Жамият | 15:21 / 11.04.2019
30357
7 дақиқада ўқилади

Давлат тест маркази яна бир судда ютқазди. Абитуриентнинг талабага айланиши нега пайсалга солинмоқда?

Жиззахлик абитуриент Даврон Турсунов кириш имтиҳонида ўзининг талабага айланишига тўсиқ бўлган хатолик туфайли Давлат тест марказини судга бериб, бу судда ютиб чиқди.

Самарқанд тиббиёт институти қошидаги 1-сонли академик лицейда таҳсил олган Даврон Улуғбек ўғли Турсунов 2018 йилнинг ёзида Тошкент тиббиёт педиатрия институтига ҳужжат топшириб, август ойида имтиҳонга кирганди.

У синов натижалари бўйича 136,4 балл тўплаган, кириш балли эса 138,8 бўлгани туфайли талабаликка қабул қилинмаган. Шундан сўнг, у Давлат тест марказининг апелляция комиссиясига шикоят билан мурожаат қилган. Даврон Турсунов саволлар китобининг биология фани бўйича берилган 57-саволи юзасидан эътироз билдирган.

Савол мазмуни эса қуйидагича: «озиқ занжирида видра (йиртқич ҳайвон), балиқлар, қисқичбақасимонлар ва сув ўтлари бор. Учинчи тартиб консументларининг биомассасаси 32 кг бўлса, озиқ занжири барча компонентлари истеъмол қилган озиқнинг умумий биомассасини (кг) аниқланг».

А) 35520

В) 28000

С) 35552

D) 12832

Даврон Турсунов «А» вариантни тўғри деб ҳисобласа, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази эса «C» вариантни тўғри деб ҳисоблаган.

Шундан сўнг, Даврон Турсунов Юнусобод туман маъмурий судига Давлат тест маркази мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилади. Маъмурий иш 2018 йилнинг 10 декабрь куни Тошкент шаҳар Юнусобод маъмурий суди судьяси С.Кучкаров раислигида аризачи, унинг адвокати Б.Хамроқулов ва Давлат тест маркази вакиллари ишни кўриб чиқилади.

Суд томонидан аризачининг важларини текшириш мақсадида мутахассислар жалб қилинади. Уларнинг аксарияти абитуриент томонидан берилган жавоб тўғрилигини маълум қилишади. 

Шунингдек, аризачининг адвокати судгача бир нечта олий таълим муассасаларига сўровнома юборган. Абу Али Ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Навоий давлат педагогика институти, Самарқанд давлат тиббиёт институти, Самарқанд давлат университети, Гулистон давлат университети, Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали, Муқимий номидаги Қўқон давлат педагогика институти, Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиали, Бухоро давлат университети, Фарғона давлат университети, Наманган давлат университети, Тошкент давлат аграр университети Нукус филиали, Қарши давлат университети, Бердақ номидаги Қорақалпоғистон давлат университети, Урганч давлат университети ва бошқа олий ўқув юртлари шундай жавоб берган: озиқ занжирида видра (йиртқич ҳайвон), балиқлар, қисқичбақасимонлар ва сувўтлар бор. Учинчи тартиб консументларининг биомассаси 32 кг бўлса, озиқ занжири барча компонентлари истеъмол қилган озиқнинг умумий биомассаси 35520 кг.ни ташкил қилади. 

Озуқа занжиридаги барча компонентларнинг умумий биомассаси 35552 кг бўлиши, улар истеъмол қилган озиқнинг умумий биомассаси 35520 кг бўлиши, сабаби учинчи тартиб консумент видра бу озиқ занжиридаги организмларга озиқ бўлмаслиги, шунинг учун унинг биомассаси, яъни 32 кг озуқа занжиридаги компонентлар истеъмол қилган умумий биомассасига қўшилмаслиги таъкидланган.

Абитуриент судда ютиб чиқади. У шу хато туфайли йўқотган 3,1 балл (Тошкент тиббиёт педиатрия институтининг даволаш факультетига киришда биология фани «1-блок» саволлари туркумидан бўлиб, тўғри жавобга 3,1 балл берилади) аслида у жами 139,5 балл тўплаб талабага айланишини таъминлаши керак эди.

Бироқ, Давлат тест маркази хатосини тан олиш ўрнига Тошкент шаҳар маъмурий судига кассация шикояти беради. Иш 2019 йилнинг 27 февраль куни Тошкент шаҳар маъмурий судида раислик қилувчи Н.Усманова, судъялар Д.Жураев ва И.Мирзаевадан иборат таркибдаги ҳайъатда кўриб чиқилади.

Тарафлар фикрлари турлича бўлгани сабаб иш юзасидан комиссион суд-экспертизаси тайинланади. Уни ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси зиммасига юклатилади. Академиянинг 2019 йил 8 февралдаги хулосасига кўра, абитуриент тестга тўғри жавоб берган деб топилади ва Давлат тест марказининг апелляция шикояти рад этилади.

Давлат тест марказига абитуриентнинг жавобини тўғри деб ҳисоблаш, амалдаги тартиб бўйича баҳолаб, Тошкент тиббиёт педиатрия институтига талабаликка тавсия этиш мажбурияти юклатилади.

Қайд этиш керакки, бу Давлат тест маркази имтиҳондаги муаммоли ҳолат туфайли қисқа вақт ичида иккинчи бор судда ютқазмоқда. Бироз аввалроқ «Давлат тест маркази судда ютқазди: 48 сония кечиккан абитуриент учун адолат тикланадими?» сарлавҳали материалда ДТМ мутасаддилари бухоролик абитуриент Сарвиноз Ибрагимовани «48 сония кечиккани» важи билан Бухоро давлат тиббиёт институтига ўқишга киришга йўл қўйишмагани, алалоқибат судда адолат қарор топгани ҳақида баён қилинганди.

Ҳозирда Даврон Турсуновнинг қўлида ҳам Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилган суд қарори бор, лекин ўқув йили поёнига етиб боряпти ҳамки, у талаба бўлгани йўқ. Ваҳоланки, Юнусобод тумани маъмурий судининг ҳал қилув қарори ўтган йилнинг 10 декабрь санасида чиққан.

Давлат тест маркази суд қарори асосида юкланган мажбуриятини нега бажармаяпти? Даврон нега узоқ кутилган талабалик бахтига эришмаяпти? У қандай тартибда талабалар сафига қўшилади? Ўқув йили тугай деб қолганида талабаликка тасдиқланган тақдирда ҳам у семестрларни қандай ўзлаштиради? У судлашиб юрган вақтида қолдирган дарсларини қандай ўзлаштиради? У энди дарс қолдиргани учун талабалар сафидан четлатилишдек аҳмоқона вазиятга тушиб қолмайдими?

Яна саволлар туғилади. Даврон Турсунов ишида ҳам имтиҳонларда бериладиган айрим саволлар талабларга жавоб бермаслиги кўриниб қолди. Унгача ҳам тест синовларидаги кулгили саволлар кўп учраган. Қолаверса, Даврон Турсуновга тушган 57-савол имтиҳонда фақат бир унга тушмаган, ДТМнинг бу хатосидан бошқа минглаб абитуриентлар ҳам азият чеккан. Қолганлар ҳам тўғри жавоб берган бўлиши ва жавоб хато ҳисобланиб, улар ҳам муҳим баллардан мосуво бўлган бўлиши мумкин. Бироқ улар судлашмагани учунгина ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолаверади. 

Бу каби муаммоли вазиятларнинг ҳуқуқий  ечимини тегишли норматив ҳужжатларда белгилаш вақти етмадимикин?

Бу шуни кўрсатадики, Давлат тест маркази фаолиятида ислоҳотларга муҳтож ҳолатлар (жараёнлар) мавжуд.

P.S. Ҳурматли абитуриентлар! Агар сизда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар юзага келса, иккиланмай судга мурожаат қилинг. Меҳнатингиз натижаси учун охиригача курашинг.

 Зафарбек Солижонов

Мавзуга оид