Иқтисодиёт | 17:27 / 22.06.2024
6431
5 дақиқада ўқилади

“Солиқ юки 27 фоизни ташкил этяпти” — Мурод Муҳаммаджонов кафе ва ресторанларга оид қатор таклифлар берди

Солиқ маслаҳатчисининг фикрича, умумий овқатланиш корхоналарида ҳисобга олинадиган ҚҚС суммалари бўлмагани боис бошқа ҚҚС тўловчиларга нисбатан уларда солиқ юки оғирроқ. Мутахассис бу соҳа учун соддалашган солиқ режимини ишлаб чиқишни таклиф қиляпти. У қўнимсизлиги юқори ходимларни ишга жалб қилишни осонлаштириш, 227-1-модда бўйича жаримани айланмага боғламасликни ҳам илгари сурди.

Фото: Мурод Неважнов / Yandex-хариталар

Ўзбекистон президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти олдидан, 21 июн куни савдо ва умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорлар учун очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши аъзоси, солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов бир қатор таклифларни илгари сурди. Мутахассис Kun.uz'га берган интервюсида мулоқотда билдирган таклифларига батафсил тўхталди.

Унинг фикрича, умумий овқатланиш корхоналарига официант хизматини кўрсатувчи ходимлар ва бошқа қўнимсизлиги юқори бўлган ходимларни (фаррош, қоровул, идиш ювувчи ва ҳоказо) ишга жалб этишнинг соддалаштирилган тартиби ишлаб чиқилиши керак.

“Шунингдек, умумий овқатланиш корхоналарига ҳар кунлик нақд пул тушумларини ОНКМга кирим қилиш шарти қатъий экани таъкидланган ҳолда, савдодан тушган нақд пуллар ҳисобидан ходимлар учун иш ҳақи тўлаб берилиши, шунингдек, фаолият зарурати учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари харид қилиб, бир томонлама харид далолатномаси орқали кирим қилинишига рухсат берилиши лозим”, – дейди у.

Мурод Муҳаммаджонов

Мурод Муҳаммаджоновга кўра, кирим қилинган уй хўжалигида ёки деҳқон хўжалигида етиштирилган деҳқончилик маҳсулотларини сотишдан олинган даромадлар Солиқ кодексининг 378-моддаси биринчи қисми 8-бандига асосан солиқ солинмайдиган даромадлар этиб белгиланган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича таъминотчи сифатида ўзини ўзи банд қилувчи жисмоний шахслар учун алоҳида фаолият ҳам белгиланган.

“Шу сабабли ушбу деҳқон бозорларидан харид қилинган деҳқончилик маҳсулотлари кирими бўйича манбасини талаб қилиш ва бу маҳсулотлар бўйича жисмоний шахслар даромад солиғи қўллаш амалиётини тўхтатиш орқали умумий овқатланиш корхоналарига эркин ишлаш шароитини яратишни таклиф қилдим”, – дейди у.

Солиқ маслаҳатчисининг таъкидлашича, умумий овқатланиш корхоналарида ҳисобга олинадиган ҚҚС суммалари деярли бўлмагани сабабли умумбелгиланган солиқлар бошқа ҚҚС бўйича ҳисобга олинадиган суммалари мавжуд тадбиркорлик субъектларига нисбатан солиқ юки оғирлик қилади.

“12 фоизлик ҚҚС ва 15 фоиз фойда солиғи билан уларга солиқ юки 27 фоизга тушяпти. Шу сабабли улар учун тенг рақобатли шароит яратиш мақсадида нисбатан соддалашган солиқ тизимини ишлаб чиқишни таклиф қилдим. Масалан, ҚҚС тўланиши сақлаб қолган ҳолда фойда солиғидан нол ставкани қўллаш. Бунда барча шароитлар яратилган тақдирда ҳам солиқ тўлашдан бўйин товлаш мақсадида савдо тушумларини ОНКМга кирим қилмаган субъектларга нисбатан молиявий жазо чораларини кучайтириш масалалари таклиф қилинади”, – дейди у.

Бундан ташқари, Мурод Муҳаммаджонов мулоқот давомида Солиқ кодексининг 227-1-моддаси бўйича ҳам фикрларини билдирди. Унинг сўзларига кўра, умумий овқатланиш корхоналарида фойдаланилаётган кўп дастурлар фақатгина хўрандаларнинг буюртмаларини қабул қилиш ва улар учун меню ҳисобини юритиш учун ўрнатилган, бу дастурлар ҳисобга олиш ўлчов воситалари эмас.

“Бутун дунёда умумий овқатланиш корхоналаридан ҳисоб сўралганида, аввал ҳисоб ҳақида маълумот берилади, кейин бу маълумотга асосан ҳисоб-китоб амалга оширилади. Ҳисоб сўралганида солиқ органига интеграция қилинган дастурдан чек чиқариб тақдим этиш мантиқан нотўғри талаб бўлиб, бу талаб доимий равишда ушбу корхоналар жаримада яшаши лозимлигини билдиради. Шу сабаб меню ва буюртма учун QR кодли чек талаб қилиш каби мантиғи йўқ амалиётни тўхтатиш зарур.

Шунингдек, Солиқ кодексининг 227-1-моддасида автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш ёки солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиниши талабларини бузганлик учун реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг икки фоизи миқдорида жарима солиниши белгиланган.

Бу жариманинг ҳам иқтисодий моҳияти нотўғри ўрнатилган жарима бўлиб, у хуфиёна иқтисодиётни рағбатлантириш характерига эга бўлиб қолган.

Шу сабаб мазкур жарима суммасини олдинги чорак соф тушумининг 100 фоиздан 2 фоизга туширилгани жаримани камайтириш учун катта қадам бўлиши мумкин, лекин мантиқан нотўғри ўрнатилган жарима бўлгани сабабли иқтисодиётда акс таъсир бўлаверади”, – дейди Мурод Муҳаммаджонов.

Унинг фикрича, бу модда бўйича жарима миқдори айланмадан 2 фоиз, 1 фоиз ёки умуман 0,00001 фоиз бўлишидан қатъи назар, тадбиркорлар учун бу жаримадан қочиш, яъни рискни камайтиришнинг ягона йўли – қонуний айланмани камайтириб кўрсатиш ҳисобланади. Мутахассис, шу сабабли Солиқ кодексининг 227-1-моддасида қўлланиладиган жавобгарлик масаласи айланмага боғланмасдан қатъий суммада белгиланишини таклиф қилди.

Мавзуга оид