Ўзбекистон | 14:00 / 25.07.2024
9619
3 дақиқада ўқилади

“Абитуриентларга ҳуқуқ фанидан тушган саволлар ишчи гуруҳ тузиб ўрганиб чиқилади” — ТДЮУ ректори

Kun.uz ҳуқуқшунослик фанидан имтиҳонларда тавсия этилмаган манбалардан саволлар тушгани бўйича қатор идораларнинг фикри билан қизиқди. Юридик университет ректори ҳолатга қонуний хулоса берилишини таъкидлади. Адлия вазирлиги ва Судялар олий мактаби бу масалага аралашмаслигини билдирди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси саволимизни очиқ қолдирди.

Фото: Kun.uz

Ҳуқуқшунослик фанидан имтиҳонларда абитуриентлардан Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг санкциялар қисми сўралгани ва бу имтиҳон ўтказиш қоидаларига зид экани жамоатчилик орасида муҳокамага сабаб бўлган эди. Kun.uz ҳолатга муносабат билдиришини сўраб адлия ва ҳуқуқ соҳаларида фаолият олиб бораётган масъуллар билан боғланди.

Масъулларга давлат имтиҳонлари тестларида абитуриентлардан қайсидир қилмиш учун ЖК ва МЖтКда қанақа жазо белгилангани, яъни санкциялар сўралгани айтилаётгани ва мактабни битирган ўқувчидан буни сўраш қанчалик тўғри, деган савол билан мурожаат қилинди.

Тошкент давлат юридик университет ректори Исломбек Рустамбеков бу масалалар бўйича ҳозирда ТДЮУ ва Адлия вазирлиги томонидан ишчи гуруҳ тузилиб ўрганиш ташкил этилаётганини маълум қилди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигидан тегишли маълумотлар олиниб ўрганилади ҳамда қонуний хулоса қилинади. Аниқ баҳо бериш учун низом талабларини кўриб чиқиш, тест саволлари ҳамда мактабларда ўқитиладиган дастурлар, улардаги адабиётлар ва мавзуларни таҳлил қилиб хулоса қилиш керак бўлади”, – деди у.

ЖК ва МЖтКда қанақа жазо белгилангани, яъни санкцияларни тўлиқ эсда сақлашнинг имкони бор деб ҳисоблайсизми, деган саволга ректор шундай жавоб берди.

Айрим муҳим моддаларни эслаб қолиш табиий, лекин тўлиқ билиб бўлмайди, билишга зарурат ҳам йўқ”, – деди у.

Судялар олий мактаби матбуот хизмати вакили эса уларда Билимларни баҳолаш агентлиги фаолиятига баҳо бериш ҳуқуқи йўқлигини маълум қилди.

Адлия вазирлиги матбуот хизмати юқоридаги масалага Олий таълим вазирлиги масъул эканини айтиш билан чекланган бўлса, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси Kun.uz саволини очиқ қолдирди.

Эслатиб ўтамиз, давлат имтиҳонларига кириб тест ечиб чиққан абитуриентлар уларга дарсликка киритилмаган саволлар тушганидан шикоят қилишган эди. Шунингдек, абитуриентлардан ЖК ва МЖтКларининг санкциялар қисмидан ҳам маълумотлар сўралгани айтилган. Бу эса Билимларни баҳолаш агентлиги тавсия қилган адабиётлар рўйхатида учрамайди. Шундан кейин агентлик расмий баёнот билан чиқди. Унда савол тузишда қонун ҳужжатларига белгиланган тартибда ўзгартириш киритилганда қонуннинг асл манбайи – lex.uz сайтига мурожаат қилинади дейилган. Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев агентлик шу жумлани нотўғри талқин қиляпти деган фикрда эканини айтиб, баёнотни ёлғон деб атаганди.

Мавзуга оид