Жаҳон | 14:27 / 18.06.2023
28144
18 дақиқада ўқилади

«Познан исёни»: Шарқий Европада СССР вассаллигига ва коммунистик тузумга қарши кўтарилган халқ қўзғолони қандай бостирилганди?

Бундан 67 йил аввал июн ойида Полшанинг Познан шаҳрида коммунистик тузумга қарши намойишлар бошланади. Одамлар Полша коммунистик тузумдан воз кечиши ва СССР таъсиридан қутулиши кераклигини талаб қилиб чиқишади. Намойишчилар «Йўқолсин СССР», «Йўқолсин коммунистик тузум» деб ёзилган шиорлар кўтариб олади. Шаҳарга тезда армия бўлинмалари киритилади ва қуролли қўзғолонга айланган намойишлар куч билан бостирилади.

Фото: Wikipedia

Иккинчи жаҳон уруши тугаши билан Шарқий Европада жойлашган Полша, Венгрия, Чехословакия, Руминия, Болгария, Югославия, Албания ҳамда Шарқий Германияда СССР томонидан коммунистик партиялар тузилиб, ҳокимият эгалланади. Шу тариқа улар Москва таъсири остига тушиб қолишади.

Ўша пайтда Шарқий Европа халқлари келажакда ўзларини нималар кутаётганини, советлар бошларига қандай кулфатлар солишини билишмасди.

Тез орада маъмурий буйруқбозликка асосланган коммунистик тузум уларга ўз зулмини ўтказа бошлайди. Шундан сўнг СССРга вассал бўлган коммунистик тузумларга қарши бир қанча намойишлар бўлиб ўтади.

Жумладан, 1953 йил 3 май куни Болгариядаги тамакини қайта ишлаш корхонасида, ўша йили 31 май 2 июн оралиғида Чехословакиядаги бир нечта корхоналарда, 15-18 июн кунларида ГДРда ишчилар маошлар камлиги, меҳнат шароити ёмонлиги баҳонасида коммунистик тузумга қарши намойишлар ўтказишади. Бу намойишларнинг барчаси аёвсиз тарзда бостирилади.

1956 йил июн ойида энди Познан шаҳри аҳолиси коммунистик тузумга қарши намойишлар бошлайди. СССР таъсири остида яшашни хоҳламаган познанликлар Полшада коммунистик тузум яккаҳокимлигига чек қўйишни талаб қилиб чиқишади. Намойиш совет раҳбариятига садоқат билан хизмат қилаётган ҳукумат буйруғи билан Полша ҳарбийлари томонидан бостирилади.

Ўшанда СССРда полякларнинг бу намойиши «империалистлар тарафдорлари ва америка долларига сотилганлар томонидан Полшада коммунистик тузумга қарши уюштирилган тартибсизликлар» деб талқин қилинади. Познандаги намойишлар социалистик лагерда коммунистик тузумга қарши ўтказилган биринчи йирик халқ норозилиги эди.

Познандаги намойишга сабаб бўлган ҳодисалар

Урушдан сўнг СССР таъсирига тушиб қолган Полшанинг биринчи президенти Болеслав Берут Сталин тузумини ёмон кўриб қолганди. Шунингдек, ўша даврда Полша ҳукумати раиси бўлган Юзеф Циренкевич ҳам зўравон Сталин тузумини унча ёқтирмаган.

Оқибатда, СССР раҳбарлари Сталин вафот этгунича Полшани «қонли қамчи» ёрдамида қаттиқ назоратда ушлашга мажбур бўлишади ва кўплаб одамлар ноҳақ қатағон қилинади. Бу Полша аҳолисида коммунистик тузумга қарши кайфиятнинг кучайишига сабаб бўлади.

1953 йил 5 март куни Сталин вафот этади. Шундан сўнг унинг даврида қатағонга учраган шахсларга тегишли жиноят ишлари қайта кўрила бошланади.

Полшада ҳам сиёсий айбловлар билан қамалган шахсларнинг ишларини қайта кўра бошлашади. Аммо ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг кўплаб жиноятлари ошкор бўлиб кетиши эҳтимоли борлиги учун ишлар жуда суст олиб борилади.

1956 йилда СССР раҳбари Никита Хрушчев партиянинг ХХ съездида «Шахсга сиғиниш ва унинг оқибатлари» ҳақида маъруза қилади. Хрушчев бу маърузасида Сталин даврида қилинган ишларни кескин қоралайди. «Халқлар доҳийси» деб таърифланадиган Сталиннинг ўзини «қонхўр ва золим эди» деб таърифлайди.

Ўша пайтда Сталин ўлганига бор-йўғи уч йил бўлган, мамлакатда ҳали унинг тарафдорлари кўп эди. Шу сабабли совет раҳбарининг съездда қилган маърузаси ҳеч қаерда эълон қилинмайди.

Бироқ орадан бироз ўтиб, Хрушчевнинг маърузаси матни бутун дунёга тарқайди. Ўша пайтда Полша компартияси нашри бўлган Trybuna Ludu газетаси ҳам маърузани поляк тилига ўгириб чоп этади.

Шундан сўнг Сталинга садоқат билан хизмат қилган кўплаб юқори лавозимли поляклар ишдан бўшатилади. Уларнинг бир қисми ҳибсга олиниб, тергов қилинади. Аммо шунча тозалашларга қарамасдан Полша раҳбарлари орасида Сталин тарафдорлари кўп эди.

Шу сабабли кўпчилик Сталин даврида Полшада содир этилган қатағонлар етарлича ўрганилмаяпти деган хулосага келади. Қолаверса маъмурий буйруқбозликка асосланган коммунистик тузум ҳукм сурган Полшада аҳолининг турмуш даражаси жуда паст эди.

Одамларнинг ночор аҳволи ахийри Познан шаҳрида одамларнинг коммунистик тузумга қарши оммавий намойишларга чиқишига сабаб бўлади.

Намойишларнинг бошланиши

Познан гарчи поляклар шаҳри бўлса-да, иккинчи жаҳон урушигача узоқ йиллар давомида Германиянинг Пруссия федерал ери таркибида бўлган ва уни немислар бошқарган.

Иккинчи жаҳон уруши тугагач Полшага Германиянинг анча ҳудуди қўшиб берилади. Познан ҳам Полша таркибига ўтади.

Познан йирик саноат шаҳри бўлиб, ўша пайтда у ерда Сталин номидаги йирик машинасозлик заводи жойлашган эди.

Ана шу заводда 1953 йилда ишчиларнинг маоши ва улар тўлайдиган солиқ масаласида можаро келиб чиқади. Ишчилар ўзларига кам пул берилаётгани, солиқлар эса оширилаётганидан норози бўлишади. Улар ўз ҳақлари заводда қолиб кетаётганини даъво қилишади.

Мазкур муаммо уч йилда ҳам ҳал қилинмайди ва ишчиларнинг норозилиги сақланиб қолади, сўнг кучайиб боради.

1956 йил феврал ойида Хрушчевнинг маърузаси Полша матбуотида эълон қилингач, ишчилар яна норозилик билдиришади. Улар завод раҳбарияти ва ҳукумат муаммога жиддий эътибор қаратмаганидан ёзғиришаётганди.

1956 йил 23 июн куни завод ишчиларининг норозиликларига бошчилик қилаётган касаба уюшмаси раҳбари Станислав Матя бошчилигидаги делегат Варшавага таклиф этилади.

Уларни Машинасозлик вазири қабул қилиб, барча талаблари бажарилиши ҳақида ваъда беради. Делегация ортга қайтади.

27 июн куни кутилмаганда Познандаги заводга Машинасозлик вазири келади ва завод ишчиларини тўплаб йиғилиш ўтказади. У ишчиларга мамлакатда вазият оғирлиги, шу учун маошларни оширишни ва мукофот пулларини тўлаб беришнинг иложи йўқлигини айтади.

Вазирнинг бундан бир неча кун аввал берган ваъдаларини унутиб бошқача гапириши ишчиларни жуда ғазаблантиради ва «учқуннинг олов олиб кетишига» сабаб бўлади.

Эртасига, 28 июн куни Полшадаги энг йирик завод бўлган Познан машинасозлик заводи ишчилари иш ташлайди. Кўп минг сонли ишчилар завод олдидаги кўчага йиғила бошлайди.

Фото: maciejszewczyk.poznanczyk.com

Бироздан сўнг улар Станислав Матя бошчилигида жойлашган шаҳар маъмурияти биноси томон юра бошлайди. Йўлда машинасозларга шаҳар транспорти, ободонлаштириш бошқармаси, текстил фабрикаси ва яна бир нечта корхоналар ишчилари қўшилади. Шу тариқа намойишчилар сони 100 минг кишига етади.

Намойишчилар ҳузурига Познан шаҳар партия қўмитаси раҳбари чиқади. Аммо ишчилар у билан музокара ўтказмасликларини айтишади. Улар Машинасозлик вазири Варшавадаги келишув шартларига амал қилишини хоҳлашларини айтишади.

Кўча жанглари

Намойиши аввалига тинч ўтади. Ишчилар ҳеч бир зўравонликка йўл қўйишмайди. Аммо уларнинг йўлини тўсиш учун милиция отрядлари ташлангач вазият ўзгариб кетади.

Познан шаҳар милицияси раҳбари Варшавадаги раҳбарлар билан боғланиб намойишчиларга қарши қурол қўллаш учун рухсат олади. Шунингдек, ҳудудга армия бўлинмаларини юборишни сўрайди. Шундан сўнг Варшавадагилар вазият жиддийлигини тушуниб етишади.

Намойишчилар «Йўқолсин болшивизм», «Йўқолсин СССР», «Йўқолсин қизил буржуазия», «Яшасин озод Полша» деган ёзувлар кўтариб олишади.

Орадан бироз ўтиб намойишчилар шаҳардаги асосий маъмурий биноларни эгаллаб олишади. Кўчаларда намойишчилар ва милиция отрядлари ўртасида тўқнашувлар бошланиб кетади.

Намойишчиларнинг бир қисми Қишлоқ хўжалиги техникуми ва Тиббиёт академияси ҳарбий кафедрасида сақланаётган қуролларни қўлга киритишади. Шундан сўнг улар Познандаги иккита қамоқхонада сақланаётган маҳбусларни озод қилишади.

Намойиш советларга қарши қўзғолонга айланиб кетади. Қўзғолончилар трамвай депосини ўзларига штаб қилиб қилиб олишади. Улар шаҳар милиция бошқармаси, суд ва прокуратура биноларини эгаллаб, у ердаги барча ҳужжатларни ёқиб юборишади.

Фото: poznan.wikia.com

Бироз ўтиб милиция ходимлари қўзғолончиларга қаршилик кўрсатмай ўз қуролларини топширади. Познандаги ҳарбий қисм қўмондони ҳарбийларга ва курсантларга қўзғолончилар томонидан эгалланмаган маъмурий биноларни қўриқлашни буюради.

Зирҳли техникалар ва механизациялашган қўшинлар ҳарбий мактаби раҳбари 300 нафар курсантни 16 та танк, 2 та зирҳли ва 30 та махсус машина билан «қуроллантириб», қўзғолончиларга қарши юборади. Бироқ шаҳар аҳолисига уларнинг кучи етмайди.

Қўзғолончилар курсантларга ҳужум қилишади ва улардан иккита танкни тортиб олишади. Қуролли тўқнашувларда ҳар икки томондан ҳалок бўлганлар бор эди.

Познанга армия бўлинмаларининг киритилиши

Курсантларнинг қўзғолончиларга кучи етмаслиги аниқ бўлгач Полша мудофаа вазири Константин Рокоссовский Полша компартияси сиёсий бюросига Познандаги қўзғолонни бостириш учун армия бўлинмаларидан фойдаланишни сўраб мурожаат қилади. Унга рухсат беришади.

(Рокоссовский – иккинчи жаҳон урушида қатнашган ўша машҳур совет маршали. Советлар урушдан кейин уни Полша мудофаа вазири қилиб тайинлаган эди)

Шундан сўнг Познанга армия бўлинмалари киритила бошланади. Жумладан, шаҳарга битта танк, иккита пиёда қўшинлар дивизияси кириб келади. Қўзғолонни бостиришга юборилган ҳарбийлар сони 10 мингдан ошиқ бўлиб, улар ихтиёрида 359 та танк, 67 та зирҳли транспорт ва ўзиюрар артиллерия қурилмалари бор эди.

Тушга бориб Познан аэропортига Варшавадан юқори лавозимли ҳарбийлар,Полша милицияси бошлиғи ўринбосари, Полша хавфсизлик қўмитаси бошлиғи ўринбосари, президентликдан кетиб бош вазир лавозимида ишлаётган Юзеф Циранкевич ва бошқалар етиб келишади.

Сталин ва Рокоссовский
Фото: tringlob.ru

Шу пайтда Познанга танкчилар ва пиёда қўшинларидан иборат ҳарбийлар ҳам кириб келади. Қўлига қурол олмаган намойишчиларнинг катта гуруҳи шаҳарга кириб келаётган танкларни «Яшасин армия» деб қичқириб, хурсандчилик билан кутиб олишади.

Бироқ танкларда келаётган ҳарбийлар уларга қарата ўт очади. Шунда намойишчилар армия бўлинмалари шаҳарга ўзларини қириб ташлаш учун келганини тушуниб етишади.

Шундан сўнг ҳарбийлар ва қўзғолончилар ўртасида кўча жанглари ва отишмалар бошланиб кетади. Қўзғолончилар яхши қуролланган 10 мингдан ошиқ ҳарбий қаршисида ожиз қолишади.

Гарчи кучлар тенг бўлмаса ҳам ҳарбийлар ва қўзғолончилар ўртасида кўча жанглари қарийб бир сутка давом этади. Ҳарбийлар фақат тонгга бориб шаҳарда тартиб ўрнатишга муваффақ бўлишади. Шундан сўнг қўзғолончиларни ҳибсга олиш бошланиб кетади.

1956 йил 29 июн куни бир томондан пана-пастқамда яшириниб қолган қуролли қўзғолончилар билан отишмалар, иккинчи томондан ҳибсга олишлар давом этади.

Шу куни кечга бориб Юзеф Циранкевич радио орқали Познан аҳолисига мурожаат қилади. Мурожаатдан кўра дўқ-пўписага кўпроқ ўхшаб кетадиган нутқида Циранкевич «Ҳар бир провокатор ёки халқ ҳокимиятига қўлини мушт қилмоқчи бўлган инсонлар билиб қўйсин, уларнинг қўлини қайириб қўйишга кучимиз етади» дейди.

30 июн куни Полшадаги газеталар «Познандаги корхоналарни иқтисодий таназзулга учратмоқчи бўлган, Полшадаги халқ ҳокимияти номига доғ туширган яширин ташкилот аъзолари ҳамда импералистлар жосуслари шаҳарда тартибсизликлар келтириб чиқаргани ва у ўз вақтида бартараф этилгани» ҳақида ёзиб чиқишади.

Фото: alamy.com

Расмий маълумотларга кўра қўзғолончилардан 58 киши ҳалок бўлган, қарийб 600 киши яраланган. Курсантлар, милиция ходимлари ва ҳарбийлардан 8 нафари ҳалок бўлган, 50 нафардан ошиғи ярадор бўлган.

Аммо ўша пайтда ошиқча шов-шув чиқармаслик ва СССРдаги раҳнамоларга юбориладиган ҳисобот учун ҳалок бўлганлар ҳамда яраланганлар сони бир неча баробар камайтириб кўрсатилгани айтилади.

Суд жараёнлари

Қўзғолонларни бостириш чоғида ва ундан кейин мингга яқин одам ҳибсга олинади. Уларнинг бир қисмини Полша КГБ ходимларига топширишади. Қолганларини милиция тергов қилади.

Тергов жараёнларида милиция ходимлари маҳбусларни аёвсиз калтаклашади. Улар орасида аёллар ва вояга етмаган болалар ҳам бор эди.

Айниқса, маҳбуслар орасида аввал ҳам қандайдир қоидабузарлик қилиб милиция рўйхатига тушганларни аёвсиз уришади ва уларнинг гарданига кўп ишларни илишади.

Масалан, ҳали 20 ёшга ҳам тўламаган Януш Кулас исм-шарифли йигит аввалроқ ёшлар ўртасида содир бўлган муштлашувда қатнашиб, милиция рўйхатида турган. Януш қўзғолон пайтида ҳибсга олингандан сўнг унга импералистлар агенти, босқинчилик ва талончилик бўйича айблов эълон қилишади.

1956 йил сентябр ойида суд жараёнлари бошланади. Айблов эълон қилинганларнинг қарийб барчаси турли йилларга қамалади. Шу тариқа Шарқий Европадаги коммунистик тузумга ва СССРга қарши йирик норозилик намойиши аёвсиз бостирилиб, ўн минглаб одамлар жазоланади.

Совет фуқаролари Познандаги ҳодисалар ҳақида

Ўша пайтда Полшада СССР таъсиридан қутулишини ва коммунистик тузумдан воз кечишини талаб қилиб ўтказилган намойиш совет мухолифати томонидан илиқ кутиб олинади.

Коммунистик тузум яккаҳокимлигига қарши бўлган совет фуқаролари Полшадаги ҳодисаларни диққат билан кузатишади. Улар 1956 йилда бирдагига иккита давлатда, Полша ва Венгрияда советларга қарши намойишлар ўтказилганидан сўнг коммунистик тузум узоқ яшамаслигини ва тез орада қулашини айтиб чиқишади.

Полшадаги намойишлар ҳақида у ердаги вазиятдан яхши хабардор бўлган совет фуқароларининг айримлари кейинчалик ўз хотираларини гапириб беришган эди.

Жумладан, таниқли тарихчи, Москва давлат университетида узоқ вақт ўқитувчилик қилган, коммунистик тузум танқидчиси бўлган Николай Обушенков Познан воқеалари ҳақида шундай ёзганди:

«1956 йил сентябр ойида биринчи марта Полшада бўлдим. Ўша пайтда Познан воқеалари бўйича суд жараёнлари кетаётганди. Полша шаҳарларини айланар эканман, Познан қўзғолончилари ҳақида даҳшатли гаплар эшитдим. Эмишки, улар одамларни тириклайин ёққан эмиш. Бошқа ваҳшийликлар қилган эмиш. Табиийки, бундай гаплар ҳар қандай инсонга таъсир қилади. Бироз ўтиб айрим ишларни кўриб, менда бундай ваҳимали гапларга нисбатан шубҳа туғилди. Судланувчиларнинг аксарияти 3-5 йил қамоқ жазоси олган эди. Агар улар одамларни тирик ёқишган бўлишса, нега бунча кам муддатга қамалишяпти?! Кейин билсам аслида воқеалар тамоман бошқача бўлган экан. Ўшандаёқ бир кун келиб социалистик тузумлар таназзулга учрашини тахмин қила бошлаганман».

Николай Обушенков (ўнгда)

Познан намойишлари пайтида талаба бўлган ва кейинчалик таниқли дубляж режиссёри ва таржимон бўлиб етишган Борис Пустинцев ҳодисаларини шундай эслаганди:

«Биз 1956 йилда Познандаги намойишчиларни қизғин қўллаб-қувватладик. Ўша ёзда Полшада содир бўлган воқеалар мен ва дўстларим учун туртки ва ўзига хос бурилиш нуқтаси бўлди. Биз ҳам нимадир қилишга уринишимиз керак деб қарор қилдик. Ўшанда йигирма ёш атрофида бўлган биз ёшларда барчаси осон ва табиий кўринарди. Ҳаракат қилинса ҳамма нарсани ўзгартириш мумкин деб ўйлардик. Бироқ тез орада бизга ўхшаганлар, яъни мамлакатда ислоҳотлар ўтказишни хоҳловчи ёшлар жуда кам эканини билдик. Совет фуқаролари ўзлари тўқиган ёлғонга ўзлари ишониб юрарди. Ҳатто Сталин қатағонларида азобланган фуқаролар ҳам Полшадаги намойишлар аёвсиз бостирилганини қўллаб чиқишди. Познанда ва сал кейинроқ Венгрияда содир бўлган ҳодисалар шуни кўрсатдики коммунистларнинг зўравонлик устига қурилган ҳокимияти асрлар бўйи давом этмайди. Тез орада йиқилади. Ўшанда Полша ва Венгриядаги қўзғолонлар коммунизм қалъасининг деворларига ёриқ туширган эди».

Совет тарихчиси ва коммунистик тузум танқидчиси бўлган Лев Краснопевцев ўша пайтдаги вазиятни шундай таърифлаганди:

«50-йилларнинг бошларида ижтимоий-сиёсий муаммолар ҳақида мустақил фикр юрита бошлаган Москванинг янги шаклланган зиёлилар қатламига мансуб ёшлардан бири эдим. Бизнинг фаоллигимиз, айниқса, Корея урушидан кейин ортиб кетди. Бу уруш бизга дунёдаги ҳақиқий вазиятни кўрсатди. Аммо 1953 йил Сталин вафотигача тузумдан норозилигимиз деярли юзага чиқмади. Партиянинг ХХ-съездидан сўнг (Хрушчёв Сталинни шу съездда қораланган эди) кейин Полша ва Венгриядаги вазият тобора кескинлашди. Москвадагилар вазиятни бироз юмшатиш учун Полша ва Венгрияда Сталин даврида ишлаган давлат раҳбарларини алмаштиришди. Бироқ бу иш ҳам вазиятни юмшатмади. 1956 йил ёзда Познан намойишлари юз берган пайтда Полшадаги ҳодисалар ҳақида фақат коммунистик тузум фойдасига тайёрланган расмий маълумотлар берилди. Бироқ мен воқеалар аслида қандай юз берганидан хабардор бўлишга, кейинги таҳлил қилиш учун имкон қадар кўпроқ маълумотга эга бўлишга ҳаракат қилдим. Познан намойишларидан сўнг 1956 йилнинг ёзида совет ёшларида Полшага катта қизиқиш пайдо бўлди».

Лев Краснопевцев

СССР парчалангач Полшада Познан ҳодисасига муносабат қандай бўлди?

Полша 1990 йилгача СССР таъсири остида бўлгани учун орада ўтган 34 йил давомида Познан қўзғолонини адолатли ўрганиш масаласи ёпиқ қолади.

1991 йилда СССР парчаланиб кетгач, Полшада Познан қўзғолони тафтиш қилинади ва унинг қатнашчилари миллий қаҳрамонлар деб эълон қилинади.

Шунингдек, Познан қўзғолонини бостиришда жонбозлик кўрсатган армия қўмондонлари, милиция бошлиқлари ва бошқалар сотқин номини олишади.

Жумладан, Познан қўзғолони вақтида Полша мудофаа вазири бўлган ва қўзғолонни бостиришда асосий буйруқларни берган Рокоссовскийнинг номи мамлакатлаги барча жойдан олиб ташланади. Унинг ҳайкаллари йиқитилади. Ўзи эса «СССРга садоқат билан хизмат қилган сотқин» деб таърифланади.

Бундан ташқари, Полшадаги кўплаб кўчалар ва бошқа жойлар қайта номланади. Коммунистлар даврида ишлаган давлат арбоблари ва бошқаларнинг номлари ўрнига Познан қўзғолонида қатнашган шахслар номи берилади.

2006 йилда Полша парламенти Познан қўзғолони бостирилган кунни Миллий хотира куни деб эълон қилади. Ўша йили Полшада ҳодисанинг 50 йиллиги кенг нишонланди.

Познандаги намойишларда ҳалок бўлганлар хотирасига ўрнатилган ёдгорлик
Фото: wikimedia.org

Ҳодиса муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирга Полша президенти Лех Качинский билан бирга Венгрия президенти Ласло Шойом, таниқли немис сиёсатчиси Хорст Кёлер, Чехия президенти Вацлав Клаус, Словакия президенти Иван Гашпарович қатнашади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид