Ўзбекистон | 13:48 / 12.04.2024
3501
2 дақиқада ўқилади

Навоийдаги ноёб металларни ўрганиш учун хорижий илмий-тадқиқот муассасалари жалб этилади

Навоий вилоятида хорижий ҳамкорлар билан бир қанча соҳаларда йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов, ташқи ишлар вазири ўринбосари Музаффар Мадраҳимов, вилоятнинг барча туман ва шаҳар ҳокимлари, Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирокида онлайн учрашув ўтказилди.

ТИВ маълумотига кўра, тадбирда вилоятнинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий имкониятларидан унумли фойдаланиш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан тоғ-кон, туризм, саноат, қурилиш материаллари ва бошқа бир қанча соҳаларда йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. 

Жами 26 та давлатдаги элчилар сўзга чиқиб, хорижий ҳамкорлар билан биргаликда лойиҳалар амалга ошириш юзасидан аниқ таклифлар киритди. Ҳудуд вакиллари томонидан хорижий инвесторларни жалб этиш мумкин бўлган устувор йўналишлар ва соҳалар тақдимоти ўтказилди. 

Навоийдаги ноёб металларни ўрганиш ва тоғ-кон саноатини такомиллаштириш учун хорижий илмий-тадқиқот муассасаларини жалб этиш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.

Ҳудуднинг инвестицион жозибадорлиги, жумладан "Навоий" эркин иқтисодий зонасида мавжуд имтиёз ва имкониятлар тўғрисида хорижий инвесторларга етарли маълумот бериш зарурлиги қайд этилди ва ушбу соҳада яқин ҳамкорликни янада жадаллаштиришга келишиб олинди.

Мавзуга оид