Икки аср давомида дунёдан изоляцияда яшаган Япония қандай қилиб бунча тезда оёққа турди? Kun.uz кунчиқар юртга ижодий сафари давомида бу мамлакатнинг ривожланиш сирларини ўрганишга ҳаракат қилди. Ҳаммага маълум бу “сир”лардан бири эса – илмга муносабат. Бу ҳақда бизга Нагоя иқтисодиёт университети профессори Алишер Умирдинов батафсил сўзлаб берди.

Японияга қилган ижодий сафаримизнинг бош ҳомийси - Murad Buildings ва NRG компаниялари. Kun.uz сафар давомида катта кўмак кўрсатган тадбиркор Мурод Назаровга ўз миннатдорчилигини билдиради.

— Бу ерда (Японияда) илм-фан чуқур илдиз отганини, масалаларни тизимли равишда ҳал қилиб, “Шинкансен” поезди каби тезликда кетаётганини, юртимизда эса тўпланган тажрибалар баъзи бир инсонларнинг алмашинуви билан ёки университетдаги, кафедрадаги баъзи бир бошлиқларнинг қовоғига қараб, ўзгариб кетишини, ўқитувчиларимиз бунга бепарволигини кўриш жуда оғир, дейди профессор. – Бир томондан қонинг билан аъзо бўлган миллатинг, бир томондан сен солиқ резиденти сифатида яшаб, илмий фаолият қилаётган ватанинг – иккисида ҳолат икки хил.

Янгиликлар мени баъзан шокка солади... Аммо велосипедни қайтадан ихтиро қилишимиз керак эмас – боболаримизнинг қилган ишларини ўрганиб, уларга ўхшашга ҳаракат қилсак, уларнинг услубларини ҳозирги замонга мосласак, кўп масала ҳал бўлади.

Домлаларга етарлича вақт бермасдан, таълимга оид бўлмаган топшириқлар бериш ҳалигача кўп. Бу нарса ўқитувчи-профессорларни тадқиқот қилишдан тўсяпти. Ўзларининг соҳасига чуқурлашиб, керакли адабиётларни ёза олишлари учун вақт кам. Ойлик етмайдиган ҳолатлар ҳам бор.

Бошқа томондан профессор-ўқитувчиларнинг ўз соҳасига бепарволиги, соҳага ҳақли бўлмаса ҳам, юзлаб талабанинг вақтини олиб ўтириши, талабанинг саволларига жавоб беролмаслик, талаба йўл-йўриқ сўраса, йўл кўрсатишни истамайдиганлар кўплигини эшитиш мен учун оғир.

Доим тизимни, Олий таълим вазирлигини айблашдан йироқман. Устозларнинг қилоладиган ишлари, имкониятлар бисёр. Кўп ишларни талабалар билан бирга қилса бўлади.

Ўзбекистон университетларини битириб, хорижга магистратурага чиққан талаба (айниқса, аниқ ва табиий фанлар бўйича) ривожланган давлатлар талабига етиб олиши учун камида 6 ой ёки 1-1,5 йил вақтини кутубхонада ўтказиши керак. Шунинг учун китоблар таржима қилиниши – тилимизга ўгирилиши керак.