Жамият | 16:35 / 26.05.2016
16379
2 дақиқада ўқилади

Олимлар: масхарабоз-балиқлар ва денгиз айиқтовонлари хавф остида

Делавэр университети тадқиқотчилари масхарабоз-балиқлар ва денгиз айиқтовонларини асраш муаммоси ҳақида қайғуришмоқда. Бу жониворларнинг ҳаётига океан ҳароратининг ошиши жиддий хавф солади. Тадқиқотнинг тўлиқ матни Proceedings of the Royal Society B: Biological Sciences журналида берилган. 

Сув ҳароратининг кўтарилишидек номувофиқ шароитлар таъсирида денгиз айиқтовонлари ўзларининг ёрқин рангларини йўқотишлари мумкин, бунинг натижасида уларда яшовчи масхарабоз-балиқларнинг йиртқичлардан бекиниши қийинлашади. 

Балиқлар айиқтовон танлашда жуда талабчанлар: улар одатда муайян ёки бир неча хил айиқтовонларни хуш кўришади ва "ўз" айиқтовонларини зўрға тарк этишади. 

Тадқиқот жараёнида олимлар масхарабоз-балиқларга соғлом ва "оқланган" айиқтовонларни танлашни таклиф қилишди. Балиқлар доим соғлом айиқтовонларни танлашган, бироқ агар хаста айиқтовон балиқнинг севимли турига кирса, у ҳолда балиқ ўзининг ўрганган айиқтовонини танлайди. 

"Афсуски, бизнинг тадқиқотимиз "оқлаш" айиқтовон ва балиқ ўртасидаги муносабатларни ўзгартира олмаслигини кўрсатди",- дея изоҳ беради Делавэр университетилик ҳаммуаллиф Даниэль Диксон. 

Унинг айтишича, балиқлар бир ёки бир неча айиқтовон турига шу даражада кучли боғланиб қолишганки, бу уларнинг мослашувчанлигини чеклайди.