Шавкат Мирзиёев мактабгача таълимни ривожлантириш, иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Тақдимотда қуйидагилар таклиф этилди:

• боғчалар қамровини кенгайтириш мақсадида мактабларнинг бўш ерларида давлат-хусусий шериклик асосида боғча қуришга рухсат берилади;
• боғчалардаги педагогларнинг катта қисми ўрта махсус маълумотли. Шу сабабли, бу йўналишдаги олий таълимда дуал таълим шакли очилади, сиртқи ва кечки ўқувларда мақсадли квоталар оширилади;
• ўқувчиларни фан олимпиадаларига тайёрлаш доирасида терма жамоаларга чет эллик мутахассислар жалб қилинади, хорижий жамоалар билан қўшма йиғинлар ўтказилади;
• бугунги кунда 22 та халқаро ва минтақавий фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўқувчилар пул мукофоти билан тақдирланмоқда. Энди мукофотланадиган олимпиадалар сони 28 тага оширилади;
• республика ва халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлган ўқувчилар, уларнинг ўқитувчилари ва терма жамоа раҳбарларига тўланадиган пул мукофотлари ҳамда совғалар даромад солиғидан озод этилади.