Жаҳон | 07:48 / 29.04.2024
4411
3 дақиқада ўқилади

Telegram Украина «ГУР»нинг «разведка боти»ни блоклади

Бир қатор ОАВ хабарларига кўра, «ГУР» ва «СБУ»нинг расмий ботлари, Украина жануби бўйича координатор бот ва дронларни кузатиш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа ботлари блокланган. «ГУР» бошқа платформаларда бот функцияларини тиклаётгани ҳақида хабар берди. 

Фото: Kun.uz

Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси («ГУР») маълумотларига кўра, 29 апрел, душанбага ўтар кечаси Telegram платформаси раҳбарияти «Россиянинг Украинага қарши ҳарбий агрессиясига қарши курашган бир қатор расмий ботларни асоссиз равишда блоклаб қўйган». Аниқлик киритилишича, «Асосий разведка боти» кутилмаганда блокланган. «Бу Telegram раҳбарияти очиқ эълон қилган қоидалар ва оммавий баёнотларга зид равишда содир бўлди», дейилади «ГУР»нинг Telegram ижтимоий тармоғидаги баёнотида.

Украина разведкаси, шунингдек, уларнинг асосий боти блокланганига қарамай, фойдаланувчиларнинг барча шахсий маълумотлари хавфсиз эканлиги ҳақида хабар берди. Шу билан бирга, «ГУР» фойдаланувчиларни «душман ўхшаш номли ботларни яратаётгани» ҳақида огоҳлантирди ва уларни бошқа платформаларда ботни қайта тиклаш вақтида потенциал сохта ботларга шахсий маълумотларни жойлаштирмасликка чақирди. 

Бир қатор Украина оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Telegram огоҳлантирмасдан «Єворог» ботларини, Украина Хавфсизлик хизмати («СБУ») расмий ботларини, Украина жанубидаги координатор ботни ва дронларни кузатиш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа ботларини блоклаган.

Дуров АҚШни Telegram’да жосуслик қилишга уринишда айблади 

Telegram ижтимоий тармоғи асосчиларидан бири Павел Дуров аввалроқ Америка разведка идораларини дастурга орқа эшик вазифасини ўтайдиган ва фойдаланувчиларнинг ёзишмаларига кириш имконини берадиган воситаларни киритишга уринишда айблаган эди. Қўшма Штатларга ташрифи чоғида унга «киберхавфсизлик соҳасидаги ходимлар ёки агентлар» томонидан ёлланмоқчи бўлган Telegram дастурини ишлаб чиқиш бўйича муҳандис ҳамроҳ бўлган, деди Дуров америкалик бошловчи Такер Карлсон билан 17 апрел куни чоп этилган интервюсида. Карлсон улар америкалик давлат хизматчиларими ёки йўқми, шу бўйича аниқлик киритувчи савол берганида, Дуров муҳандис унга ёллашга уринишларни айнан шундай тасвирлаганини айтди. 

Telegram яратувчиси, шунингдек, Америка разведка идоралари АҚШга ҳар сафари чоғида унга қизиқиш билдиришини ва саволлар беришини таъкидлади. Разведканинг ҳаддан ташқари эътибори жамоани АҚШга олиб кетмаслик қарорига сабаб бўлган, дея қўшимча қилди у. 

Мавзуга оид