Ўзбекистон | 22:33 / 06.02.2023
22442
7 дақиқада ўқилади

Коллеж ва техникумлардаги ойликлар мактаблардаги ойликларга етказилади

Давлат дастури лойиҳасидан бюджет ходимларининг ойликлари ҳақидаги режалар деярли ўрин олмаган. Фақат профессионал таълим муассасаларидаги ойлик маошларни умумтаълим мактабларидаги маошларга тенглаштириш назарда тутилган. Мактабларда эса 10–11-синф ўқувчилари 8 та мажбурий фан билан бирга, 2 та танлов фанни танлаши мумкин бўлади. Сентябрдан бошлаб барча ҳудудларда бошланғич синф ўқувчиларига бепул овқат берилади.

Фото: Kun.uz

2023 йилги давлат дастурига оид фармон лойиҳасининг 8-банди таълим соҳасига тааллуқли.

Унга кўра, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб, профессионал таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкалари мос равишда умумий ўрта таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкаларига тенглаштирилади.

Шу санадан эътиборан, профессионал таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифасига эга бўлган, малака тоифасига эга бўлмаган олий маълумотли ҳамда олий маълумотга эга бўлмаган ишлаб чиқариш таълими усталарининг базавий тариф ставкалари тегишинча умумий ўрта таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифали ўқитувчиси, олий маълумотли ўқитувчиси ҳамда ўрта махсус маълумотли ўқитувчисининг базавий тариф ставкаларига тенглаштирилади.

Профессионал таълим муассасасининг юқори натижаларга эришган педагог ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг базавий тариф ставкаларига директор жамғармаси ҳисобидан ҳар ойлик 50 фоизгача устама тўлаш амалиётини жорий этилади.

Ушбу мақсадларга жорий йилда 139 млрд сўм йўналтирилади.

  • Аввалроқ Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 2023 йилда боғчалардаги педагогларнинг маошлари умумтаълим мактаб ўқитувчиларининг лавозим маошларига тенглаштирилишини эълон қилганди. Лекин бу янгилик давлат дастури лойиҳасига киритилмаган.

Шунингдек, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар бир туман (шаҳар)нинг биттадан умумий ўрта таълим муассасасида ўқувчиларни иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти босқичма-босқич йўлга қўйилади.

Натижада, 76 та мактабда француз тили, 76 тасида немис, 37 тасида инглиз, 10 тасида корейс, 6 тасида хитой ва 3 тасида япон тиллари иккинчи хорижий тил сифатида ўқитилади. Шунингдек, ўқувчилар 10-синфдан бошлаб 64 та ишчи касб, 21 та соҳада тадбиркорликка, 10 та IT ва “креатив индустрия” йўналишидаги касбларга ўргатилади. Ушбу жараёнга ёшлар етакчилари ва ҳудуддаги таниқли тадбиркорлар жалб қилинади.

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич умумий ўрта таълим муассасаларида янги ўқув дастурлари амалиётга киритилади. Бунда:

  • умумий ўрта таълим муассасаларининг 1–4 синфларида ўқувчиларни илғор хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган дарсликлар бўйича ўқитиш;
  • 5–9-синфларда ўқувчиларга умумтаълим фанларидан таянч билимлар бериш;
  • 10–11-синф ўқувчиларининг қизиқиш ва қобилиятига мос бўлган ихтисослашган дастурлар асосида билим бериш амалиёти жорий қилинади.

Бунда, бошланғич синф ўқувчиларини жамоа бўлиб ишлаш, мулоқот қилиш, креатив ва танқидий фикрлаш кўникмалари асосида ўқувчини мантиқий фикрлашга, ўз фикрини ифода эта олишига ва дарсларда эркин муҳитни шакллантиришга эътибор берилади.

10–11-синфларда 14 та мажбурий фанлардан ҳафталик юклама 31 соатни ташкил этади. Такомиллаштирилган ўқув режа асосида 8 та мажбурий фан ва 2 та танлов фан (кимё-биология, математика физика, тарих-ҳуқуқ, она тили ва адабиёт-чет тили) танлаш имконияти яратилади.

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб республиканинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш йўлга қўйилади.

Жорий йилда бепул овқат бериш тизими билан 2,5 млн нафар ўқувчи қамраб олинади. Бунинг учун 2,7 трлн сўмга яқин маблағ ажратилади. 2022 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларида ушбу тизим билан 273 минг нафар ўқувчи қамраб олинган.

Мактабгача таълим қамровини кенгайтириш мақсадида, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб:

  • янги давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини кўп квартирали уйларнинг нотурар қаватларида ёки якка тартибда қурилган уй-жойларни сотиб олиш ва кейинчалик уларни реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш орқали ташкил этишга рухсат этилади;
  • давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасида ижарага берилган ер участкасида нодавлат мактабгача таълим ташкилоти биносини қурган хусусий шерикка ушбу бинони мазкур лойиҳа учун банк кредитлари бўйича гаровга қўйишга оид чекловлар бекор қилинади.

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб давлат грантлари коллеж ва техникумларнинг дуал таълим шакли бўйича ҳам ажратилади. Жорий йилда дуал таълим шакли бўйича давлат гранти асосида камида 5,7 минг нафар ўқувчи қабул қилинади.

Дуал таълим шаклида ўқувчи профессионал таълим муассасасида назарий билимларни олади ва бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқариш корхонасида меҳнат фаолиятини амалга ошириб, амалий кўникмаларини мустаҳкамлайди (Германия, Швейцария, Австрия тажрибаси).

2023 йил 1 сентябрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида малакали хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда Европа касбий таълим ва касбга ўқитиш сифатини таъминлаш тизими талабларига тўлиқ жавоб берадиган 1 тадан намунавий профессионал таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилиши мумкин.

Намунавий профтаълим муассасалари Европа Иттифоқи Комиссияси, Германиянинг Халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ), КФВ банки, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонасини, Кореянинг “ЕДЦФ” фонди билан биргаликда ташкил этилади.

Ушбу муассасалар фаолиятига замонавий стандартларни жорий қилиш учун уларга ўқув режа ва дастурларни, таълим шакли ва муддатини мустақил белгилашга рухсат этилади. Шунингдек, ҳар битта муассасага 4 нафардан хорижий эксперт жалб этилади.

Нодавлат таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш, соҳада лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш мақсадида 2023 йил 1 августга қадар:

  • нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини ташкил қилишда уларнинг электрон кутубхонаси, ахборот-ресурс марказлари, ўқитувчиларнинг тоифалари, бир синфда таълим олувчиларнинг максимал сонига қўйилган талаблар енгиллаштирилади;
  • нодавлат таълим ташкилотларига спорт зали ва талабалар дам олиш жойларини уларга ижара ва бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган биноларда ҳам ташкил этишга рухсат берилади.

Натижада, ортиқча ва асоссиз чекловлар бекор қилинишига эришилади ва хусусий мактаблар сони ҳозирги 334 тадан (умумий улушнинг 3 фоизидан) сезиларли оширилади.

Масалан, ҳозирги талаблар бўйича лицензия талабларига мувофиқ хусусий мактабларни ташкил қилиш учун:

  • битта синфдаги таълим олувчиларнинг максимал сони 1–4-синфларда – 20 нафардан, 5–9-синфларда – 24 нафардан, 10–11-синфларда – 20 нафардан ошмаслиги лозим. Давлат мактаблари учун бу талаб 30 нафарни ташкил қилади;
  • камида 30 та компьютер техникаси билан жиҳозланган электрон кутубхонаси, камида 5 та компьютер техникаси, сканер ва нусха кўчириш аппарати билан жиҳозланган ахборот-ресурс маркази, ўз стадиони (ўйин майдони) ва дам олиш жойлари бўлиши керак;
  • ўқитувчиларнинг 30 фоизи – мутахассислар, 30 фоизи – иккинчи, 30 фоизи – биринчи ва 20 фоизи – олий малака тоифали бўлиши лозим. 

Мавзуга оид