Жамият | 19:00 / 29.11.2019
32092
4 дақиқада ўқилади

Истиқболи кўринмаётган истиқболликлар. Самарқанд марказидаги жарликда «жон сақлаётганлар» ҳақида

Фото: KUN.UZ

Самарқанд чиройли шаҳар, жуда чиройли шаҳар. Шунинг учун йилига ярим миллионгача сайёҳлар бу кўҳна шаҳарни томоша қилиш учун дунёнинг тўрт томонидан келишади. Аммо бу шаҳарда бир маҳалла борки, у ерга борсангиз, тушкунликка тушиб қоласиз...

Бу маҳалланинг номи Истиқбол, аммо у ерда яшаётганлар истиқболида мавҳумлик кўришмоқда, холос.

Халқ тилида «Охунбобоев» дейиладиган катта кўча бор. Бу кўча Самарқанд шаҳрининг икки томонини бирлаштиради. Кўча бўйида арчалар экилган ва унинг маркази катта жарлик устидан ўтади. Ўша жарликда эса ҳар қанча ғалати бўлмасин одамлар яшашмоқда. Истиқболликлар совуқ кунлар келиши билан ҳудудда газ йўқлигини айтиб бизга мурожаат қилишди.

Бутун мамлакатда газ ва свет йўқлиги янгиликмас, аммо бу маҳаллада газ йўқлиги ягона муаммо эмас.

Собиқ Охунбобоев кўчасидан ўтаётганда баландликда қабристон кўринади. Маҳалла мана шу ерда жойлашган. Одамлар икки тепалик орасидаги жарликда яшамоқда. Жон сақламоқда дейилса, тўғрироқ бўлади. Ахир, ёмғир ёғса, сув босадиган, қорда музлаб қоладиган, ёзда чанг-тўзонга тўладиган жойда яшайдиганларга яна қандай таъриф бериш мумкин?

Бу уйлар «снос» бўлиши ва у ерда яшаётганлар бошқа ерга кўчирилиши ҳақида кўп марта гапирилган. Аҳолининг айтишича, бундай гаплар 2012 йилда Истиқболни сув босганидан сўнг кенг муҳокама қилинган. Ўтган йил ҳам фуқароларнинг кадастр ҳужжатлари текшириб чиқилган ва уларга бу уйлар «снос» бўлиши мумкинлиги айтилган, аммо барчаси яна тезда унутилган.

Фуқаролардан бири куз келиши билан намиқишни бошлайдиган бундай уйларда яшаган қизи ногирон бўлиб қолгани ҳақида айтади. Уйларнинг деворлари зах босиб кетган. Бу ерда яшаётган болаларга қийин. Улар жуда баланд ва хавфли зинапоядан катта кўчага кўтарилиб мактабга қатнашади. Қиш кунлари тез қоронғи тушади ва ота-оналар болаларини хавотир билан кутиб ўтиришади.

Фуқаролар бир неча марта маҳаллий ҳокимият вакилларига мурожаат қилишган, аммо ҳеч қандай самара бўлмаган. Одамларнинг айтишича, шаҳар ҳокимлигида фақат ваъда беришдан нарига ўтишмаган. Кунлар совиган сари бу ерларда яшаш қийинлашиб кетишини бир қарашда англаш мумкин. Ёзда ҳам тузук қуёш тегмайдиган бу ерлар қишда қандай бўлишини тасаввур қилаверинг.

Истиқболга борадиган йўллар... Уни йўл деб аташ мумкин бўлса, одамлар бундай кўчаларда қандай юраётгани кишини ҳайрон қолдиради. Биз борган вақтда ер музлагани учун кўчада юриш мумкин, бошқа вақтда эса у ер балчиққа айланади. Истиқболдагилар чиройли кийиниб кўчага чиқишларидан маъни йўқ, чунки ёзда чанг, қишда лой кўча кийимларни ифлос қилишга доим шай ҳолатда. Тушуниб турибсиз, у ерларга автобус тугул такси ҳам кирмайди.

Хуллас кўҳна шаҳар марказида ҳаётдан узилиб қолган истиқболликларга ёрдам керак. Ахир уларнинг ҳам ҳамма қатори яшашга ҳаққи борку...

Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид