Ўзбекистон | 17:58 / 15.09.2021
4284
2 дақиқада ўқилади

Жиноят кодексига инсон аъзоларини кўчириб ўтказиш масаласига тааллуқли ўзгартиш киритилади 

Бугун, 15 сентябрь куни Сенат Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасида “Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси хусусида давра суҳбати ўтказилди. 

Қайд этилишича, фуқаролар катта маблағ сарфлаб чет элларда амалга ошириб келаётган мураккаб жарроҳлик амалиётлари нафақат пойтахт, балки вилоятлардаги тиббиёт муассасаларида ҳам муваффақиятли бажарилмоқда. Бунда соҳанинг моддий-техника базаси ва кадрлар салоҳияти давр билан мутаносиб равишда такомиллаштириб борилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Биргина мисол, буйрак кўчириб ўтказиш амалиётини хорижда катта маблағ ва вақт сарфламасдан Самарқанд вилоятида ҳам амалга ошириш мумкин бўлди, – деди Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одил Иминов. – Бироқ инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси борасида қонунчилигимизда белгиланган нормалар бугунги кун талабларига мос эмас. Қонун лойиҳасида қайд қилинган амалиёт билан боғлиқ аниқ чегара ва тартиблар белгилаб берилмоқда. Шу боис, лойиҳа, аввало, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, олимлар, мутахассислар, қолаверса, кенг жамоатчилик иштирокида бугунгидай давра суҳбатларида атрофлича муҳокама қилинмоқда.

Таъкидланганидек, инсон аъзоларини кўчириб ўтказиш билан боғлиқ турли кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида Жиноят кодексига ҳам тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиляпти. Бундан ташқари, ушбу амалиёт бизнес турига айланиб қолмаслиги учун ҳам зарур чекловлар ўрнатилмоқда.

Мавзуга оид