Жамият | 16:51 / 21.09.2024
9086
12 дақиқада ўқилади

Илм-фанни молиялаштириш: таклиф қилинаётган янги тизим самара берадими?

Ўзбекистонда илмий муассасалар фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларни қўллаб-қувватлашнинг янги тизимига ўтиш бўйича президент фармони лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Академик Шавкат Аюпов ва фан доктори Эркинжон Каримов Kun.uz'га тақдим этган мақоласида лойиҳа борасидаги фикрларини баён этади.

Сунъий интеллект яратган сурат

Илм-фанга бўлган эътиборнинг янги босқичига чиқяпмиз: тадқиқотчиларнинг ойлик маошлари сезиларли кўтариляпти, илмий ташкилотларнинг моддий-техник базаси яхшиланяпти, илмий тадқиқот замонавий тенденцияларга мослаштириляпти. Хусусан, президентнинг математика, физика ва геология соҳаларини ривожлантиришга оид фармон ва қарорларида катта аҳамиятга эга.

Ким бошқаради?

“Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги қонунда давлатнинг ваколатли органи сифатида собиқ Инновацион ривожлантириш вазирлиги белгиланган эди. Маъмурий ислоҳотлар сабабли бу вазирлик Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига айлантирилиб, унинг таркибий қисми сифатида фаолияти бевосита илм-фанга боғлиқ бўлган икки ташкилот – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси ва Инновацион ривожланиш агентлиги қайта ташкил этилди. Энди бевосита илмий фаолият бўйича давлатнинг ваколатли органининг мажбурияти Инновацион ривожланиш агентлигида қолгандек гўё. Лекин бу қанчалик тўғри бўлади? Аввало, бу ҳақида ҳам яхши ўйлаб кўриш керакка ўхшайди. Балки бу агентликни инновацион ишланмалар бўйича ваколатли орган қилиш керакдир. Илм-фан бўйича эса ваколатли орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси муносиб номзод деб ҳисоблаймиз.

Яқинда агентлик томонидан оммавий муҳокамага қўйилган “Илмий ва инновацион фаолиятни амалга оширувчи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларни қўллаб-қувватлашнинг тубдан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги президент фармони лойиҳаси олимлар ўртасида қизғин муҳокамага сабаб бўлмоқда. Унда 184 та илмий ташкилотлар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий молиялашда экани маълумот сифатида келтириб ўтилган бўлиб, уларни молиялаштириш тартибини 2025 йил 1 январидан янги тартибга ўтказиш таклиф этилмоқда.

Унга кўра, бюджет илмий ташкилотлари томонидан ҳисобот йилидан кейинги йил учун ишлаб чиқиладиган илмий-тадқиқот дастурлари илмий ишланмаларнинг истеъмолчиси бўлган ташкилотлар талабларидан келиб чиққан ҳолда юқори турувчи вазирлик ва идоралар орқали Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлигига экспертизадан ўтказиш учун киритилади.

Кўзда тутилган экспертиза жараёни ҳар йили ўтказилиши кўзда тутиляпти. Кейинги бандлардаги жараёнга қаралса, бу қанчалик вақт олувчи, ресурс талаб этувчи мураккаб жараён экани кўринади.

Шу билан бирга, “илмий ишланмаларнинг истеъмолчиси бўлган ташкилотлар талабларидан келиб чиққан ҳолда” деган жумла қўшилиши фармон лойиҳасини тайёрловчилар илмий тадқиқотлар мақсади, унинг таркибий жиҳатлари ва турлари билан унча ҳам таниш эмаслиги кўринади.

Дунё миқёсида қаралса, илмий ишланмаларнинг аксарияти қайсидир ташкилотларнинг талабидан келиб чиқиб амалга оширилмайди. Фундаментал тадқиқотлар натижалари эса умуман глобал характерга эга бўлиб, дунё илм-фанининг ривожланишида ўзига хос локомотив вазифасини бажаради. Қолаверса, мамлакатимизда ҳали илмий ишланмаларни бевосита амалиётга жорий этишга қодир бўлган ташкилотлар ҳали шаклланиб улгурмади. Шу вазиятдан келиб чиқилса, илмий ташкилотларимиз томонидан тузилган дастурлар шу важнинг ўзи биланоқ рад этилиши мумкин.

Агентлик ва экспертиза жараёни

Кейинги хатбошида Агентлик экспертизани қайси мезонларга кўра ўтказиши белгилаб қўйиляпти. Агентликнинг кўрсатиб ўтилган мезонлар бўйича экспертиза ўтказиш салоҳияти савол остида. Чунки агентликда Давлат илмий дастурларини шакллантириш ва мониторинг қилиш бошқармаси 7 штатдан иборат этиб тасдиқланган.

Албатта, агентлик экспертиза учун махсус гуруҳлар ташкил этиш ваколатига эга. Лекин бундай гуруҳларга кимлар жалб этилади, уларга ҳақ тўлаш (меҳнатига яраша) масалалари очиқ қолган.

Бундан ташқари, берилган муддат (ноябр-декабр ойлари) холис экспертиза қилиш учун етарли муддат эмас. Қолаверса, бундай экспертизанинг қанчалик мантиқли экани ҳақида савол туғилади. Масалан, Фанлар академияси таркибидаги Математика институти замонавий математиканинг камида 5 та турли йўналишларида дастурлар тайёрласа, уларни экспертизадан ўтказиш учун институт мутахассисларидан бошқа (манфаатлар тўқнашувига кўра, улар гуруҳга қўшила олмайди) дастур йўналишларида тан олинган етакчи мутахассислар киритилиши керак бўлади. Маълумки, Математика институти мамлакатдаги математика бўйича етакчи илмий муассаса ҳисобланади. Хўш, бу дастурлар борасида холис, сифатли хулоса берадиганлар етарлими? Худди шундай фикрларни ФАнинг кўплаб илмий ташкилотларига нисбатан ҳам қўллаш мумкин.

Реестр?..

Фармон лойиҳасининг 3-7-бандларида илмий ва инновацион фаолият юритувчи юридик шахсларнинг реестрини ташкил этиш ва у асосида рейтинг баҳолаш ташкиллаштириш кўзда тутилади. Бундай реестр балки статистик маълумотларни жамлаш, таҳлил этиш учун қулай воситадир, лекин бу рейтинг асосида танловларда устунлик бериш (7-банд) мақсадга мувофиқ эмас. Ташкилотнинг умумий рейтинги аниқ бир мавзуларда тақдим этилган лойиҳаларида устунлик бериши адолат мезонига тўғри келмайди.

Бундан ташқари, реестрдаги ташкилотларда фаолият юритувчи тадқиқотчиларнинг ҳисоби очилиши ва улар ҳақидаги маълумотларнинг киритилиши (катта эҳтимол билан бу тадқиқотчиларнинг ўзига юклатиладиган мажбурият бўлади) ортиқча деб ҳисоблаймиз. Илмий фаолият билан шуғулланувчи олимларнинг халқаро платформалардаги ҳисоблари билан интеграция қилинишининг ўзи етарли бўларди. Бошқа жиҳатдан, барча илмий тадқиқотчиларни бу йўл билан назорат қилишдан катта самара кўрмаяпмиз. Бу уларга қимматли вақтини оладиган ортиқча вазифа бўлади холос.

Илмий тадқиқотлар қандай молиялаштирилиши керак?

Лойиҳанинг 9-10-бандлари бевосита илмий ва инновацион тадқиқотларни молиялаштиришнинг лойиҳа ва давлат дастурлари кўринишидаги шаклига оид бўлиб, амалдаги тизимда ҳам мавжуд. Бу тизимни амалда самаралироқ ташкил этиш учун бу бандларга аниқламалар киритилиши лозим. Юқорида таъкидланган 124 та ташкилотнинг дастурлари бу механизмдан алоҳида кўрилиши керак. Айнан лойиҳа ва давлат дастурларини молиялаштиришни жорий этиш мамлакатдаги фан ва ишлаб чиқариш орасидаги ҳамкорликни кучайтириш, илмий ташкилотлардан ташқарида фаолият юритувчи олимларнинг тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш, ташкилот дастурларига кирмаган тадқиқотлар билан шуғулланиш имконини берувчи имкониятни айнан шу механизм тақдим эта олиши керак.

Амалдаги тизимда ҳам йўналишлар бўйича илмий-техник кенгашлар (ИТК) ўз фаолиятини амалга оширмоқда. Лекин уларнинг қарорлари якуний характерга эга бўлмаётгани кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда. Янги жорий этиладиган тизимда айнан ИТКларнинг қарори молиялаш учун якуний характерга эга бўлиши муҳим.

Бундан ташқари, имкон бўлса (ҳозирда ИТКлар фаолияти жамоатчилик асосида ташкил этилгани учун уларнинг сони кўпайиши ортиқча маблағ талаб этмайди) ИТКлар сонини кўпайтириш (фан турига қараб) мақсадга мувофиқ. Масалан, амалда физика, математика, механика йўналиши бўйича битта ИТК фаолият кўрсатади ва 3 та катта йўналиш бўйича қарор чиқариши керак бўляпти.

Таянч докторантура квота асосида молияланадими ёки илмий лойиҳа доирасида?

Фармон лойиҳасининг 12-банди бошқача талқинларга сабаб бўлиши мумкиндек. Масалан, унда: “Вазирликнинг илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида докторлик диссертациясини бажаришга қаратилган амалий тадқиқот лойиҳаларидан (кейинги ўринларда – диссертацион тадқиқот лойиҳаси) иборат ёш олимларни қўллаб-қувватлаш дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин” дейилган.

Бу билан ҳозирда ИТИ ва ОТМларга квота асосида таянч докторантуралар тугатиладими деган савол туғилади. Агар бу мавжуд тизимга қўшимча равишда жорий этилаётган бўлса, унда нафақат давлат дастурлари, балки илмий лойиҳалар асосида ҳам диссертацион тадқиқот лойиҳасини амалга оширишга имкон берилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Лойиҳадаги 13-банд мавжуд квоталарга қўшимча равишда жорий этилса, ёш олимлар учун жуда катта имконият беради деб ҳисоблаймиз.

14-бандда келтирилган ёш чегараси 35 эмас, 40 ёшга ўзгартирилиши керак. Чунки илмий фаолият билан изчил шуғулланаётган ёшларнинг аксарияти 30-40 ёш оралиғидаги ёш олимлардир.

Таянч докторантурага қабул қандай бўлиши керак?

Фармоннинг 15-банди, 1-иловада келтирилган таклифга зид келмоқда. Хусусан, унда таянч докторантликка талабгор илмий раҳбарининг тавсияси ҳамда бўлғуси диссертация иши бўйича тадқиқот режаси (Research proposal) асосий рол ўйнаши белгиланган. Бизнингча, бу бандда келтирилган мезонлардан кўра, мана шу мезон кўпроқ рол ўйнаши керак. Таянч докторантурада тадқиқотини давом эттирмоқчи бўлган изланувчи ва унинг илмий раҳбари орасидаги мавжуд илмий алоқа диссертация ишини муддатида муваффақиятли тугалланишида муҳим рол ўйнайди.

Ажратилган квота бўйича (одатда квоталарга буюртма илмий раҳбарликни режалаштирган мутахассислар томонидан олдиндан берилади ва бунинг асосида ажратилади) очиқ конкурс (бандда киритилган мезонлар бўйича) уюштирилса ва бу мезонларга кўра юқори балл тўплаган, лекин илмий раҳбар режалаштириб амалга оширмоқчи бўлган илмий тадқиқот ишига тайёр бўлмаган давогар ғолиб чиқса, кейинги жараён қандай кетиши номаълум қолади. Хужжат топширишдаги қонуний талаблар, жумладан, мутахассислик бўйича тегишли дипломлар, чет тилини билиш сертификати ва ихтисослик бўйича илмий тадқиқот режасига оид суҳбат (махсус комиссия томонидан ўтказиладиган) бизнингча етарли.

Фармон лойиҳасининг 17-21-бандлари илмий ишланмаларни тижоратлаштириш борасидаги ишларни жадаллаштиришда муҳим рол ўйнашини алоҳида таъкидлаймиз.

Қандай таклифлар бермоқчимиз?

1. Фармоннинг 1-ва 2-бандлари чиқариб ташлансин. Бу ташкилотларни молиялаштириш амалдаги механизм асосида қолиши мақсадга мувофиқ.

2. Фармоннинг 6-8-бандларидаги рейтинг баҳолаш тизими ва унинг асосида бериладиган устунликка оид қисмлари ҳам фармондан чиқариб юборилиши мақсадга мувофиқ. Турли рейтинглар тузиш ўтмишда ҳам бажарилгани ва бу кутилган самарани бермагани ҳисобга олиниши керак.

3. Фармоннинг 9-банди “а” пункти 3-хатбошида келтирилган муддат ўрнига йилига икки марта – март ва сентябр ойларига қадар эълон берилиши ва натижаси эълон қилиниши муддати аниқ кўрсатилиши мақсадга мувофиқ. Йилда бир марта конкурс эълон қилиниши ҳозирги тезкор замонда камлик қилади.

4. Фармоннинг 10- ва 11-бандлари илмий ташкилотларнинг амалдаги молиялаш тизимини бекор қилишни назарда тутиши сабабли олиб ташланиши мақсадга мувофиқ. Бундай илмий ташкилотлар ҳар қандай давлатнинг нафақат илмий салоҳиятини сақлашда, балки давлат учун илм-фан соҳасида керакли мутахассисларни тайёрлаш, дунё илм-фанига муносиб ҳисса қўшиш, илмий тадқиқот ишларини амалиётга қўллашда муҳим рол ўйнашини ҳисобга олиш керак. Қолаверса, бу ташкилотларнинг молиявий таъминоти бошқа соҳалар билан қиёслаганда унча катта эмас.

Фармон бўйича молиялаш тизимини бу тарзда ўзгартирилиши соҳадан кадрлар кетиб қолиши, илмий ташкилотларнинг мавҳум келажакка юз тутиши оқибатида фаолиятининг сустлашувига олиб келади. Фанлар академияси тизимида уникал объектларнинг самарали ишлатилиши, мавжуд илмий салоҳиятли жамоаларнинг тарқалиб кетиши бутун илм-фан тизимига катта зарба бўлади деб ҳисоблаймиз.

5. 14-бандда келтирилган ёш чегараси 35 эмас, 40 ёшга ўзгартирилиши керак. Чунки илмий фаолият билан изчил шуғулланаётган ёшларнинг аксарияти 30-40 ёш оралиғидаги ёш олимлардир.

6. Фармоннинг 16-банди ҳам ортиқча бўлиб, марказлашган тарзда диссертация мавзулари базасини яратиш агентликда эмас, ОАКда қолгани маъқул. Чунки илмий тадқиқот иши бошланишида танланган мавзу тадқиқот жараёнида, якунларга қараб аниқлаштирилиши мумкин. Бу ҳолда агентлик марказлашган базасида тегишли ўзгартиришлар киритиш бюрократик тўсиқ ҳосил қилади. Бунинг ўрнига амалдаги тегишли ОАК назорат ва мониторингини тўла рақамлаштириш ва очиқ маълумотлар базасига айлантириш керак.

Шавкат Аюпов,
Ўзбекистон қаҳрамони, академик

Эркинжон Каримов,
физика-математика фанлари доктори

Мавзуга оид