Ўзбекистон | 10:13 / 04.08.2021
13285
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги қатор корхоналар ва кушхоналар Олмалиқ ҳамда Оҳангаронга кўчирилади

Бугун, 4 август куни “Салар” оқова сув иншоотида унинг атрофида фаолият юритаётган тадбиркорлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар бермоқда.

Қайд этилишича, иншоот атрофидаги маҳаллалар аҳолисининг мурожаати асосида мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи ташкил этилди. Ишчи гуруҳ “Салар” оқова сув иншооти ҳамда “Салар” канали бўйида жойлашган юридик ва жисмоний шахсларнинг белгиланган меъёрларга мувофиқ оқава сув иншоотига улангани ҳамда ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган чиқиндиларни ташлаш бўйича нормаларга амал қилиш ҳолатини атрофлича ўрганди.

Ўрганиш хулосалари асосида Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган терини қайта ишлаш, тўқимачилик, паррандачиликка ихтисослашган корхоналар ва қорамол кушхоналари Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳри ва Оҳангарон туманларида ташкил этиладиган “Махсус саноат зона”ларига кўчирилиши лозимлиги ҳақида хулоса қилинди.

“Шундан келиб чиқиб, бугунги учрашувда Тошкент шаҳар мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳ аъзолари Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳри ва Оҳангарон туманига кўчирилиши мақсадга мувофиқ деб топилган корхоналар билан учрашиб, тушунтириш ишларини олиб боришди”, дейилади маълумотда.

Таъкидланишича, “Салар” оқава сувларни тозалаш иншооти билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан масъулларга зарур кўрсатмалар берилган.

Йиғилишда маълум қилинишича, аввалги учрашувларда бу ҳудудда бадбўй ҳид тараларди. Олиб борилган ишлар, хусусан, қайта ишланмаган оқавалар иншоотга ташланиши тўхтатилганидан сўнг, бугунги кунда бу ердаги ёқимсиз ҳид анча камайган. 

“Аммо ҳали ишчи гуруҳ хулосаси асосида бажариладиган ишлар кўп”, дейилади ҳокимлик хабарида.

Мавзуга оид