Жаҳон | 17:31 / 21.04.2024
13177
10 дақиқада ўқилади

Эрдўған Туркия–Исроил муносабатларида қандай тарихий бурилиш ясади?

Ғазодаги уруш сабаб Исроилни энг қаттиқ танқид қилаётган давлат бу – Туркия. Лекин бу икки давлатнинг муносабатлари Эрдўған ҳокимиятга келгунича ва унинг ҳокимияти илк йилларида ҳозиргидан фарқ қиларди. Туркия Исроил билан энг илиқ муносабатларга эга мусулмон давлатларидан бири эди.

Диний ва миллий қадриятлар, дипломатик келишмовчиликлар, “Мави Мармара” инқирози ва регионал можаролар бу муносабатларни беқарорлаштирган асосий омиллар ҳисобланади.

Оддий сиёсий рақобат ва стратегик манфаатлар кўп йиллик тарихга эга бўлиб, уларнинг ечими ва умумий келажакдаги кўриниши ҳар доим номаълум бўлган. Сурия можароси каби минтақавий зиддиятлар эса муносабатларни янада чигаллаштиради. Шунга қарамай, Туркия-Исроилнинг ўзаро иқтисодий боғлиқлиги юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Kun.uz “Геосиёсат” дастурида Яқин Шарқдаги бу икки йирик ҳарбий ва иқтисодий қудрат марказларининг ўзаро муносабалари ҳақидаги саволлар билан сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга юзланди.

— Эрдўғаннинг сиёсий фаолияти давомида Исроил билан муносабатларини қандай даврларга бўлиш мумкин?

Аввало, Туркия ва Исроил муносабатларига минтақа нуқтаи назаридан қараш керак. Мусулмон дунёсида, араб давлатлари ўртасида Исроилни тан олмаслик бўйича маълум келишувлар бор. Лекин минтақада 3 та давлат Исроилни тан олиб, дипломатик алоқалар ўрнатган, булар: Туркия, Миср, Иордания. Миср ва Иордания Исроил билан урушда маълум ерларини олдириб қўйгач, мулоқотга киришиш мақсадида тан олган. Лекин Туркия ва Исроил муносабатлари бошқача бўлган. Исроилни тан олгач, у билан муносабатларни меъёрлаштирган давлат – Туркия.

Эрдўған ҳокимиятга келгунча Туркия ва Исроил муносабатлари яхши эди. Лекин Эрдўған ҳокимиятга келгач, босқичма-босқич икки давлат муносабатлари совуқлаша бошлади. Эрдўғанни халқаро майдонда исломчи дейишади, лекин у айни пайтда либерал, маълум даражада миллатчи, ҳуқуқий демократик давлат институтларини ҳам инкор этмайди. Унинг қадриятларидан бири – Ислом. Эрдўғаннинг баёнотларида, риторикасида, ички-ташқи сиёсатида исломий омил муҳим рол ўйнайди.

Бу диний омил Эрдўған учун бир томондан риск эканини ҳам айтиш керак. У ҳокимиятга келгунча Туркия ҳукумати 3 марта ҳарбийлар томонидан йиқитилган. Мустафо Камол Отатурк Туркиядаги дунёвийликни таъминлаш учун ҳарбийларга миссия яратиб кетган. 2016 йилдаги охирги давлат тўнтаришига уриниш ҳам Эрдўғанни йиқитиш учун эди. Эрдўған ҳокимиятга келганда Исроил билан муносабатлар яхши эди, совуқлашиши вақт масаласи бўлган.

— Эрдўған Исроилни Туркиядаги баъзи нохуш воқеаларда айблашига бирор асос бўлганми?

2016 йилдаги давлат тўнтаришига уринишда ташқи дунёда баъзи давлатлар очиқ ёки яширин буни қўллади ёки хурсанд бўлди. Минтақада Саудия, Исроил, БАА, Миср Эрдўған ҳокимияти йиқилишидан манфаатдор эди, чунки муносабатлар совиб кетганди.

Яқин Шарқда ислом, инсон ҳуқуқлари, либерализм, демократия борасида давлатлар иккига бўлинади. Иҳвончи давлатлар бор: Туркия, Қатар, олдинги Миср ҳокимияти – булар демократия ва исломий ўзликни қориштирган сиёсий модел яратишдан манфаатдор. Лекин консерватив давлатлар бор, улар халқнинг сиёсий фаоллигидан қўрқади, масалан, Саудия, БАА, ҳозирги Миср ҳокимияти кабилар.

Исроилга нисбатан айблов бугунги геосиёсий контекстда айтиляпти, олдиндан бор эмас. Манфаатдорлик бўлган, лекин Исроилнинг қўли борлиги ҳақида далиллар йўқ.

— Исроил ва Туркия ўртасида қандай дипломатик инқирозлар юз берган ва уларнинг ечими қандай топилган?

Эрдўғаннинг Фаластин борасида позицияси доим бир хил. Исроилга доим салбий муносабатда бўлган сиёсатчи.

2010 йилда бир қанча давлатлар Ғазога озодлик флотилиясини юборишни мақсад қилади, лекин Ғазо – қамалдаги минтақа. Озодлик флатилияси Исроил назоратидаги Ўртаер сувларидан Ғазога кирмоқчи бўлади, шунда бир нечта экипаж аъзолари, хусусан туркияликлар ҳам ўлдирилади. Шу вақтда Эрдўған ва Исроил муносабатлари жиддий совуқлашади, элчисини чақириб олади ва Исроил элчиси чиқариб юборилади. Эрдўған Исроил кечирим сўрасагина дипломатик алоқалар тикланади, дейди. Тарихда Исроил кечирим сўраган ягона ёки кам сонли давлатлардан бири – Туркия.

Ўтган йили октябр ойигача икки давлат муносабатлари секинлик билан яна яқинлашаётган эди, аммо 7 октябрдан кейин вазият ўзгарди.

— Ҳозирча энг чуқур инқироз “Мави Мармара” конвойи билан боғлиқми?

7 октябрдан кейин Ғазода кўплаб тинч аҳоли ўлдирилди. Шу фонда мусулмон дунёсида, бутун дунёда Исроилни террорист давлат деётган ягона давлат раҳбари – Эрдўған.

Туркия иқтисодиёти дунё иқтисодиётига, импорт-экспортга кучли боғланган. Туркия НАТОга аъзо, кўплаб замонавий ҳарбий техникаларни Ғарбдан олади. Минтақада Исроил хавфсизлиги борасида ҳамкорлик қиладиган 3 та муҳим давлат Туркия, Миср, Иордания. Туркия Исроил хавфсизлиги учун асосий соябонлардан бири эди. Агар Туркия ва Исроил ўртасида тўлақонли можаро келиб чиқса, Яқин Шарқда кучлар нисбати кескин ўзгаради. АҚШнинг энг муҳим ҳарбий базаларидан бири – Туркия. Шу фонда Туркия иқтисодиёти Ғарб билан, АҚШ билан боғланган, АҚШ ва Ғарбга эса Исроил таъсири катта, айни пайтда Исроил хавфсизлиги юқорида айтилган 3 та давлатга боғланган. Умуман, Туркия ва Исроил муносабатлари анча таранглашиб боряпти.

— Сурия инқирози Туркия ва Исроил муносабатларига қандай таъсир қилган?

Суриядаги геосиёсий, хавфсизлик билан боғлиқ вазият жуда чалкаш. Тунисда бошланган Араб баҳори Сурияга етиб келгунча Башар Асад ва Туркия муносабатлари ижобий бўлган. Халқ кўчага чиқиб, Башар Асад ҳокимияти уларга репрессия қилгач, Қатар, Саудия, Туркияда Башар Асад ҳокимиятига муносабат салбийлашди. Асад ҳокимиятини Россия ва Эрон сақлаб қолди.

Туркия ва Сурия муносабатлари яхшиланяпти, лекин олдинги даражада эмас ҳали. Бунда бир қанча нуқталар бор. Туркия ўзининг ҳудудий яхлитлигига энг катта таҳдид деб курд сепаратизмини кўради, шунинг учун Суриянинг чегара ҳудудига ҳарбийларини киритган. Бу борада Суриянинг позицияси иккиламчи: бир томондан суверен давлат сифатида ўз ҳудудида бегона ҳарбийларнинг киришини қабул қилмайди, лекин бошқа томондан Суриянинг ўзи ҳам курд сепаратизмини хавф деб билади, шунинг учун дипломатик оҳангда танқид қилинади фақат. Чунки Туркиянинг мақсади Сурия ҳудудини олиб қўйиш эмас, чегарадан маълум масофада хавфсиз ҳудудни яратишдан иборат.

— Бугунги кунда ҳам Туркия-Исроил муносабатлари ўзаро айтишув ҳолатида, яқин истиқболда вазият реал чораларга айланиши мумкинми?

Туркия – Исроилни энг кўп танқид қилаётган давлат. Лекин шу пайтгача Эрдўған айтган Исроилга қарши лойиҳалар амалга ошгани йўқ. Туркия мусулмон ва туркий дунёда Исроилга қарши мафкуравий фронт шакллантирди, лекин реал чоралар кўргани йўқ. Менимча, Туркия ўз иқтисодий манфаатларини ўйлаяпти, бошқа томондан эса яккаланиб қолишдан ҳам қўрқяпти. Бу масалаларда яқин иттифоқчиси бўлган Озарбойжон ҳам қўллаётгани йўқ ҳозирча. Айтилган қарши лойиҳаларни амалга оширамиз деса, Марказий Осиёдаги туркий давлатлар ҳам тўла қўлламайди. Марказий Осиё давлатларининг биринчи мотиви ёки манфаати – минтақамиз Россия ё Хитой геосиёсий таъсир доирасида қолиб кетмаслиги, минтақада Ғарбнинг иштироки бўлиши керак. Бунинг учун эса Исроил билан алоқалар салбийлашиб кетмаслиги керак. Лекин минтақамиз давлатлари мустақил Фаластин давлати ташкил топиши керак, деган позицияда.

Туркиянинг асосий геосиёсий йўналиши Ғарбга, АҚШга қаратилган. Шу маънода минтақада Исроилни ўзига ҳамкор сифатида кўрарди, лекин Эрдўған ҳокимиятга келгач, бу мотив ўзгарди. Туркиянинг ички геосиёсий коридорларида фундаментал зиддиятлар бор. Ғарбга оғишув энди олдингидек бўлиши қийин, менимча, Эрдўған кетганда ҳам. Ҳокимиятга ким келса ҳам, Исроилга муносабат олдингидек илиқ бўлмайди деб ўйлайман. Бунинг бир қанча сабаблари бор. Исроилга муносабат коллектив Ғарбнинг ўзида ҳам анча салбийлашди.

— Эрдўған ҳокимиятда экан, Ғазодаги муносабат қандай ечим топгач, муносабатлар илиқлашиши мумкин?

Умумий минтақадаги вазият ўзгариши керак, фундаментал зиддиятлар бор. Исроилда “босиб олинган ерларнинг бир қаричини ҳам бермасдан, кенгайишда давом этамиз, Фаластиндан умидни узинглар”, деган позиция бор. Бунга мусулмон ва туркий дунё рози бўлмайди, аввало Туркия.

Саудия, Миср, Иордания ҳокимиятлари Исроил билан конфликтга бормаслик тарафдори бўлса-да, у ердаги жамиятлар Исроилни қабул қилмайди, умуман минтақа қабул қилолмайди. Глобал дунёда эса жамиятлардаги бу кайфият эртами-кечми бўй кўрсатади. Шунинг учун асосий масала – Исроил вазиятни тушуниб, 1967 йилги чегараларга қайтмаса, бу ерда узоқ муддатли тинчлик бўлмайди. Исроил бу ерлардан воз кечмаса, мусулмон дунёси АҚШга ҳам, ЕИга ҳам салбий муносабатда бўлишини АҚШ тушуниб бўлди.

Дунёда глобал ҳокимият учун курашнинг янги палласи бошланди. Хитой ўз геосиёсий қутбини яратиш йўлидан кетяпти, унга Россия, Эрон, умуман, глобал жануб ҳамкор. Глобал жанубда эса араб ва мусулмон давлатлари бор. АҚШнинг олдида танлов бор энди: биргина Исроил учун ўзининг стратегик манфаатларини тўлиқ қурбон қила олмайди. Шу пайтгача икки томонни яраштиришга уринишлар муваффақиятли бўлмади, бўлмайди ҳам.

Исроил куч орқали ўз давлатчилигини, лойиҳаларини амалга оширмоқчи, лекин дунёда кучлар нисбати ўзгаряпти, бу эса АҚШ ёки коллектив Ғарб учун стратегик чақириқларни англатади.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид