтказилади. Шу сабабли, “Ўзбекбалиқсаноат” Тўдакўлни ижарага бериш учун 2018 йил январ ойида қайта тендер ўтказган. 4 та фирма ўз таклифлари билан қатнашган тендерда “Aqua-Tudakul” қўшма корхонаси яна ғолиб бўлади ҳамда 2018 йил 23 январда “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан 10 йиллик шартнома имзолайди.

Бироқ кўп ўтмай кўл сохта ҳужжатлар асосида ўтказилган тендер орқали қўшма корхонадан “тортиб олинган”.

15 йиллик йирик корхонадан, 15 кунлик фирмага...

“Ўзбекбалиқсаноат” турли асослантирилмаган важлар билан 2018 йил 17 апрел куни уюшма ва қўшма корхона ўртасида тузилган шартномани бекор қилади. Май ойида эса қайта танлов ўтказади.

Тўдакўл сув ҳавзасини ижарага бериш учун ўтказилган қайта тендерда “Golden Lake Fish” МЧЖ ғолиб деб топилган. Очиқ манбаларга кўра, “Golden Lake Fish” МЧЖ тендер ўтказилишидан бор-йўғи 16 кун олдин, 2018 йил 7 май куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Бу эса МЧЖнинг балиқчилик соҳасидаги имкониятлари ва тажрибасини баҳолаш талабларига жавоб беришини жиддий шубҳа остига қўяди.

Бундан ташқари, жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2022 йилнинг 15 август кунидаги ҳукмига кўра, “Golden Lake Fish” МЧЖ раҳбари Панжиқул Рўзиқулов тендерга қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб тақдим қилган ва ғолиб бўлган. Суд уни Жиноят кодексининг 192 ва 228-моддаларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топган. Бироқ у жазога тортиш муддати ўтиб кетганлиги учун жавобгарликдан озод этилган.

Мазкур суд ҳукми 2018 йил 17 апрел кунги тендер ноқонуний ўтказилганлигига далил аслида. Лекин негадир тендер натижаси бекор қилиниб, кўл “Aqua-Tudakul” қўшма корхонасига қайтарилмаган.

“Jackpot”

Тўдакўл сув ҳавзасидан ижара асосида фойдаланиш ҳуқуқи “Golden Lake Fish” МЧЖга ўтганида кўлда “Aqua-Tudakul” қўшма корхонасига тегишли 34,7 млрд сўмлик етиштирилган балиқ бўлган. Бу қўшма корхонанинг солиқ ва статистика ҳисоботларида ҳам акс эттирилган.

“Холис баҳолаш хизмати” МЧЖнинг баҳолаш хулосаси билан 2018 йил 18 апрел ҳолатига кўлда “Aqua-Tudakul” қўшма корхонасига тегишли жами 34,76 млрд сўмлик балиқ захираси мавжуд бўлгани тасдиқланган.

Захира балиғи на тендерда, на “Ўзбекбалиқсаноат”нинг бошқа ҳужжатларида тилга олинмасдан, танлов ғолиби “Golden Lake Fish” МЧЖ ихтиёрига ўтиб кетган. Қўшма корхона мутасаддилари томонидан захирада қолган балиқни овлаб олиш бўйича қилинган мурожаатларга эса “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси рад жавобини берган.

Кўлда “Aqua-Tudakul” қўшма корхонасидан қолган захира балиғи янги эга - “Golden Lake Fish” МЧЖ учун лотореяга чиққан “jackpot”дай гап эди. Аммо мазкур ҳолат – катта миқдордаги зарарни қоплаш бўйича 2021 йилда бошланган суд ишига 2023 йилнинг 1 август куни нуқта қўйилди: суд қарори билан “Golden Lake Fish” МЧЖдан “Aqua-Tudakul” қўшма корхонасига 34 млрд 763 млн сўм моддий зарар ундириш белгиланган.

Янги эга кўп ўтмай банкрот бўлди

Тўдакўл эгалиги қўлига ўтгач, “Golden Lake Fish” МЧЖ мутасаддилари томонидан кўлда йўлга қўйилган балиқчилик тизими бутунлай йўқ қилинади: “Aqua-Tudakul” қўшма корхонасидан қолган захира савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари қўпол бузилган ҳолда сотилади, солиқлар тўланмайди, браконерларга “эркинлик” берилади ва ҳоказо. Охир-оқибат “Golden Lake Fish” МЧЖ банкрот ҳолатига кел(тирил)ади.

Кармана иқтисодий судининг 2023 йил 8 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан “Golden Lake Fish” МЧЖ банкрот деб топилган ва тугатишга доир иш юритиш бошланган.

Суднинг ҳал қилув қарорида кўринишича, 2023 йилнинг 19 октябр ҳолатига “Golden Lake Fish” МЧЖнинг давлат божидан 2 млрд 848 млн сўм, солиқлардан 3 млрд 358 млн сўм, “Aqua-Tudakul” қўшма корхонасидан 34 млрд 763 млн сўм, бошқа тадбиркорлик субъектлари ва ташкилотлардан кўплаб қарздорлиги мавжуд бўлган.

Амал қилинмаган “уй қамоғи”

2023 йилнинг август ойида Бухоро вилояти прокуратураси томонидан “Golden Lake Fish” МЧЖ мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Айблов хулосасида келтирилишича, “Golden Lake Fish” МЧЖ таъсисчиси Азамат Холиқов бир гуруҳ шахслар билан олдиндан жиноий тил бириктириб савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, солиқлар ва йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш, қасддан банкротликка олиб келиш, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар, автомототранспорт воситалари ва тиркамаларининг давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби жиноятларни содир қилган.

Жумладан, Азамат Холиқов 2019 йилда 2 млрд 694 млн сўмлик, 2022 йилда 9 млрд 636 млн сўмлик балиқ маҳсулотларини нақд пулга реализация қилиб, пул маблағларини назорат-касса машинасига кирим қилмасдан ва банк ҳисоб рақамларига топширмасдан ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган. Бу орқали у жуда кўп миқдордаги савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини қасддан бузган.

2023 йилнинг 10 август куни жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди ажрим чиқариб, “Golden Lake Fish” МЧЖ таъсисчиси Азамат Холиқовга нисбатан уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси қўллаган. Қўлланилган эҳтиёт чорасини Қизилтепа тумани, Оқсоч маҳалласи, “Урганжиён” қишлоғидаги уйида ўташ белгиланган. Шунингдек, унга нисбатан оила аъзоларидан ташқари бошқа шахслар билан учрашиш, суриштирув, тергов ва суд муҳокамаси жараёнидан ташқари жиноят иши бўйича жабрланувчи деб эътироф этилган шахслар билан алоқада бўлиш каби бир нечта чекловлар қўлланилган.

Бироқ “Aqua-Tudakul” қўшма корхонаси раҳбари Шавқитдин Жамолов Kun.uz’га қилган мурожаатида Азамат Холиқов эҳтиёт чорасига амал қилмасдан, бўлиб ўтаётган суд жараёнларига Тошкент шаҳридан видеоалоқа орқали иштирок этганлигини, қўлланилган чекловларга амал қилмаганлигини, судялар эса бунга эътибор қаратмаганлигини таъкидлаган.

“Қаттиқ” айбловга “юмшоқ” ҳукм

Бухоро вилояти прокуратураси томонидан қўзғатилган жиноят иши 2023 йил 8 ноябр куни жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судида кўриб чиқилган.

Суд ҳукмига кўра, Азамат Холиқов Жиноят кодексининг 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми ҳамда 184-моддасининг (солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан БҲМнинг 300 баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилган ҳамда “уй қамоғи” эҳтиёт чораси бекор қилинган.

Аммо негадир судда Бухоро вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 181-1-моддаси (қасддан банкротликка олиб келиш), 227-моддаси (ҳужжатларни сохталаштириш) ва 243-моддасида (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) назарда тутилган жиноят аломатлари билан қўйилган айбловлар судланувчилардан олиб ташланган.

Қолаверса, бу нуқтада иккита суд гўёки бир-бирига қарши чиқиб қолган: Кармана иқтисодий судининг 2023 йил 8 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан “Golden Lake Fish” МЧЖ банкрот деб топилган. Бироқ жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг ҳукмида бунга “кўз юмилган”.

Тўдакўлга балиқчилик қайтадими?

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси 2018 йилда асосланмаган важлари асосида “Aqua-Tudakul” қўшма корхонаси билан тузилган ижара шартномасини бекор қилган. Ўша пайтда Тўдакўлда балиқчилик тизими йўлга қўйилган, бунинг ортидан мингга яқин иш ўрни яратилиб, ички бозорга тонналаб балиқ етказиб берилаётган эди. Ўтган йилларда мазкур тизим йўқ қилинди, кўлда балиқчиликнинг келажаги катта хавф остида қолди. Аммо негадир “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси етарли асослар бўлса-да, 5 йил олдингиси каби ижарачи билан шартномани бекор қилмасдан келмоқда. Бу юқоридаги ишларда уюшмадаги айрим мансабдорларнинг ҳам “қўли борлиги” ҳақидаги шубҳаларни уйғотади.

Тўдакўл Ўзбекистонда балиқчиликни ривожлантириш, ички бозорни балиқ маҳсулотлари билан тўлдириш, қолаверса, республикада балиқчилик мактабини яратиш мумкин бўлган йирик сув ҳавзаси. Шу сабабли, кўлга балиқчилик қайтиши керак. Бунинг учун эса прокуратура ва суд жараёнга адолатли баҳо бериши зарур.

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Мавзуга оид