Жаҳон | 21:29 / 08.02.2024
23832
3 дақиқада ўқилади

Зеленский Залужний билан хайрлашди

Гарчи тўғридан тўғри истеъфо тилга олинмаган бўлса-да, Украина президентининг сўнгги хабаридан шундай хулосага келиш мумкин. Украина президенти генералга «бундан кейин ҳам жамоада бўлиш»ни таклиф қилган.

Фото: Володимир Зеленскийнинг телеграм канали

Украина президенти Володимир Зеленский Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний билан учрашди ва унга «бундан буён ҳам жамоада қолиш»ни таклиф этди.

«Украинанинг икки йиллик мудофааси учун миннатдорчилик билдирдим. Украина қуролли кучлари қандай янгиланишларга муҳтож эканини муҳокама этдик. Шунингдек, Украина қуролли кучларининг янгиланган раҳбариятида кимлар бўлиши мумкинлигини ҳам гаплашдик. Ҳозир шундай янгиланишнинг айни вақти», — дея ёзган Зеленский. Украина президенти бу билан Залужнийнинг истеъфосини назарда тутганига аниқлик киритмаган.

Залужнийнинг ўзи ҳам Зеленский билан учрашгани ҳақида ёзиб, улар ўртасида «муҳим ва жиддий мулоқот» бўлиб ўтганини хабар қилган. «Ёндашув ва стратегияларни ўзгартириш зарур деб қарор қилинди», — дея ёзган Залужний гап истеъфо ҳақида кетаётганини очиқламаган ҳолда.

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Бош штабга, мудофаа вазирлигига ва Украина президентига миннатдорчилик билдирган. «Мен Украина қуролли кучлари сафида фарзандларимиз келажагини ҳимоя қилаётган ҳар бир киши билан фахрланаман. Барча аскарлар, сержантлар ва зобитлар. Украина ва озодлик учун жон фидо қилган ҳар бир киши қаршисида бош эгаман», — дея қўшимча қилган Залужний.

Кўп ўтмай Украина мудофаа вазири Рустем Умеров Украина қуролли кучлари раҳбариятини ўзгартиришга қарор қилингани ҳақида маълум қилди.

У Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийга миннатдорчилик билдирган, аммо «уруш ўзгараётгани ва ўзгаришларни талаб этиши»ни қўшимча қилган.

«2022, 2023 ва 2024 йиллардаги ҳарбий ҳаракатлар — уч хил реаллик. 2024 йил тайёр туриш керак бўлган янги ўзгаришлар билан келди. Янгича ёндашувлар, янгича стратегиялар даркор», — дея қайд этган Умеров.

  • Залужний истеъфога чиқиши мумкинлиги ҳақида маҳаллий нашрлар ва телеграм-каналлар ўз манбаларига таянган ҳолда 29 январ кунидан хабар бера бошлаганди. Уларнинг маълумотига кўра, Украина президенти бош қўмондонни учрашувга чақирган ва унга истеъфога чиқиши ҳақида хабар берган, аммо тегишли фармонни ҳали имзоламаганди. 
  • 4 феврал куни Зеленский италянларнинг Rai News 24 нашрига берган интервюсида Залужний ва умуман «фақат алоҳида ҳарбий секторда эмас, балки қатор давлат идораларида раҳбарларни алмаштириш тўғрисида ўйлаётгани»ни маълум қилганди.
  • 6 феврал куни «Украинская правда» ўз манбасига таяниб, Зеленский Залужнийга ўзи истеъфо бериши кераклигини айтгани, аммо генерал бунга рози бўлмагани ҳақида хабар берганди.

Мавзуга оид