Хотин-қизлар гранти учун тавсияномалар қачондан берилиши аниқ бўлди
Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тавсияномасига эга эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар учун ОТМга киришда қўшимча 4 фоизли грант ажратилади. Қўмита тавсияномалар бериш учун мурожаатлар қабули қачондан бошланишини маълум қилди.
Тошкент шаҳар Oила ва хотин-қизлар бошқармасининг хабар беришича, тавсиянома учун талабгорлар ҳужжатлари xotin-qizlar.uz платформаси орқали электрон шаклда жорий йилнинг 30 майидан 8 июнига қадар қабул қилинади.
Тавсиянома олишга талабгорлар қуйидаги тоифалардан бирига мос бўлиши керак:
- Кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар (оиланинг ҳар бир аъзосига жами даромад аниқланадиган даврда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 0,527 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромадга эга бўлган оила);
- Тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар;
- Турмуш ўртоғи вафот этган, вояга етмаган фарзандини ёлғиз тарбиялаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар;
- Ногирон фарзанди бўлган, эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар;
- 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ болаларни тарбиялаётган, бошқа қариндошлардан алоҳида (ижарада) яшаётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг қиз фарзандлари;
- Ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногирони бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар.
Эслатиб ўтамиз, тавсиянома олишнинг ўзи талаба бўлишни англатмайди. Бироқ тавсиянома билан танловда иштирок этган хотин-қизлар орасидан энг юқори натижа кўрсатганлар тўплаган баллари кетма-кетлигига кўра давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.
Ўтган йили талабгор хотин-қизларга тавсияномалар электрон тарзда берилиши бошланган эди.