Покистоннинг Лаҳор шаҳри дунёдаги энг ифлос ҳавога эга шаҳарлардан бири экани маълум қилинди. У ерда хавфсизлик чегарасидан рекорд даражада юқори кўрсаткич қайд этилди, деб хабар бермоқда Phys.org.

2 ноябр куни шаҳардаги ҳавода муаллақ турган майда чанг заррачалари, яъни PM2.5 миқдори 1067 кўрсаткичга етган. Бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти соғлиқ учун хавфсиз деб белгилаган чегарадан тахминан 80 баробар юқори. Лаҳор шаҳри амалдорларининг таъкидлашича, ҳали бирор марта бу кўрсаткич 1000 дан ошмаган эди.

Мутахассислар сўнгги бир неча кун мобайнида Лаҳорда жуда қалин смог кузатилганини айтди. Бу туман ва ифлослантирувчи моддалар аралашмаси бўлиб, сифатсиз дизел ёнилғиси ҳамда биноларни иситишдан чиқадиган тутун натижасида ҳосил бўлади. Айниқса, ҳаво совиганда ушбу ҳодиса яққол сезилади. Қуйи ҳарорат туфайли зич ҳаво ифлослантирувчи моддаларни узоқроқ вақт ўзида ушлаб туради.

Шаҳарда бошланғич мактаблар ёпилди

Лаҳор ҳокимияти маълум қилишича, энг чўққига чиққанидан кейин ифлосланиш даражаси уч баравардан кўпроққа пасайган. Аммо бу кўрсаткич яна бир неча кун юқори бўлиб туриши прогноз қилинди. Энг хавфли вазият кузатилаётган ҳудудларда турли чекловлар жорий этилди. Хусусан, шаҳардаги барча бошланғич мактаблар бир ҳафтага ёпилди. Душанбадан бошлаб офис ходимларининг 50 фоизи “яшил карантин” режаси доирасида уйдан ишлайди.

Бундан ташқари, қурилиш ишлари тўхтатилиб, икки тактли двигател билан ишлайдиган уч ғилдиракли транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланди, шунингдек, очиқ оловда таом тайёрлайдиган муассасалар одатдагидан эртароқ ёпиладиган бўлди.

Вазиятга Ҳиндистон айбдор(ми?)

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича юқори лавозимли амалдор Ража Жаҳонгир Анварнинг айтишича, смогни келтириб чиқарадиган “энг катта манба” Ҳиндистон билан чегаранинг нариги томонида анғиз (қишлоқ хўжалиги чиқиндилари) ёқиш одатидир.

Яна бир амалдор “кучли шамол туфайли уларнинг тутуни Покистонга келаётганини” таъкидлади.

“Бу масалани Ҳиндистон билан музокараларсиз ҳал қилиб бўлмайди”, — деди у. Амалдорнинг қўшимча қилишича, провинсия ҳукумати ташқи ишлар вазирлиги орқали тегишли муҳокамалар ўтказиш ташаббуси билан чиқмоқчи.

Ҳукумат аҳолини уйда қолишга ва зарур бўлмаган саёҳатлардан тийилишга чақирмоқда.