5 йиллик стажлилар учун 500 та квота

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси 5 йиллик стажга эга, олий маълумотли бўлмаган хотин-қизларга тавсияномалар беришни бошлади. Тавсиянома учун ариза топширишнинг охирги муддати — 1 июн. Аризалар қўмитанинг туман, шаҳар бўлимларида ташкил қилинган ишчи гуруҳларига топширилади.

Тавсиянома олишга талабгор қуйидаги талабларга мос бўлиши керак:

  • ўрта махсус ёки профессионал таълим бўйича мутахассисликка эга бўлиши;
  • тавсиянома олгунга қадар олий таълим олмаганлиги ёки олмаётганлиги;
  • ўрта махсус ёки профессионал таълим мутахассислиги бўйича камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлиши керак.

Керакли ҳужжатлар:

  •  Фуқаролик паспорти ёки ID карта нусхаси;
  • Меҳнат дафтарчаси (электрон меҳнат дафтарчаси)дан кўчирма;
  • Ўрта-махсус ёки профессионал таълим бўйича диплом.

Аризалар кўриб чиқилиб, 15 июнгача эгаларига топширилади. Тавсияноманинг амал қилиш муддати — 3 йил. Ўтган йили тавсиянома олган, лекин талаба бўла олмаганлар бу йил ҳам ўша тавсияномасидан фойдаланишлари мумкин.

Тавсияноманинг ўзи ўқишга киришни кафолатламайди. Уни олган хотин-қизлар ҳам ҳамма абитуриентлар каби имтиҳон топширади, фақат уларнинг балли алоҳида квота доирасида ҳисобланади. Энг юқори балл тўплаган 500 абитуриент эса талабаликка тўлов-контракт асосида қабул қилинади.

2 мингта грант

Хотин-қизлар учун ўқишга киришдаги асосий имкониятлардан бири — эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга ажратилувчи умумий квотанинг 4 фоизи миқдоридаги (2 мингта ўрин) грант ҳисобланади. Унга талабгорлар ҳам тавсияномани Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасидан олади. Ўтган 2022 йилги қабулда тавсияномалар учун аризалар 30 майдан 8 июнгача олинган. Бу йил тавсияномалар бериш ҳали бошланмади.