Жаҳон | 16:56 / 26.04.2024
21178
10 дақиқада ўқилади

Техника мўъжизаси – АҚШда дунёдаги энг йирик самолёт ишлаб чиқариладими?

Бундан бир ойча аввал АҚШда дунёдаги энг йирик самолёт бўлиши кутилаётган WindRunner самолётининг конструкция тақдимоти ўтказилди. Самолётни Radia компанияси тайёрламоқчи. Ундан 2027 йилда фойдаланишни бошлашмоқчи. Мутахассислар агар лойиҳа амалга ошса, самолёт техника мўъжизаси бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Фото: alamy.com

Март ойининг ўрталарида АҚШда WindRunner деб номланган самолётининг конструкция тақдимоти ўтказилди.

Radia компанияси томонидан тайёрланаётган WindRunner келажакда дунёдаги энг йирик транспорт самолётига айланиши кутилмоқда.

Лойиҳа тарихи ва самолёт характеристикаси

2017 йилда Американинг Radia компанияси раҳбари, Массачусетс технология институти олими Марк Лундстром (Mark Lundstrom) дунёдаги энг йирик транспорт самолёти лойиҳаси устида иш бошлайди.

Ўша пайтда Марк WindRunner деб номланган бу лойиҳа устида ишлаётганини оммадан сир тутади. Лойиҳадан асосий мақсад шамол электростанцияларининг улкан парракларини ташийдиган узун самолёт яратиш эди.

Маркнинг лойиҳасига кўра самолёт фюзелажи енгил материаллардан тайёрланиши ва бор-йўғи 72 тонна юк кўтара оладиган бўлиши керак эди. Таққослаш учун, Россия армияси томонидан Киев яқинидаги аэропортда вайрон қилинган Ан-225 самолёти 250 тонна юк кўтара олади.

Шунчаки Марк самолёт шамол электростанцияларининг узун парракларини ҳам таший олиши учун унинг узунлигини 108,5 метр қилишни мўлжаллаган.

Маълумот учун ҳозирда дунёдаги энг узун самолёт Boeing 747−8 ҳисобланади. Унинг узунлиги 76,2 метр. Марк тайёрламоқчи бўлган самолёт Boeing 747−8ʼдан 32 метр узун бўлади. Қанотларининг узунлиги эса 80 метр.

Фото: orums.x-plane.org

WindRunner самолётининг баландлиги 24 метр бўлиб, у бу кўрсаткич бўйича ҳам дунёда биринчи бўлади. Умумий ҳисобда самолёт юкхонасининг ҳажми 8 200 метр куб бўлади.

Самолёт нисбатан қисқа масофа – 1800 метрлик учиш қўниш йўлакчасига ҳам бемалол қўна олади. Унинг узунлиги 105 бўлиб, WindRunner диаметри 7,3 метргача бўлган юкларни таший олади.

Radia компаниясининг маълум қилишича, ўтган тўрт йил давомида самолётнинг дастлабки нусхаси тайёр ва ҳатто парвоз учун сертификат ҳам олган.

Самолётни ишлаб чиқаришда синовдан ўтган авиацион технологиялар ва материаллардан, АҚШ фуқаро авиацияси федерал бошқармаси томонидан тасдиқланган ускуналардан фойдаланилади.

Фото: orums.x-plane.org

WindRunner тўртта двигател билан жиҳозланади. Ёқилғи сиғими бир марта тўлдирилганда у 2 минг км масофани учиб ўта олади. Лойиҳа муаллифлари келажакда парвоз масофасини ошириш устида иш олиб боришларини айтган.

Турли мутахассислар WindRunner самолётлари ишлаб чиқарилиб оммалашса, дунёнинг турли давлатларида тикланувчи энергия – шамол электростанцияларини қуриш кескин кўпайишини таъкидламоқда.

Чунки бугунги кунда шамол электростанцияларининг устун асоси ва улкан парраклари ишлаб чиқарувчи давлатдан буюртмачи давлатга юк машиналари орқали жуда катта харажат билан етказиб борилмоқда.

Бундан ташқари, уларни бир давлатдан иккинчи давлатга етказиб бориш йўлдаги турли муаммолар туфайли узоқ вақтни оляпти.

Агар WindRunner оммалашса ва шамол электростанцияларнинг устунлари ва парраклари шу самолёт ёрдамида ташилса улар юк машинасида ташилгандан кўра анча тез етиб боради ва бирмунча арзонга тушади.

Шу сабабли ҳам кўплаб компаниялар WindRunner самолётига қизиқиш билдирмоқда. Самолётнинг синов парвозидан сўнг унга кўплаб буюртмалар тушса ҳам ажабмас.

WindRunner самолётидан фойдаланиш 2027 йилдан бошланиши айтилмоқда. Бироқ самолёт авиабозорга қачон чиқарилади, муддати аниқ эмас. Барчаси илк синов парвозларининг муваффақиятли ўтишига боғлиқ.

Турли мутахассислар Ан-225 самолёти олтита двигател билан 250 тонна юкни кўтариб учганда, WindRunner тўртта двигател билан 70 тонна юкни бемалол ортиб уча олишини ва самолёт муваффақиятли лойиҳа бўлишини айтмоқда.

Умумий ҳисобда улкан самолёт лойиҳаси бир миллиард долларга баҳоланган. Агар барчаси муваффақиятли чиқса WindRunner самолётининг парвози авиация саноатида инқилоб бўлади.

Дунёнинг энг йирик транспорт самолётлари

Ан-225 «Мрия»

Фото: idntimes.com

Яқингача дунёнинг энг узун самолёти Украинага тегишли Ан-225 «Мрия» эди. Бу самолёт 1989 йилда фойдаланишга топширилган. 2022 йил 24 феврал куни Россия Украинага бостириб кирганда Киев яқинидаги Гостомел аэропортида турган Ан-225 Россия ҳарбийлари томонидан вайрон қилинди.

Ан-225 самолётининг техник кўрсаткичлари:

  • Узунлиги – 84 метр;
  • Қанотларининг узунлиги – 88,4 метр;
  • Баландлиги – 19 метр;
  • Оғирлиги – 216 тонна;
  • Юк кўтариш қуввати – 250 тонна;
  • Максимал тезлиги – соатига 850 км;
  • Двигателлар сони – 6 та;
  • Экипаж сони – 6 киши.

Boeing 747 Dreamlifter

Фото: lavionnaire.fr

Boeing 747 Dreamlifter самолётининг биринчиси 2006 йилда ишлаб чиқарилган ва ундан 2007 йилдан фойдалана бошлашган. Ҳозирги кунда ундан тўртта бор.

Boeing 747 Dreamlifter самолётининг техник хусусиятлари:

  • Узунлиги – 71,7 метр;
  • Қанотларнинг узунлиги – 64,4 метр;
  • Баландлиги – 21,5 метр;
  • Оғирлиги – 180,5 тонна;
  • Юк кўтариш қуввати – 113,4 тонна;
  • Ёғилғи сиғими – 199 150 литр;
  • Экипаж сони – 2 киши.

Aero Spacelines Super Guppy

Фото: planeslides.com

Aero Spacelines Super Guppy самолёти 1965 йилда аэрокосмик тадқиқотлар учун NASA буюртмаси билан Boeing компаниясида ишлаб чиқарилган. Мазкур самолётдан 5 дона ясалган.

Aero Spacelines Super Guppy самолётининг техник хусусиятлари:

  • Узунлиги – 43,8 метр;
  • Қанотларининг узунлиги 47,6 метр;
  • Баландлиги – 14,1 метр;
  • Оғирлиги – 46 тонна;
  • Юк кўтариш қуввати – 77,1 тонна;
  • Экипаж сони – 4 киши.

Ан-124 «Руслан»

Фото: pictaram.com

Ан-124 «Руслан» самолёти 1980-йиллар бошида ишлаб чиқарилган. Кейинчалик мазкур самолётнинг турли модификацияларидан Украина ва Россияда 55 дона ишлаб чиқарилган.

Ан-124 «Руслан» самолётининг техник хусусиятлари:

  • Узунлиги – 69,1 метр;
  • Қанотларнинг узунлиги 73,3 метр;
  • Баландлиги – 21 метр;
  • Оғирлиги – 178,4 тонна;
  • Юк кўтариш қуввати – 120 тонна;
  • Максимал тезлиги – соатига 965 км;
  • Экипаж сони – 8 киши.

Lockheed C-5 Galaxy

Фото: bilibili.com

Lockheed C-5 Galaxy самолёти 1968 йилда АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари учун ишлаб чиқарилган. Мазкур самолётлардан жами 131 дона тайёрланган.

Lockheed C-5 Galaxy самолётининг техник хусусиятлари:

  • Узунлиги – 75,5 метр;
  • Қанотларининг узунлиги – 67,8 метр;
  • Самолётнинг баландлиги – 19,8 метр;
  • Оғирлиги – 169,6 тонна;
  • Максимал тезлиги – 919 км;
  • Юк кўтариш қуввати – 118,3 тонна;
  • Экипаж сони – 5 киши.

Airbus A300-600ST Beluga

Фото: alamy.com

Airbus A300-600ST Beluga самолёти илк бор 1995 йилда фойдаланишга топширилган. Бу самолётдан жами 5 дона ясалган.

Airbus A300-600ST Beluga самолётининг техник характеристикаси:

  • Узунлиги – 56,1 метр;
  • Қанотларнинг узунлиги – 44,8 метр;
  • Баландлиги – 14,2 метр;
  • Оғирлиги – 86 тонна;
  • Юк кўтариш қуввати – 47 тонна;
  • Максимал тезлиги – соатига 750 км.

Ан-22 «Антей»

Фото: лори.ру

Ан-22 «Антей» самолётининг илк парвози 1965 йилда амалга оширилган. 1965-1976 йиллар оралиғида Тошкент авиация бирлашмасида ундан жами 67 дона ишлаб чиқарилган.

Ан-22 «Антей» самолётларидан асосан СССР ҳарбий ҳаво кучлари фойдаланган.

Ан-22 «Антей» самолётининг техник характеристикаси:

  • Узунлиги – 57,3 метр;
  • Қанотларнинг узунлиги – 64,4 метр;
  • Баландлиги – 12,5 метр;
  • Оғирлиги – 118,7 тонна;
  • Юк кўтариш қуввати – 80 тонна;
  • Максимал тезлиги – соатига 650 км;
  • Экипаж сони – 5-7 киши.

Boeing C-17 Globemaster III

Фото: kpcw.org

Boeing C-17 Globemaster III самолёти 1991 йилда ҳарбий мақсадларда фойдаланиш учун ишлаб чиқарилган. Ўшандан буён Boeing компанияси мазкур самолётлардан қарийб 300 дона ишлаб чиқарган.

Бугун улардан АҚШ, Буюк Британия, Канада ва Австралия ҳарбий ҳаво кучлари фойдаланмоқда.

Boeing C-17 Globemaster III самолётининг техник характеристикаси:

  • Узунлиги – 53 метр;
  • Қанотларнинг узунлиги – 51,7 метр;
  • Баландлиги – 19,8 метр;
  • Оғирлиги – 122 тонна;
  • Юк кўтариш қуввати – 77,5 тонна;
  • Максимал тезлиги – соатига 833 км;
  • Двигателлар сони – 4 та;
  • Экипаж сони – 3 киши.

Ил-76

Фото: commons.wikimedia.org

Ил-76 самолётининг илк парвози 1971 йилда амалга оширилган. Ил-76 дан қарийб мингта ишлаб чиқарилган ва ҳанузгача ундан дунёнинг кўплаб давлатлари ҳарбий мақсадларда фойдаланиб келмоқда. Ўз вақтида Ил-76 самолётлари Тошкент авиация бирлашмасида ҳам ишлаб чиқарилган.

Ил-76 самолётининг техник характеристикаси:

  • Узунлиги – 46,6 метр;
  • Қанотларнинг узунлиги 50,5 метр;
  • Оғирлиги – 85,5 тонна;
  • Юк кўтариш қуввати – 60 тоннагача;
  • Двигателлар сони – 4 та;
  • Максимал тезлиги – соатига 780-850 км;
  • Экипаж сони – 5 киши.

Airbus A400M Atlas

Фото: allrent.us

Airbus A400M Atlas самолёти нисбатан янги модел ҳисобланади. У илк парвозни 2009 йилда амалга оширган. Тўлақонли фойдаланиш 2013 йилдан бошланган. Ўтган йиллар мобайнида бу самолётдан 115 дона ишлаб чиқарилган.

Airbus A400M Atlas самолётининг техник характеристикаси:

  • Узунлиги – 45,1 метр;
  • Қанотларнинг узунлиги – 42,4 метр;
  • Баландлиги – 14,7 метр;
  • Оғирлиги – 76,5 тонна;
  • Юк кўтариш қуввати – 37-40 тонна;
  • Двигателлар сони – 4 та (ҳар бири 11 000 от кучига тенг);
  • Максимал тезлиги – 802 км;
  • Экипаж сони – 2-4 киши.

Lockheed Martin C-130J Super Hercules

Фото: alamy.com

Ҳарбий мақсадлар учун чиқарилган мазкур самолётнинг илк парвози 1954 йилда амалга оширилган. Ҳозирги кунда ундан АҚШ, Жазоир, Ангола, Аргентина, Австралия, Австрия, Белгия, Боливия, Ботсвана, Бразилия каби давлатларда ҳарбийлари фойдаланишмоқда. Бу самолётдан жами 2600 дона ишлаб чиқарилган.

Lockheed Martin C-130J Super Hercules самолётининг техник хусусиятлари:

  • Узунлиги – 29,8 метр
  • Қанотларининг узунлиги 40,4 метр;
  • Баландлиги – 11,8 метр;
  • Оғирлиги – 34,2 тонна;
  • Юк кўтариш қуввати – 19 тонна;
  • Максимал тезлиги – соатига 670 км;
  • Экипаж сони – 3 киши.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид