Жаҳон | 22:44 / 20.06.2024
37384
3 дақиқада ўқилади

Путин: «Ғарб Зеленскийни келаси йил ярмига қадар алмаштиради»

У Россия жанг майдонида таслим бўлмаслиги, «ўз мавжудлигини йўқотмаслик учун охиригача бориши»ни таъкидлади.

Фото: kremlin.ru

Россия президенти Владимир Путин Ветнамга ташрифи доирасида россиялик журналистлар иштирокида брифингда қатнашди. Унинг сўзларига кўра, Ғарб урушдаги барча муваффақиятсизликни Зеленскийнинг зиммасига қўйиб, уни кетказади.

«Ғарб барча ўхшамаган қарорлар учун айбни Зеленскийнинг бўйнига илиб, уни 2025 йил биринчи ярмига қадар алмаштиради», дея Путиннинг сўзларини келтирган «РИА Новости».

Шунингдек, Путин Ғарбда уруш якуни сифатида Россияни жанг майдонида таслим этишни кўришаётгани, Москва учун эса бу мамлакат мавжудлигининг якунланиши эканини айтган.

«Бунақада нимадан қўрқамиз? Яхшиси охиригача борамиз», деди Путин Россия жанг майдонида таслим бўлмаслигини айтар экан.

Путин Украина президенти Володимир Зеленскийнинг легитимлиги якунлангани ҳақида май ойи охиридан буён гапириб келади. Чунки 20 май куни чиндан Зеленскийнинг биринчи президентлик муддати тугаганди. Украина ҳукумати эса уруш кетаётгани сабаб президентлик сайловлари ўтказилмаслигини маълум қилган. Шундан буён Россияда Зеленскийни Украинанинг нолегитим раҳбари деб атаб келишади.

Украина конституциясига кўра, мамлакат уруш ҳолатида бўлганда фақат Олий Рада учун сайловлар ўтказилмаслиги белгиланган, президентлик сайловлари ҳақида эса ҳеч нарса дейилмаган. Шу боис, Путин Олий Радани қонуний парламент деб ҳисоблашини айтган. Россия томони агар тинчлик келишуви имзоланса ҳам, уни Зеленский билан эмас, айнан Олий Рада билан имзолаши ҳақида гапириб келади.

Шимолий Корея билан келишув ҳақида

Путин Ветнамдаги брифингда олдинроқ Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан имзоланган стратегик шериклик тўғрисида келишув ҳақидаги саволга ҳам жавоб қайтарди. Ушбу келишувда томонлардан бирига кимдир ҳужум қилса, бошқа томон ўзида бор воситалар билан ҳарбий ёрдам кўрсатиши қайд этилганди. Бу келишув ҳатто Россия ва КХДР бир-бирига қўшин юборишини ҳам назарда тутади.

Путин келишувнинг шу бандини изоҳлар экан, Шимолий Корея ҳарбийларини Украинадаги урушга жалб қилиш эҳтиёжи йўқлигини айтди. «Сеулда Шимолий Кореяга ҳужум қилиш режаси бўлмаса, ҳеч нимадан қўрқмаса ҳам бўлади. Шунингдек, Сеул Киевга қурол етказиб бериши катта хато бўлади. Акс ҳолда Москва Сеулга ёқмайдиган қарорлар қабул қилиши мумкин», деди Путин.

Мавзуга оид