Жаҳон | 12:25 / 22.06.2024
19286
13 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея Россияга аскар юборадими?

Ҳарбий ёрдамдан стратегик шерикликкача, Россия президенти Владимир Путин Шимолий Кореяда бўлди. 24 йиллик танаффусдан кейинги меҳмонни Пхенян аэропортида шахсан Ким Чен Иннинг ўзи кутиб олди. Бу ташрифнинг мотивлари қандай? Икки томон бир-биридан нима хоҳлайди ва глобал ҳамжамият учун бу нега муҳим? “Геосиёсат” мавзунинг энг муҳим нуқталарини сиёсатшунослар Ойбек Сирожов ва Ҳикматилла Казакбаев билан таҳлил қилади.

Владимир Путин Шимолий Кореяга қандай мақсадлар билан борди? Шимолий Корея Россиядан нима хоҳлайди?

Ойбек Сирожов: — Иккита ракурсда ёндашиш керак бунга: Россия манфаатлари ва КХДР манфаатлари. Россия манфаатларига тўхталсак, Украина урушида эскалация кучайиб боряпти, шу кучайишда янги кучлар тўплаб, иттифоқчилар излаш, қурол-яроғ йиғиш масаласи долзарблашиб боряпти, Путиннинг КХДРга ташрифини ҳам шу нуқтаи назардан баҳолаш мумкин.

3 та нарсани таъкидлаш керак. Биринчиси, қурол-яроғ олиш, ўтган йили сентябрда КХДР раҳбарининг Москвага ташрифида ҳам бир қанча шартномалар имзоланган, ноябр ойида эса АҚШ томонидан КХДР Россияга снарядлар жўнатгани ҳақида хабарлар чиққанди. Бугун ҳам катта эҳтимол билан ракеталар ва снарядлар бериш масаласи бўлгани ҳақида айтиляпти. Шимолий Кореядаги снарядлар совет стандартларига мос келгани сабаб Россиядаги артиллерия учун мос. Ўша вақтда 1 млн дона снаряд берилган дейилганди, бугун эса 3-5 млн атрофида бўлгани айтиляпти.

Иккинчиси, стратегик шериклик шартномаси имзолангани. Путин алоҳида таъкидладики, қайсидир томонга нисбатан агрессия бўлган ҳолатда икки давлат бир-бирига ҳар томонлама ёрдам беради. Бугун Россия шу агрессияга учраши хавфи бор. Франциянинг, бошқа Европа давлатларининг қўшин юбориш масаласига ўзига хос жавоб бўлди Россия томонидан. КХДРнинг 0,9-1 млн доимий, 4 млндан ортиқ захира ҳарбийлари бор, аёллар ҳам ҳарбий хизматга чақирилади.

Учинчиси, Ғарбга сигнал бу. Эскалация кучайган сари иттифоқчиларни топиш орқали Ғарбга нисбатан янги таҳдидларни шакллантириш.

Ҳикматилла Казакбаев: — Россиядаги сиёсий ҳолат унинг уруш ҳолатига ўтганини билдиради, яъни мудофаа вазири иқтисодчи шахс бўлди. Ҳарбий саноат корхоналари хам 3 сменада ишлаяпти,бу уруш ҳолатида бўлади. Эрондан қурол-яроғ олинди, энди буни кенгайтириш керак, чунки бутун бошли Ғарб қурол-яроғига тенглашадиган эмас Россияники. Тўғри, Россия қуроллари Украинага етказиладиган қуроллардан кўп, лекин Ғарбники каби сифатли эмас. Шу сабаб ҳам Эрон ва Шимолий Корея каби давлатлар керак Россияга.

Статистикага кўра, 2023 йилда КХДР ва Россия ўртасидаги товар айланмаси 9 баробарга ошган ва 2 млрд долларга етган, бу йил эса 3,5-4 млрдга етиши мумкин. Ғарб томондан тақдим этилган маълумотларда 16 мингта вагон Россияга кириб келган КХДРдан, катта рақам бу, ҳарбий саноат маҳсулотлари келган катта эҳтимол билан.

КХДР моддий манфаат кўради. Иккинчи томондан эса Россия унга халқаро майдонда қайсидир маънода ёрдам беради. Ташриф давомида КХДРга БМТ томонидан қўйилган санкциялар масаласи кўтарилди, 2010 йилда бунга Россия ҳам қўшилганди Медведев томонидан. Шу санкцияларни олиб ташлаш масаласи ҳам кўрилди. Бу икки давлат учун ҳам фойдали бўлди ҳарбий, иқтисодий, маънавий қўллаш жиҳатлардан. Кутиб олиш жараёнига қарасак, катта тайёргарлик кўрилган.

2024 йил январь-июнь ойларида камида вазир ўринбосарлари даражасида 18 марта ташриф амалга оширган ўзаро. СССР пайтида ҳам бунақа кўрсаткич бўлмаган. Шундан ҳам кўриш мумкинки, ҳарбий, сиёсий нуқтаи назардан икки давлат бир-бирига жуда керак айни пайтда.

Ойбек Сирожов: — Албатта, КХДР ҳам манфаатдор. Кутиб олиш жараёни бундай дабдабали бўлиши ҳам ички ва ташқи аудиторияга биз қувғин давлат эмасмиз, яккаланиб қолмаганмиз, бизнинг ҳам иттифоқчиларимиз бор, деган сигнал берди.

Путин ташрифидан олдин ҳам яқин орада КХДРга қайсидир президент борганми?

Ойбек Сирожов: — Ҳали яқин орада давлат раҳбари даражасидаги ташрифлар бўлмаган. КХДРнинг яқин иттифоқчилари ҳам бармоқ билан санарли.

Айтилганидек, иқтисодий манфаат омили ҳам бор бу ташрифда. Шимолий Корея ҳарбий доктринасига кўра, доимий урушга тайёрланади. 180 дан ортиқ ҳарбий саноат заводлари бор, шуларнинг 17 тасида снаряд ва ракеталар ишлаб чиқилади. Йиллар давомида йиғилган қурол-яроғнинг харидори пайдо бўлди — Россия. Жорий йилнинг дастлабки 5 ойида савдо айланмаси 58 фоизга ошган. Бу айланманинг аксар қисми ҳарбий техникаларни ташкил қилади.

Яна бир жиҳат, КХДРнинг космос орқали, сунъий йўлдошлар билан назорат қилиш имконияти анча чекланган. Бугунги урушларда бу нарса керак. Ўтган йили КХДР 21 ноябрда ўзининг илк спутник айғоқчиси космосга кўтарилганини айтди, буни Жанубий Корея ҳам тасдиқлади. Сентябр ойида Ким Чен Ин Москвага борганда космонавтика бўйича ҳам ҳамкорлик бўлиши айтилганди. Шимолнинг бу ҳамкорликкача бўлган уринишлари бесамар кетганди. Бугун ҳам бу бўйича ҳамкорликни давом эттириш мумкин. Хусусан, узоқ масофали баллистик ракеталарни янада такомиллаштириш КХДР манфаатларига тўғри келади.

Стратегик шериклар икки давлатга ташқи аралашувлар вақтида қандай кўмак беролади?

Ойбек Сирожов: — Бу бўйича аниқ тафсилотлар маълум қилинмади, лекин юқорида айтилгандек, Путин бу ҳақида гапирди Ғарбга жавоб сигнал бериб.

Яна бир масала бор бу ерда. Яъни уруш чўзилиши кутиляпти ва икки томон хам узоқ урушга тайёрланяпти, бу ташрифдан ҳам мақсад узоқ урушга тайёрланиш. Ғарб Украинага қуроллар берди, лекин шу қуролларни ишлатадиган мутахассис ҳарбийлар етишмаяпти. Шу фонда турли баёнотлар бўляпти зарур пайтда қўшин киритиш каби. Бизга хам шундай қўшин киритадиган иттифоқчимиз бор деган ўзига хос чақириқ бўлди бу.

СССР тарқагач, Россия КХДР билан масофа сақлаб, собиқ иттифоқ каби яқинлашиш тарафдори эмасди. Санкцияларга ҳам қўшилганди КХДРга нисбатан. Энди эса вазият яқинлашишни талаб қиляпти. Қанчалик эскалация кучайса, Россиянинг КХДРга эҳтиёжи шунча ортади. Яна бир қулай томони бор, икки томонда ҳам ўзига хос ёпиқ жамият бўлгани учун кўп қарорлар Ғарбдаги каби муҳокама қилинмайди. Дейлик, Ғарб давлатлари 50 минг қўшин жўнатамиз деса бирор жойга, буни ойлаб муҳокама қилиб, тасдиқланиши керак, лекин буларда ундай муаммо йўқ.

Бундан ташқари, КХДРда жуда арзон ишчи кучи бор, 26 млнга яқин аҳолиси бор, ЯИМ жон бошига улуши 670-680 долларни ташкил қилади, жуда паст кўрсаткич бор, шунга яраша ишчи кучи ҳам арзон. Лекин миграция масаласи кўтарилмади, кейинчалик бўлиши мумкин. Ўзбекистон манфаатлари учун ҳам миграция борасида қандайдир ўзгариш бўлиши мумкин. Лекин имкониятлари чегараланган, Россияда КХДРдан 130 та талаба ўқиркан, Марказий Осиёдан эса 100 мингдан ошиқ талаба ўқийди Россияда.

Агрессияга учраган пайтда ҳарбий ёрдам кўрсатишда Россияга Шимолий Корея санкциялар остида бўлганда қуроллар ёки ҳарбийлар юбориши ўзи учун легитимлик асосига қуриладими?

Ҳикматилла Казакбаев: — Бу шартнома бўлиши ҳозирда ёки келажакда бўладиган ҳарбий ҳамкорликни қонунийлаштириш бўлди. Шартнома имзоланмасдан олдин бу жараён бошланган, КХДРга ҳам ҳарбий технологиялар томондан ёрдам керак, олдин СССР ва Хитой эди, аммо санкциялар сабаб чекланиб қолганди.

Белорусга ҳам олдин қонунийлаштириб, кейин ядро ракеталари жойлаштирилди. Бунда ҳам худди шундай ҳолат, бир-бирига ҳарбий ёрдам қонунийлашади.

Хитой томони бунга қандай қарайди? Барибир Шимолий Кореянинг биринчи рақамли ҳамкори.

Ҳикматилла Казакбаев: — Иқтисодий ва ҳарбий нуқтаи назардан Хитой КХДР учун биринчи рақамли давлат эканини тан олади Россия. Марказий Осиёда ҳам Хитой Россиянинг ҳарбий, сиёсий томондан устунлигини тан олгани каби. Умуман, Хитой биринчи ўринда Шимолий Корея учун, Россия иккинчи ўринда, шу сабаб тан олади Хитой устунлигини. Барибир Россия ва Хитой ҳукуматлари бу борада ҳам келишиб ишлайди.

Ойбек Сирожов: — Бугун коллектив Ғарб Украинанинг енгилишини қанчалик хоҳламаса, Хитой ҳам Россия енгилишини шунчалик хоҳламайди. Лекин Хитой тўғридан тўғри Россияни қўллай олмайди очиқчасига, чунки санкциялар бор, Ғарб билан Хитойнинг савдо ҳажми бир неча триллион доллар. Шу сабабдан Россияни учинчи давлат орақли қўллаши мумкин.. Масалан, Хитойнинг Россияга қўшин юборишини умуман тасаввур қилиб бўлмайди, чунки Ғарб билан алоқалари узилади бунда, лекин Шимолий Корея буни амалга ошириши мумкин. Умуман, жараён мураккаб, эскалация кучайиб жаҳон урушига айланиб кетиши мумкин. Путин ҳам бир неча бор бунга урғу берди, аммо Ғарб ҳам учинчи жаҳон урушини хоҳламайди. Вазият боши берк кўчада. Кимдир ён бериши мумкин, лекин икки томон хам имкониятлар излаб, бир-бирига кўз-кўз қиляпти.

Ҳикматилла Казакбаев: — Ғарбнинг Украинага ёрдами баъзи қизил чизиқларни кесиб ўтди. Россиялик сиёсатшунослардан бири агар Ғарбнинг Украинага ёрдами чегаралан ошиб кетса, биз Суриядан туриб Британиянинг Кипрдаги ҳарбий базаларини қонуний нишонга айлантиришимиз мумкин, деди. Россиянинг Кубага ҳарбий кемалари бориши ҳам Россиянинг бир жавоби.

Бугун Ғарбга қарши Россиянинг ўзи эмас, глобал жануб тушунчаси ҳам пайдо бўлган, уларнинг ҳам Ғарбга қарама-қаршилиги бор.

"Блинкен АҚШ Шимолий Корея ва Эрон Россияга қурол етказиб беришни тўхтатиши учун ҳамма нарсани қилади" деганда нимани назарда тутди?

Ойбек Сирожов: — Бу гапнинг қаерда айтилгани ҳам муҳим, НАТО брифингида айтди. Путиннинг КХДРга бориши ва стратегик шериклик шартномаси имзолаши катта бир чақириқ. Ташриф эълон қилинган кундан бошлаб Ғарб буни кузатиб боришини айтганди.

Ҳамма нарса қилади деганда гўёки шахмат доскасида юришлар бўляпти ҳозир, биринчи Ғарб сурди дона, энди Россия, Ғарбнинг кейинги жавоби қандай бўлади, деган масала бор. Россия ҳудудларига зарба беришда чекловлар бор Украинада, уни олиб ташлаши мумкин. Шу каби имкониятлар бор икки томонда. Умуман, эскалация кучайиб бораверади.

Ғарб, жумладан АҚШ КХДРга нисбатан қандай амалий чора кўриши мумкин?

Ойбек Сирожов: — Шимолий Кореянинг ютуғи ядро қуролига эга экани, вақти-вақти билан тактик синовдан ўтказиб туриши. Шу сабаб фақат иқтисодий санкциялар билан жавоб беряпти. Масалан, Ироқда ҳам ядро қуроли бўлганда АҚШ бу ишларни амалга оширолмасди.

Ғарб КХДРнинг ташқаридаги мухолифатларини қўллаши мумкин. Ҳамма ишлар қилинади деди айнан Блинкен, бу дегани шу пайтгача қилинмаган, чегара сифатида кўрилган ишлар ҳам амалга оширилади.

Ветнамнинг Россияга яқинлашиши Ветнам уруши давридан АҚШга нисбатан қолган аламдан дейиш мумкинми ёки олдиндан Россия билан алоқалари яхшимиди?

Ҳикматилла Казакбаев: — Ветнам Хитой ва Россия ўртасидаги энг нозик масала ҳисобланади. Россия ва Хитой халқаро муносабатларда кўп жиҳатдан якдил бўлса ҳам, Ветнам ва Ҳиндистон масаласида тўқнашади. Ветнамнинг асосий муаммоси Хитой, халқи ҳам биринчи рақамли душман сифатида Хитойни кўради, бу ҳудудий муаммолар билан боғлиқ. Россиялик кўпчилик ҳудудий масалада Ветнамни қўллайди, Россия Фанлар академияси ўтказган бир конференцияда ҳам бунга гувоҳ бўлгандим ўзим.

1979 йилда Хитой ва Ветнам ўртасидаги уруш СССР томонидан тўхтатилган, ўшанда СССР Ветнам тарафини олган ва Хитойга нота юбориб, зудлик билан қўшинларини олиб чиқишни айтган. Ветнам ва Россия ўртасидаги шартнома имзоланиши Россия ва Хитой муносабатларига ҳам таъсир қилади.

Ойбек Сирожов: — Шимолий Корея ва Россия ўртасидаги муносабатлар ривожланишида Хитой муҳим ўрин тутадиган бўлса, балки Ветнам ва Хитой муносабатларида Россия шунақа ўрин тутиши мумкин ва муаммолар ҳал этилиши учун ўзига хос платформа бўлади.

Кейинги вақтда Россия сиёсий элитасида биз Хитойга боғланиб қоляпмиз, деган хавотирлар кўп. Шу нуқтаи назардан бу ерда мувозанатни таъминлаш вазифаси ҳам бор. Хитой билан муқобил бўлган давлатлар билан яқинлашув шу мувозанатни таъминлайди. Шу жиҳатдан Россия манфаатдор.

Ветнамнинг хам манфаатлари бор. Бу давлат иқтисодий, ижтимоий, таълим томонлардан ривожланиб боряпти. Бундай ривожланаётган давлатда хомашё ва катта ресурсларга, айниқса Россия каби арзон ресурсларга эҳтиёж катта бўлади.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид